Спорт | 22:40 / 25.02.2018
18811
4 дақиқада ўқилади

«Навбаҳор» янги футболчиларини таништирди

Футбол бўйича 2018 йилги Ўзбекистон миллий чемпионати суперлигаси ўйинлари олдидан «Навбаҳор» клубининг янги логотипи ва янги футболчилари тақдимот маросими ўтказилди.

Наманган шаҳридаги «Марказий» ўйингоҳининг безатилган фойесида бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси раиси ўринбосари Олимжон Исаев, клуб футболчилари, клуб мухлисларидан ташкил топган фан-клуб аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.«Kun.uz» мухбири хабар беришича, стадионда мухлислар учун «Nafis teks group» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган клуб футболкалари, кепкаси, спорт либосларини сотувига мўлжалланган кўчма шохобча ташкил этилди. Шохобча ҳар галги ўйин олдидан мухлисларга хизмат кўрсатади. 

Маросимда қатнашган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Хайрулло Бозоров  миллионлар ўйини ихлосмандларини янги мавсум кириб келиши билан қизғин табриклаган. Жамоанинг янги логотипида акс этган лочин ўткир кўзи, доимо баланд марраларни кўзловчи, нишонни аниқ олиб, мақсад сари олға интилувчи ақлли, тез учадиган қуш эканини таъкидлаган. У мамлакат футболида ўз ўрнига эга бўлган «Навбаҳор» яна чемпионлик учун кураш олиб борадиган даври келганини айтиб ўтган.

Қайд этиш жоизки, «Навбаҳор» клубининг инфратузилмаси тубдан шакллантирилмоқда. Асосий жамоадан ташқари аёллар ва футзал жамоалари, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 17-сонли болалар-ўсмирлар футбол мактаби клуб ихтиёрига ўтказилди.

Ўтган мавсумда жамоа «кучли бешлик»ка киришига катта ҳисса қўшган 13 нафар футболчи клубда қолган. Жамоага 2 нафар хорижлик легионер ва ички чемпионатда тўп сурган бир қатор футболчилар жалб этилди. Кучли таркибни шакллантириш мақсадида «Лочинлар» сафига Сербиядан Томислав Пажович ва Недад Иняц, «Олмалиқ»дан Акбар Тўраев, «Пахтакор»дан Даврон Ҳошимов ва Беҳруз Садуллаев, «Бухоро»дан Зоҳир Пиримов ва Азамат Алланиёзов, «Металлург»дан Абхон Нўъмонов, «Динамо»дан Сардор Сулаймонов таклиф қилинди. 

Тақдимотда жамоа шарафини ҳимоя қиладиган, юқорида номлари тилган олинган футболчиларга янги мавсумда тўп сурадиган рақамлари ёзилган «Навбаҳор» либослари тантанали тарзда топширилди.

«Навбаҳор» клубининг янги логотипи лочин сурати акс этган қизил ва оқ ранглардан иборат. Таъкидланишича, формаларда тасвирланган қизил ранг футболчилар томирида оқиб турган жўшқин қон, оқ ранг эса поклик ва ёруғлик, эзгулик рамзини билдиради. 

Маросимда «Навбаҳор Лочинлари» бош мураббийи Илҳом Мўминожонов ҳамда жамоа сардори Дилшод Жабборов сўзга чиқиб, «Навбаҳор»ни юқори мақсадларни эгаллаш сари ундаётган ва қўллаб-қувватлаб келаётгани учун вилоят ҳокимлиги ҳамда клуб ҳомийларига миннатдорлик билдиришди. Улар янги мавсумда бир тан-у бир жон, аҳил жамоа сифатида чиройли ўйинлар кўрсатиб, суперлигада жамоа олдига қўйилган вазифани адо этишга ваъда беришди.

Эслатиб ўтамиз, «Навбаҳор» жамоаси илк марта суперлига номи билан юритиладиган 2018 йилги мавсумнинг биринчи тур учрашувини 2 март куни Бекободда маҳаллий «Металлург» клубига қарши ўтказади.

Мавзуга оид