Қайд этилишича, ҳудудда савдо мажмуаси, шунингдек, 12, 14 ва 16 қаватли 11 та турар жой биноси қурилиши режалаштирилган. Уларда жами 785 та хонадон бўлади. Бундан ташқари, аҳоли учун савдо маркази, болалар ўйин майдонлари ва автомобил тўхташ жойи ҳам қурилади. Лойиҳа қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 35 млн долларга баҳоланган.
Уч ой олдин Марғилоннинг айнан шу маҳалласида туризм маркази қурилишини ҳам вилоят ҳокимлиги эълон қилганди. 35 гектар майдонда жойлашувчи Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм марказида меҳмонхоналар, бозор, гастрономик марказ, масжид, музей, ётоқхона, илмий-тадқиқот маркази, тадбирлар зали, шунингдек, иккита истироҳат боғи мавжуд бўлиши айтилганди. Лойиҳанинг бош режасини эса турк компанияси ишлаб чиққан.











