Жаҳон | 22:26 / 15.10.2025
10514
3 дақиқада ўқилади

Асад ҳукумати ўз жиноятларини яшириш учун оммавий қабрларни кўчирган – ОАВ

Башар Асад ҳукумати 2019 йилдан 2021 йилгача режим жиноятларини яшириш учун ўн минглаб жасадларни оммавий қабристондан бошқа жойга кўчириш бўйича махфий операция ўтказгани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

Сурия собиқ президенти Башар Асад ҳукумати 2019 йилдан 2021 йилгача режим жиноятларини яшириш учун ўн минглаб жасадларни оммавий қабристондан бошқа жойга кўчириш бўйича махфий операция ўтказди, деб аниқлади Reuters агентлиги ўз суриштирувида.

Қайд қилинишича, оммавий қабристон Дамашқнинг шимоли-шарқида жойлашган Ал-Қутайфа шаҳри ҳудудида жойлашган эди. У ерда 2012 йилдан бери Суриядаги фуқаролар уруши даврида қамоқхоналар ва ҳарбий ҳоспиталларда вафот этган аскарлар ва маҳбуслар дафн этилган. Reuters сунъий йўлдошдан олинган суратларда узунлиги 15 метрдан 160 метргача бўлган 16 та дафн хандақларини аниқлади.

Сурия Республика гвардияси собиқ зобитининг агентликка айтишича, 2018 йил охирида жасадларни кўчириш ғояси пайдо бўлган. Бу билан бир неча йил давомида шафқатсизлик ва оммавий қатағонларда айбланган Асад (гарчи қамоқхоналар ва қабрларга мустақил кириш имкони бўлмаса-да) дунёдаги обрўсини тиклашга умид қилган.

2019 йил феврал ойидан 2021 йил апрелигача деярли ҳар ҳафта олти-саккизта юк машинаси Ал-Кутайфадаги қабрдан бир неча ўн километр узоқликдаги Думейр шаҳри яқинидаги чўлда жойлашган янги жойга жасадларни олиб кетган. У ерда Reuters сунъий йўлдош тасвирларида узунлиги 20 дан 125 метргача бўлган камида 34 та траншеяни кўрди. Далиллар ва ўлчамлар у ерда ўн минглаб одамлар дафн этилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишга имкон беради.

Икки юк машинаси ҳайдовчиси ва собиқ офицер сўзларига кўра, ташишдан мақсад Ал-Қутайфадаги оммавий қабристонни тозалаш ва оммавий қотиллик далилларини яшириш бўлган. Асад режими қулаган пайтда Ал-Қутайфадаги барча 16 та траншея жасадлардан тозаланган.

Сурия собиқ президенти Башар Асад

Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг фикрича, Асад тузуми даврида 160 мингдан ортиқ киши бедарак йўқолган, улар ўнлаб оммавий қабрларга дафн этилган. Reuters агентлиги Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ҳукуматига суриштирув натижалари ҳақида маълум қилди. Ҳукумат агентлик саволларига жавоб бермади.

Сурияда Башар Асад режими 2024 йил 8 декабрда, мухолифат кучлари Дамашққа кириб, ҳукуматни ағдарганини эълон қилганида қулади. Асаднинг ўзи Россияда яширинган ва баъзи маълумотларга кўра, оиласи билан Москвада яшайди. Суриянинг янги ҳукумати Башар Асадни суд қилиш мақсадида топшириш бўйича Россияга мурожаат этган, аммо рад жавобини олган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид