Бир неча кундан бери Тошкент ва унга қўшни ҳудудлар аҳолиси ўта ифлос ҳаводан нафас олиб яшамоқда. Президент 25 ноябр куни кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрсатилган фармонни имзолади. Kun.uz суҳбатлашган об-ҳаво бўйича мутахассислар фикрича, қисқа муддатда ҳозирги муаммога ечим топишнинг имкони йўқ. Жамоатчилик фаолларига кўра эса, давлатнинг экосиёсатига масъул идоралар халққа нима бўлаётганини доимий тушунтириши керак.
Охирги бир неча кундан бери Тошкентнинг ҳавоси доимгидан-да ифлосланди, қуюқ чанг зарралари тўпланиб қолиб, аҳоли бундай носоғлом ҳаводан нафас олмоқда. Ҳаво сифати бўйича рейтингда ҳам пойтахт кетма-кет дунё бўйича энг ифлосланган ҳудуд бўлди. Ўзбекистон президенти 25 ноябр куни кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда экологик чоралар кўрсатилган фармонини имзоларкан, ҳужжатга мувофиқ махсус комиссия тузилди. Мана шу комиссия эса фармонда кўзланган чораларни кўради.
Kun.uz билан суҳбатлашган Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори фикрича, Тошкент азалдан чанг белбоғида жойлашган ва шамолнинг ҳаракатлари ўзгариб бормоқда.
“Қисқа вақт ичида Тошкентдаги бундай ифлос ҳаво билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун имкон йўқ”, дейди у.
Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Азимжон Нарзуллаевнинг айтишича эса ҳар йиллик инверсия ҳодисаси сабаб чанг ҳавода тўпланиб қолди.
“Инверсия бу — атмосфера қатламларида ҳаво ҳарорати баландлик ошган сари пасайиш ўрнига, аксинча кўтарилиши билан юзага келадиган метеорологик ҳодиса. Бизда эса бу йил қурғоқчилик йили, ноябр бошидан бери ёмғир ёғмади. Шунинг учун кўтарилган чанглар ҳавода туриб қолди”, дейди об-ҳаво бўйича мутахассис.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, бутун халқни қийнаётган саволларга вақтида жавоб қайтариш, аҳоли билан соғлом мулоқот лозим.
“Буни фожиа эмас-у, миллий ташвиш деб атаган бўлардим. Тошкентнинг эгаси ким, албатта, ҳоким бўлади. Лекин шунақа вазият бошланганидан бери бирор марта чиқиш қилиб, икки оғиз гапирганини кўрмадим. Ёки бўлмаса, давлатнинг шунча пулини олаётган МТРК, маънавият марказлари бор. Ҳеч ким ҳеч нима демади ва бу одамларда саволларни, ташвишни кўпайтирмоқда”, дейди Ташанов.













