Ўзбекистон | 19:41 / 12.09.2024
2778
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотлари ва ҳокимликларнинг 2 мингдан ортиқ ноқонуний қарори бекор қилинди

2024 йилнинг 6 ойи давомида давлат ташкилотлари, мансабдор шахсларнинг 1725 таси қарори, маҳаллий ҳокимликларнинг эса 481 та қарори судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, ПФ-200-сонли президент фармони билан Олий судга ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари ноқонуний чиқаргани учун бекор қилинган қарорлари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Олий суднинг интерактив хизматлар портали — my.sud.uz’да бундай тартиб йўлга қўйилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ундаги маълумотларнинг ўз вақтида ва сифатли жойлаштирилишини монитор қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг 6 ойи давомида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек маҳаллий ҳокимликларнинг жами 2206 та қарори судлар томонидан бекор қилинган.

Хусусан, мазкур даврда маъмурий судлар томонидан маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас деб топишга доир жами 3933 та иш кўрилган, уларнинг 1725 таси қаноатлантирилган.

Жорий йил биринчи ярмида маҳаллий ҳокимлик қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилишига оид жами 1397 та иш кўрилган ва шундан 481 таси қаноатлантирилган.

Мавзуга оид