Спорт | 21:01 / 30.04.2026
21477
2 дақиқада ўқилади

Доммаражу – Синдоров: жаҳон шахмат тожи учун ўтказиладиган ўйин санаси белгиланди

Жаҳон шахмат тожи учун амалдаги чемпион Гукеш Доммаражу (Ҳиндистон) ва даъвогар Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон) ўртасидаги ўйин 2026 йил 23 ноябрдан 17 декабргача бўлиб ўтади, деб хабар беради Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) сайти.

Фото: Fide.com

Ушбу баҳс шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун тарихдаги энг «ёш ўйин» бўлиши кутилмоқда – беллашув бошланишида иккала спортчи ҳам 20 ёшда бўлади.

Ўйиннинг минимал соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади, тадбирнинг умумий бюджети эса 8,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

Амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу 2024 йил декабрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган жаҳон шахмат тожи учун ўйиннинг 14-турида хитойлик Дин Лижэнни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган эди. У 18 ёшида FIDE тарихидаги энг ёш жаҳон чемпиони бўлди ва 1985 йилда 22 ёшида Анатолий Карповни мағлуб этган Гарри Каспаровнинг рекордини ортда қолдирди.

Унинг рақиби ўзбекистонлик гроссмейстер Синдоров Кипрнинг Пафос шаҳрида бўлиб ўтган 2026 йилги даъвогарлар турнирида муддатидан олдин ғалабага эришди. У турнирда 14 очкодан 10 очко билан ғалаба қозонди, бир марта ҳам мағлуб бўлмади: олтита ғалаба ва саккизта дуранг.

Ўйин регламенти 2026 йил 1 июлгача тасдиқланиши керак. Одатда ўйин 14 та партиядан иборат бўлади. Ғолиб чиқиш учун 7,5 очко жамғариш кифоя - кимдир бу маррага олдинроқ эришса, матч муддатидан олдин тугайди. 7:7 ҳисоби бўлганда – тай-брейк ўйналади.

Тадбир мезбонлиги учун аризаларни қабул қилиш 31 майда якунланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид