Жамият | 19:57 / 14.06.2021
9527
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги: «16 ёшга тўлиб паспорт ёки яшаш гувоҳномасини олмаганлар 18 ёшгача жаримага тортилмайди»

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, Адлия вазирлигига айрим фуқаролар мурожаат қилиб, уларга чет мамлакатлардаги Ўзбекистон консуллик муассасалари томонидан 18 ёшга тўлмаган шахснинг ўз вақтида фуқаролик паспортини олмаганлиги сабабли уни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида огоҳлантиришлар келиб тушаётганлигини билдирган. Мазкур масала юзасидан вазирлик қонунларда белгиланган нормаларни эслатган.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмларида 18 ёшгача бўлган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган, Ўзбекистонда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан яшаш гувоҳномасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

«Шунга кўра, 16 ёшгача бўлган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт ёки яшаш гувоҳномасини (Ўзбекистонда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс) ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас», дейилади вазирлик муносабатида.

Вазирлик қандай ҳолатларда фуқаролар жаримага тортилишини эслатган. Таъкидланишича, Маъмурий кодекснинг 223-моддасига мувофиқ, фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобга турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши ёки эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган яшаш гувоҳномаси билан яшаши, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, яшаш гувоҳномасини қасддан яроқсизлантириши, эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид