Ўзбекистон | 21:22
604
3 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирлиги халқаро юк ташувчиларнинг рухсатномалари билан боғлиқ муаммо бўйича изоҳ берди

Божхона органида Ўзбекистон – Хитой йўналишидаги электрон рухсатномалар ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой коридори бўйича қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари (дозвол) серия рақамларининг бир-бирига ўхшаш эканлиги билан боғлиқ форс-мажор ҳолати юзага келган.

Транспорт вазирлиги ўзбек миллий ташувчиси томонидан олинган Хитой электрон рухсатнома бланкаси божхона органлари томонидан текширилганда ишлатилган бўлиб чиқаётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича изоҳ берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 2026 йилдан эътиборан Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Хитой Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда автомобил транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида электрон рухсатнома бланкалари (E-permit) тизимини жорий этган.

Шу билан бирга, айни дамда E-permit тизими билан бир қаторда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой транспорт коридори бўйича анъанавий қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари ҳам амалда қўлланилмоқда.

“Ўрганишлар жараёнида Ўзбекистон – Хитой йўналишидаги электрон рухсатномалар ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой коридори бўйича қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари (дозвол) серия рақамларининг бир-бирига ўхшаш (бир хил) эканлиги билан боғлиқ форс-мажор ҳолати юзага келганлиги ойдинлашди. Мазкур рухсатнома бланкаларини чиқариш учун масъул 2026 йилда раислик қилувчи Хитой томони эканлигини билдирамиз”, дейилади вазирлик изоҳида.

Қўшимча равишда билдирилишича, икки томонлама электрон рухсатномалар (E-permit) қуйидаги форматдаги серияга эга: UZ-CN-2026-C-XXXX (уникал рақам).

Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйича қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари (дозвол) фақат рақамли кўринишда бўлиб, ҳарфли серияга эга эмас.

Вазирликнинг қайд этишича, айнан божхона органида ҳужжатларни текшириш жараёнида Хитой электрон рухсатнома бланкасининг тўлиқ серия рақамлари билан тизимга киритилмаганлиги натижасида форс-мажор ҳолати юзага келган. Яъни E-permit уникал рақами Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйича ишлатиб бўлинган қоғоз шаклидаги рухсатнома бланка рақами билан бир хил бўлиб чиққан. Натижада тизим электрон рухсатнома ишлатиб бўлинган деган хулосани берган.

Айни дамда Транспорт вазирлиги Хитой ваколатли органлари билан ҳамкорликда ушбу вазиятни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Вазирлик халқаро юк ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларига чегара ва божхона органлари ходимларига мурожаат қилиб, рухсатнома ҳужжатларининг тўлиқ серия рақамларини тизимга киритиш ва текширишни сўрашни тавсия этган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид