Аёллар дунёси | 15:18 / 23.09.2025
6830
6 дақиқада ўқилади

Ифлос ҳаво — ҳомиладор аёллар учун кўринмас таҳдид: Тошкентдаги реал хавф ҳақида сукут сақланяпти

Тошкент ҳамон ҳавоси энг ифлос шаҳарлар қаторида етакчи. Бу нафақат умумий соғлиққа, балки ҳомиладор аёллар учун ўта хавфли ҳисобланади. Илмий тадқиқотлар ҳавода PM2.5 каби майда зарралар концентрациясининг ошиши эрта туғуруқ, ҳомиланинг кам вазн билан туғилиши, ҳатто ҳомила ривожланишидаги жиддий муаммолар билан боғлиқлигини исботлаган. Бироқ бу ҳолат Ўзбекистонда муаммо сифатида тан олинмаяпти.

23 сентябр куни берилган маълумотларга кўра, Тошкент дунё бўйича ҳавоси ифлос шаҳарлар орасида 6-ўринда турибди. Ҳавода майда ПМ2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 146 мкг/м³ ни ташкил этади ва бу “зарарли” кўрсаткич. Бу кўрсаткичнинг инсон саломатлигига қанчалик зарар эканлиги маълум қилинган. Аммо назардан четда қолаётган яна бир катта хавфи ҳақида ҳеч ким ўйламаяпти ёки айтилмаяпти. Ҳавода PM2.5 зарраларининг кўпайиши ҳомиладорлар учун ўта хавфли.

Ифлосланган ҳаводаги моддалар (масалан, PM2.5, озон, углерод оксидлари) плацентага таъсир қилиб, ҳомиланинг нормал ривожланишига халақит беради, вақтидан аввал туғилиш хавфини оширади, чақалоқнинг тана вазни паст бўлишига олиб келади.

Тадқиқотлар (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Harvard Health) шуни кўрсатмоқдаки:

  • PM2.5 ва NO₂ каби зарарли заррача ва газлар плацента тўсиғини бузиши мумкин;
  • Улар аёл организмида қон айланишини қийинтиради, кислород етишмовчилигига сабаб бўлади;
  • Бу эса ҳомиланинг нормал ривожланишига халақит бериб, эрта туғуруқ хавфини 30-60% гача оширади.

Дунёнинг қатор мамлакатларида бу ҳолат юзасидан тадқиқотлар ва таҳлиллар олиб борилган. Масалан, Тайванда ўтказилган тадқиқотда PM2.5 ифлосланиш даражаси юқори бўлган жойларда ҳомиладорлик давридаги зарар таҳлил қилинган. Ҳомиладорликнинг 2-ярмида PM2.5 даражасининг ҳар 10 мкг/м³ га оширилиши эрта туғуруқ хавфининг сезиларли даражада ошишидан хабар беради.

2014-2019 йилларда ўтказилган (беш йил давом этган) яна бир тадқиқот ҳам буни тасдиқлаган. Унда 633,516 нафар ҳомиладор аёллар қамраб олинган. Бунда ҳам PM2.5 даражасининг ҳар 10 мкг/м³ га оширилиши эрта туғуруқ хавфини сезиларли даражада ошириши аниқланган. Эронда эрта туғилиш ҳолатлари ошиб кетгани ортидан буни ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳавода PM2.5 зарраларининг камайиши ортидан муаммонинг ифлос ҳаво билан боғлиқлиги аниқланди.

Иронда 3.8 миллиондан ортиқ туғилиш маълумотлари билан ўтказилган ушбу таҳлилда, PM2.5 зарралари ошиши эрта туғруқ хавфини ошириш билан боғлиқлиги ва ҳомиладорликнинг 2-ярмида юқори даражада таъсирчанлиги қайд этилган.

Ўзбекистонда бу муаммо сифатида тан олинмаган

Эрта туғуруқ – болалар ўлимига катта таъсир кўрсатувчи глобал соғлиқни сақлаш муаммосидир. Ифлос ҳаво оқибатида юзага келаётган ва ортиб бораётган бу ҳолат дунё мамлакатларида ўрганилмоқда. Эрта туғилган чақалоқлар одатда ҳаёт давомида салбий оқибатларга олиб келадиган кўпроқ хавф-хатарларга дуч келишади, шу жумладан болаликдаги интеллектуал ва психиатрик бузилишлар ва катталарда сурункали касалликларнинг эрта бошланиши кузатилиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2020 йилда дунё бўйлаб 13,4 миллион эрта туғилган чақалоқлар туғилган, бу барча тирик туғилганларнинг ўндан бир қисмини ташкил қилади. Эътиборлиси шундаки, эрта туғуруқларнинг 90% дан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ҳудудларида содир бўлган, бу ҳудудларда аҳолининг катта қисми ёмон ҳаво сифатидан азият чекади.

Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши ортидан келадиган касалликлар: аллергия, ошқозон ва ўпка касалликлари, бронхиал астма, нафас қисиши, бош оғриғига қарши кўрсатмалар мавжуд. Аммо эрта туғуруқ хавфидан огоҳлантирувчи манбалар топилмайди. Тошкентда аксарият туғуруқхоналарда ҳомиладорларнинг ўз вақтидан эрта туғаётгани қайд этилмоқда. Лекин бу бўйича аниқ маълумот йўқ. Kun.uz бунга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан расмий маълумот сўради. Аммо эрта туғуруқлар бўйича вазирлик эмас, статистика қўмитаси маълумот бериши айтилди. Статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда респбликамизда эрта туғуруқлар сони ошган. Масалан, 2017 йилда 6359 нафар чақалоқлар муддатидан аввал дунёга келган бўлса, 2024 йилда бу рақамлар 11156 нафарга ошган. Рақамлар ошган, ҳаво ифлосланиши давом этмоқда, чоралардан эса дарак йўқ. Демак, бу ҳолатлар ҳали бизда муаммо сифатида кўрилмаяпти. Аслида эса ифлос ҳаво — бола ва она саломатлиги учун сукут қилиб бўлмайдиган таҳдид ҳисобланади.

Ҳомиладор аёллар ўзини қандай ҳимоя қилиши мумкин?

Ҳомиладорлар яшаётган уйдаги ҳавони тоза сақлаш учун доимий шамоллатиб туриши, лекин тирқиш ва чангдан сақланиши керак. Хонада табиий намлагичлар – гуллар, нам салфеткалар, аквариумлар сақлаш фойдали. Ҳаво тозалаш қурилмаларидан фойдаланиш керак.

Кўчада имкон қадар автомобиллар кўп юрадиган йўллардан узоқроқ юриш, ифлослик юқори бўлган кунларда (айниқса қишда ва шамолсиз кунларда) ниқоб тақиш — PM2.5 фильтрли махсус ниқоблар тавсия этилади. Эрталаб эрта ёки кечқурун ҳаво нисбатан тоза бўлади — сайр учун шу вақтларни танлаш ва иммунитетни мустаҳкамлаш лозим.

Мавзуга оид