Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биз атом бомба портлади деб ўйладик» – 645 киши вафот этган темирйўл ҳалокатига нима сабаб бўлганди?
1989 йилда Уфа яқинидаги темирйўлда иккита йўловчи поезди ёнма-ён бўлган пайтда жуда кучли портлаш содир бўлади. Портлаш тўлқини ўнлаб вагонларини ҳавога ирғитиб юборади ва кучли олов туфайли 40 га яқин вагон ёниб кетади. Оқибатда ҳар иккала поездда бўлган 1 370 нафар одамнинг қарийб ярми ҳалок бўлади.
Фото: Kun.uz
Собиқ иттифоқ даврида кўплаб йирик темирйўл ҳалокатлари бўлган. Улар орасида 1989 йил 4 июн куни Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри яқинида содир бўлган ҳалокат алоҳида ажралиб туради.
Бу ҳалокат СССРда содир бўлган темирйўл ҳалокатлари орасида энг йириги ҳисобланади. Темирйўл остидан ўтган қувурдан сизиб чиққан газнинг портлаб кетиши туфайли иккита йўловчи поезд ҳалокатга учрайди. Оқибатда 645 киши ҳалок бўлади, 623 нафари эса турли даражада тан жароҳатлари олади.
Ҳалокатдан аввалги вазият
1981 йилда 1 852 километр узунликда Ғарбий Сибир-Урал-Волгабўйи магистрал газ қувури ётқизилиши бошланади. Қувурнинг ўлчами 720 миллиметр бўлиб, лойиҳани амалга ошириш «Миннефтпром» ва «Мингазстрой»га топширилади.
Ётқизиладиган газ қувурларининг йўналиши 14 та жойда темирйўлни кесиб ўтиши лозим бўлиб, улардан тўрттаси электрлаштирилган темирйўл участкаларидан ўтиши белгиланганди.
Лойиҳа тайёр бўлгач, «Нефтепроводмонтаж» қурилиш-монтаж трести қувурларни ётқиза бошлайди.
Газ қувури линияси қуриб битказилгандан сўнг ундан юқори босим билан сиқилган газ ва бензин аралашмасидан иборат енгил углеводородлар узатила бошланади.
Магистрал газ қувурининг бир қисми Транссибир магистрал темирйўлининг Бошқирдистон АССРдаги Иглин тумани ҳудудидан, Улу-Телак – Аша участкасидан ўтган эди.
Ана шу жойда қувур ёрилиб, ҳавога кўп миқдорда газ чиқа бошлайди. Ҳалокат содир бўлишидан уч соат аввал газнинг бир қисми ҳавога чиқиб кетаётгани учун қувурда босим пасаяди.
Навбатчи ходимлар газ сизиб чиқаётган жойни излаб топиш ўрнига босимни кўтариш учун кўпроқ газ ҳайдай бошлайди. Ўз навбатида ҳавога чиқиб кетаётган газ миқдори ҳам янада ошади.
Газ энди сизиб чиқа бошлаганда носозлик юз берган жойдан ўтиб қайтаётган поездларнинг машинистлари диспетчерларга ҳавода ёқилғининг жуда қўланса ҳиди борлиги ҳақида хабар беришади.
Қувурдан кетаётган газда ҳид бўлмаган, афтидан улар бензин ҳидини сезишган. Аммо темирйўл диспетчерлари бу хабарни эътиборсиз қолдиришади.
Ҳалокат тафсилотлари
1989 йил 4 июн куни тунда Новосибирск-Адлер ва Адлер-Новосибирск йўловчи поездлари Улу-Телак – Аша станциялари оралиғидаги темирйўлда учрашиб қолади.

Поездларнинг бири дам олувчиларни Қора денгиз бўйидаги шаҳардан Сибирга олиб қайтаётган, иккинчиси олиб бораётган эди. Поездларнинг бирида 18 та, иккинчисижа 20 та вагон бўлган ва уларда 1 284 нафар йўловчи, 86 нафар локомотив бригадалари аъзолари ҳамда вагон кузатувчилари бўлган.
Ҳар иккала поезд темирйўлда ёнма-ён бўлган пайтда тунда, маҳаллий вақт билан соат 1:14 да кучли портлаш содир бўлади. Ҳавога чиқиб ўша ҳудудда тўпланиб турган газ чақнайди ва темирйўл остидан ўтган газ қувури билан бирга портлайди.
Кучли портлаш ҳар икки поезддан 11 та вагонни составдан узиб, ҳавога улоқтириб юборади. Кучли олов туфайли улар бир зумда ёниб кетади. Қолган 27 та вагоннинг аксарияти ағдарилиб кетади, қолганлари ўрнида қолади ва улар ҳам ёна бошлайди.

Ҳодиса содир бўлган жойга қутқарувчилар етиб келгунча вагонларнинг аксарияти ёниб бўлади ва кўплаб одамлар ҳалок бўлади. Олов вагонларнинг ичига ўтгунча ундан тушишга улгурганлар турли даражада тан жароҳатлари олади.
Портлаш кучи
Расмий манбаларда портлаш кучи 250-300 тонна бўлган дейилса-да, кейинчалик унинг 12 килотонна бўлгани айтилган. Таққослаш учун Хиросимада портлаган атом бомбасининг кучи 16 килотонна бўлган.
Портлаш туфайли ҳодиса юз берган жойда 300 метр узунликда ернинг 4 сантиметрдан 40 сантиметргача бўлган юза қавати ўпирилиб кетади. 37 та вагон, иккита локомотив, 250 метр узунликдаги темирйўл, 3 километр алоқа тармоғи, 30 та бетон устун ва жами 17 километр узунликдаги электр линияси яроқсиз ҳолга келади.
Бундан ташқари, портлаш тўлқини ҳодиса жойидан 10 километр нарида бўлган Аша шаҳарчасидаги уйларда дераза ва эшикларнинг ойналарини синдириб юборади.
Портлаш вақтида ҳавога кўтарилган оловни тунда ҳодиса жойидан 100 километр узоқликдаги одамлар ҳам кўришган. Ҳодиса туфайли содир бўлган ёнғин 250 гектар майдонни ўраб олади. Портлаш содир бўлганда воқеа жойида ҳарорат 1000 даражадан ҳам иссиқроқ бўлади.
Портлаш тўлқини вагон бўлакларини 5-6 километрга, бетон устунларни эса парчалаб, ундан ҳам узоқроққа улоқтириб юборади.
Ўшанда онаси ва 10 ёшли акаси билан ҳалокатга учраган поездлардан бирида бўлган 4 ёшли Наталя Хуснутдинова кейинчалик воқеаларни шундай эслаганди:
«Ўшанда онам, акам ва мен поездда кетар эканмиз, портлаш содир бўлганда бир зум танамизда иссиқ ҳароратни ҳис қилдик ва барчамиз оёқ остига йиқилиб тушдик. Биз ўтирган вагон охирроқда бўлгани учун ағдарилмаганди. Аммо ўрнимиздан турганимизда вагонда на полка, на эшик ва на дераза, ҳеч нарса қолмаганди. Амаллаб ташқарига чиқдик ва анча пайт ўтирдик. Ўшанда танамизнинг очиқ жойлари куйиб кетган ва оғриққа чидаб бўлмасди. Атроф жуда даҳшатли эди. Кимдир инграр, яна кимдир жон берарди. Қутқарувчилар етиб келганидан сўнг болаларни алоҳида, катталарни алоҳида олиб кета бошлашди. Йўлда кетар эканмиз, болаларнинг баъзиларини сочи йўқ, баъзиларнинг кийими йўқ, териларининг бир қисми куйиб кетган эди. Мени, Уфадаги акам ва онамни Москвадаги шифохонага олиб кетишди. Барчамизнинг ҳаётимизни сақлаб қолишди, аммо танамиздаги куйган жойлар ўрни бир умрга чандиқ бўлиб қолди».
Ҳалокат оқибатларини тугатиш
Портлаш содир бўлган жой етиб бориш бироз машаққат бўлган тоғли ҳудудда эди. Портлашдан бироз ўтиб тирик қолганлар ярадор бўлганларнинг вагонлардан чиқиб олишига ёрдамлаша бошлайди.
Кейинроқ ҳодиса жойига кўплаб ФВВ қутқарувчилари, 1 200 нафар ҳарбийлар, минглаб тиббиёт ходимлари етиб келишади. Ҳалокат оқибатларини бартараф этишда 45 та вертолёт, 138 та тез ёрдам машинаси, юзлаб автобуслар қатнашади.
Қутқарувчилар ҳодиса юз берган жойдан 258 та жасадни йиғиштириб олишади. Турли даражада тан жароҳати олган 806 нафар одам зудлик билан Қизил тонг, Улу-Теляк ва Ашу посёлкаларидаги шифохоналарга жойлаштиришади.
Портлаш эпицентрида бўлган ва ҳодисада бутунлай йўқ бўлиб кетганлар бедарак йўқолган деб қайд этилади.
Ҳодисада ҳалок бўлган Лена Абдулинанинг отаси Салават Абдулин ҳодисани шундай эслаганди:
«Ҳодиса ҳақида эшитгандан Ашага етиб бордим. Тирик қолганлар рўйхатидан қизимнинг исм-шарифи чиқмади. Балки тасодиф туфайли рўйхатга кирмай қолгандир деб, уни касалхоналардан қидира бошладик, аммо тополмадик. Шундан сўнг ўликхонага бордик. У ерда бир қизчанинг жасадини кўрсатишди. Унинг териси куйиб кетган, танасининг ўлчамлари қизимники билан тенг эди. Уни олиб кетиб дафн қилдик. Шу тариқа, фарзандини тирик топа олмаган кўплаб ота-оналар ўзларига таскин бериши учун ҳам таниб бўлмас ҳолга келган болаларнинг жасадларини олиб кетишди. Ўшанда қизим билан дам олишга борган 24 нафар синфдошидан 21 нафари ҳалок бўлган эди».
Жароҳати енгилроқлар Уфа, Златоуст ва Челябинскдан келтирилган тез тиббий ёрдам машиналарида, аҳволи оғирроқлар эса МИ-2, МИ-8 вертолётлари ва АН-2 самолётларида ташилади.
Тан жароҳатлари олганлар ҳолатига қараб сараланади ва беморларнинг кўпчилиги Куйбишев (ҳозирги Самара), Қозон, Свердловск (ҳозирги Екатеринург), Новосибирск, Барнуал ва Москва шаҳарларидаги шифохоналарга олиб кетилади. Айримлари хорижий давлатларда даволанишади. Тирик қолганларнинг аксарияти бир умрга ногирон бўлиб қолишади.
Беморларни муолажа қилиш учун йирик шаҳарлардан тажрибали шифокорлар олиб келинади. Тиббий муолажаларга қарамасдан жароҳати оғир бўлганларнинг бир қисми шифохоналарда вафот этади. Шу тариқа, вафот этганлар сони 645 кишига етади. Ҳалок бўлганлардан 181 нафари болалар бўлган.
Кейинчалик, Улу-Телак қишлоғидаги шифохона врачи Николай Ермолюк шундай эслаганди:
Кучли портлаш тўлқини мени каравотимдан ирғитиб юборишига сал қолди. Ўрнимдан туриб деразадан қарсам узоқдан осмонга ўрлаётган олов кўринди. Ўшанда хаёлимга «Бизга душманлар ҳужум қилиб, атом бомбасини ташлади» деган ўй келди. Кейинчалик мутахассислар портлаш кучи ҳақиқатан ҳам атом бомба портлашига тенг бўлганини айтишди.
Шифокор Виктор Смолников шундай эслаганди:
«Ярим кечада менга қўнғироқ бўлди. Бизга яқин жойда поездлар ҳалокатга учрагани, шифохонамизга беморлар олиб келинаётганини, уларга зудлик билан ёрдам бериш кераклигини айтишди. Шифохонага етиб борганимда у ерда кўплаб автобусларни кўрдим, улардан ярадорларни туширишарди. Қисқа вақтда 120 ўринли шифохона тўлди. Одамларнинг аҳволига қараб бўлмасди. Кўпчиликнинг танаси турли даражада куйган эди. Шундан сўнг уларни саралай бошладик. Енгил жароҳат олганлар қолдирилди, ўртача ва оғирроқ аҳволда бўлганлар Уфа ва бошқа шаҳарларга жўнатилди».
Ҳодиса ҳақида хабар
1989 йил 4 июн куни соат 23:00 да (ҳалокатдан қарийб 1 сутка ўтиб) ТАСС ҳодиса ҳақида хабар тарқатади. Хабарда Челябинск-Уфа йўналишидаги темирйўл остидан ўтган йирик газ қувурида портлаш рўй бергани, оқибатда Новосибириск-Адлер, Адлер-Новосибирск йўналишида ҳаракатланаётган поездлар билан ҳалокат содир бўлгани ёзилганди.
Хабарнинг давомида ҳодисада одамлар ҳалок бўлгани, 4 июн куни тонгда СССР раҳбари М.Горбачёв ва бошқа раҳбарлар ҳодиса юз берган жойга жўнаб кетгани айтилганди.
Орадан бироз ўтиб, Компартия марказий қўмитаси ва СССР министрлар советининг қарори эълон қилинади. Унда, Уфа яқинида содир бўлган ҳалокатда кўплаб одамлар ҳалок бўлгани туфайли 5 июн мотам куни деб эълон қилинганди.
Ҳалокат сабабларини ўрганиш ва турли тахминлар
Ҳалокатга йирик газ қувуридан сизиб чиққан газнинг портлагани аниқ эди. Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун ташкил этилган ҳукумат комиссияси олдида қувур нега тешилганини аниқлаш вазифаси турганди.
Комиссиянинг расмий хулосасига кўра, газ қувурлари портлаш содир бўлган жойга ҳодисадан 4 йил аввал, 1985 йилда кўмилган ва ўшанда экскаватор қувурга шикаст етказган.
4 йил давомида қувурнинг шикастланган жойи тезроқ коррозияга учраган ва оқибатда ҳалокатдан бироз аввал тешилиб, ундан ҳавога жуда кўп миқдорда газ сизиб чиқа бошлаган.
Бошқа версияга кўра, газ қувурларни коррозиядан сақловчи электр линияси нотўғри тортилгани (йирик газ қувурларнинг коррозияга чидамлилигини ошириш учун улар ўтказилган жойларнинг тепасидан йирик электр тармоқлари ҳам тортилади) сабабли ҳалокат содир бўлган жойда қувур коррозияга учраган ва тешилиб, ундан газ чиққан.
Яна бир тахминга кўра, газ сизиб чиққан жойда поездлардан бири кескин тормоз берган ва оқибатда ғилдирак ва поезд йўлининг ишқаланиши туфайли келиб чиққан учқун портлашга сабаб бўлган.
Бошқа тахминга кўра, йўловчилардан бири сигарет қолдиғини айнан газ сизиб чиқиб турган жойда ташқарига улоқтирган ва оқибатда портлаш содир бўлган.
Шу ҳалокатгача СССРда поезд билетларини сотишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўралмаган. Ҳалокатда бутунлай ёниб кетганларнинг шахсини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Шу сабабли, ҳалокатдан кейин поезд билетларини сотишда йўловчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўралиб, улардаги маълумотлар журналларга қайд этила бошланади.
Айбдорларни жазолаш
Ўша пайтда ҳалокат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва кўплаб масъул шахслар тергов-суриштирувларга жалб этилади. Охирида уларнинг 9 нафарига айблов эълон қилинади.
Суд жараёнлари 6 йил давом этади ва айбланувчилардан икки нафари амнистия туфайли қамоқ жазосидан қутулиб қолади.
Қолган 7 нафар айбланувчи турли йилларга қамалади. Улар орасида газ қувурини тортган «Нефтепроводмонтаж» қурилиш-монтаж трести раҳбари ва унинг ўринбосарлари ҳам бор эди.
Кейинчалик, ҳодиса содир бўлган жойда биродарлик қабристони қилинади. 1992 йилда у ерда ёдгорлик монументи ўрнатилади.
Ғайрат Йўлдош тайрлади.
Мавзуга оид
22:16 / 03.06.2023
Ҳиндистондаги энг даҳшатли поезд ҳалокатлари
17:40 / 22.01.2017
Ҳиндистонда юз берган поезд ҳалокати оқибатида қурбон бўлганлар сони 36 кишига етди
15:24 / 06.01.2017
Покистонда поезд етти нафар мактаб ўқувчисининг ўлимига сабаб бўлди
18:44 / 10.12.2016