17:37 / 29.05.2020
48662

2019 йилда 16 киши қийноққа солишда айбланиб қамалган, уларнинг аксари ИИВ ва ДХХ ходимлари – Светлана Ортиқова

2019 йилда қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолат тасдиғини топган ва айбдорлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг маълум қилишича, жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксарияти ИИВ ва ДХХ ходимларидир.

«Сўнгги вақтларда қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиши кузатилаётгани аҳолини ўринли ташвишга солмоқда. Мамлакатимизда 2017 йилда 7та, 2018 йилда 10та, 2019 йилда эса 16та қийноққа солиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноят (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) қайд қилинган, натижаси бўйича айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермайди. Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757та (2019­ йилда 208та, 2018 йилда 352та, 2017 йилда 197та) ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 33таси, яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, қийноқ билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбдорлиги исботланиб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксарияти ИИВ ва ДХХ ходимларидир. Шунингдек, прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ҳам шундай жиноятга қўл урилгани аниқланган», дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокурор ўринбосарининг сўзларига кўра Ўзбекистонда қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўлиқ мувофиқ эмас, бу эса мамлакатимизнинг нуфузига ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Index) Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йигирма йилда ижобий томонга ўзгармаган. Инсон тараққиёти индексининг баҳоловчи кўрсаткичларидан бири – инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, шу жумладан қийноқнинг олдини олиш бўйича халқаро шартномаларнинг ратификация қилиниши ва амал қилиниши ҳолатини акс эттиради.

«Республикада жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш тизимини йўлга қўйиш жиддий заруратга айланган, чунки жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб туриш жараёнида белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туриш, ушлаб туриш бошланган вақтни кечиктириб кўрсатиш, ғайриқонуний равишда ушлаб туриш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш ҳамда уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишларини такомиллаштиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Амалиёт таҳлил қилинганда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва уларга кўрсатилган ёрдам (ижтимоий, ҳуқуқий, психологик) масалалари бўйича аниқ статистик маълумотларни юритиш тизими йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Қийноқнинг барвақт олдини олиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва бошқа мутасадди органларнинг фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга оширишини йўлга қўйиш зарурати юзага келган.

БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси томонидан 2020 йил 14 январда билдирилган Ўзбекистонинг бешинчи даврий ҳисоботи бўйича якуний эътирозларда қийноқнинг олдини олиш тизимини халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек қийноқнинг барвақт олдини олиш, қийноққа доир мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, қийноқдан жабрланганларни реабилитация қилиш бўйича самарали ҳуқуқий, институционал механизмларни жорий этиш бўйича қатор тавсиялар берилган. Ушбу тавсияларни ҳисобга олиш зарурати қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади», дейди Светлана Ортиқова.

Брифингда Ўзбекистонда сўнгги уч йилда қийноқнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига 3 мингдан ортиқ аудио ҳамда видео ёзув ускуналари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида адвокатлар учун жиҳозланган 69та хона ташкил этилгани маълум қилинди.

Top