Спорт | 23:56 / 10.08.2024
21817
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бокс жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев юрак хуружига учради

Ўзбекистон бокс жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев Париждаги «Ролан Гаррос» аренасида Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпиада чемпионлиги нишонланганидан сўнг юрак хуружига учради. 

Фото: МОҚ

Воқеа кийиниш хонасида рўй берди. Дастлаб биринчи ёрдам кўрсатилди, аммо 2-3 дақиқада ҳам мураббий ўзига келмади. 

Яхши ҳамки, ўша вақтда Британия жамоаси шифокорлари Ҳарж Сингҳ ва Робби Лиллис яқинроқда бўлишган. Улар зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишган — дефибриллиатор ёрдамида Қиличевнинг ҳаётини сақлаб қолишган. Сўнг мураббий шифохонага юборилган. 

Хуруж сабаб мураббий шогирдлари — Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Лазизбек Мулложонов иштирокидаги финалларни ўтказиб юборди. 

Kun.uz манбасига кўра, Тўлқин Қиличев ҳозирда шифохонада ва муолажалардан сўнг унинг ҳолати барқарор.

Мавзуга оид