НАТО таркибидаги Туркия БРИКСга қўшилмоқчи. Бу нимадан дарак?
Туркия ташқи ишлар вазири мамлакат БРИКСга қўшилиш истагида эканини айтиши билан, Россия қучоқ очиб кутиб олишини билдирди. Хўш, Анқаранинг ҳам НАТО, ҳам БРИКС таркибида бўлиши реалликка қанчалик яқин? Бу баёнотлар Туркияни қабул қилмаётган Европа Иттифоқига сигналми? “Геосиёсат” мавзуни иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул ва сиёсатшунос Бектош Бердиев билан муҳокама қилди.
— Туркиянинг БРИКСга қўшилишдан асосий мақсадлари нималар?
Шуҳрат Расул: БРИКС қандай ташкилот экани ҳақида икки оғиз дастлаб. Ташкилот ҳақида кўплаб давлатларда миф яратиляпти. Аслида, БРИКС институционаллашмаган бир клуб ҳисобланади, штаб квартираси ҳам, бошқарув аппарати ҳам йўқ, таъсис қилинганидан бери кўзга кўринарли қилган ягона иши Шанҳайда очилган банк бўлиб турибди. БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Оънил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИК деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда 10 та давлат бор. Ҳали ҳам институционаллашмаган, ҳар йили мезбон давлат ташкиллаштиради ташкилот доирасидаги алоқаларни.
Нега Туркия кирмоқчи? Сабаб БРИКСга аъзо давлатлар дунё иқтисодининг катта қисмини ташкил этиши ва турли қитъалардан экани. Туркия ўзини чорраҳа сифатида позициялайди, ўзининг географик жойлашувидан иқтисодий, сиёсий томондан фойдаланади. Айниқса, Саудия, Миср, Эфиопия БРИКСга қўшилишини билдиргач, Туркия учун яна ҳам муҳимлашди бу ташкилот. Иқтисодий мотивлар билан қараяпти Туркия, ташкилот ҳам иқтисодий ташкилот ўзи.
Бектош Бердиев: Туркия узоқ йиллар ЕИга киришга уринди, лекин ЕИ цивилизацион ва бошқа сабаблар туфайли Туркияни қабул қилмади. Туркия айтишича, ЕИ 30-40 йилдан бери Туркияни алдаб келяпти турли шарт, баҳоналар билан. Бугун Туркия ҳам дунё сиёсатида катта ўйинчилардан бирига айланди, шу сабаб Туркия эски мотивлар билан яшай олмайди, яъни ЕИга аъзо бўлиш, НАТОнинг иккинчи даражали аъзоси бўлиш (чунки НАТО асосий мафкураси атлантизм ғояси, Туркия эса бошқа цивилизация).
Бундан ташқари, бугун Туркияда неоусмонизм маданияти шаклланяпти. Туркия бир неча асрлар давомида катта ҳудудларни бошқарган империя вориси, бугун яна глобал сиёсатда империяча тафаккур билан иштирок этиш имконияти пайдо бўляпти. Лекин ЕИга қўшилиб ёки НАТОнинг иккинчи даражали аъзоси бўлиб ўзининг глобал манфаатларини амалга оширолмайди, янги майдон керак. Туркия учун БРИКС катта бозор, Ҳиндистон, Хитой энг ривожланаётган бозор, Россия эса энг катта хомашё бозори. ЖАР билан яхши муносабатлар Африкадаги таъсирни кучайтирса, Бразилия билан муносабатлар эса узоқ минтақага сиёсий кириб боришга имкон беради.
— Туркия ЕИ, Ғарб олдида қадрини ошириш учун ҳам шундай қилмаяптими?
Шуҳрат Расул: Йўқ. Прагматик танлов бу. Туркия иқтисоди ўтган йили 1 трлн 200 млрд долларлик натижа кўрсатди (жон бошига 11 минг доллар), харид қобилияти бўйича эса 4 трлн долларлик натижа кўрсатган (жон бошига 40 минг доллар). Туркиянинг тайинли табиий бойликлари йўқ, лекин сўнгги 10-15 йилда кучли экспорт салоҳиятига эришди. Туркиянинг биринчи ўриндаги экспорт салоҳияти полимерлар (30-35 млрд), ўғитлар — булар қайта ишланган товарлар ҳисобланади, қўшимча қиймати баланд. Бундан ташқари охирги 3-4 йилда 5-7 млрд долларлик электротехникалар экспорт қиляпти. БРИКС бозори Туркия учун қизиқарли, у чорраҳада жойлашган ҳам.
Нега Россия қувоняпти? Россия БРИКСни сиёсийлаштиришга уринади доим, ягона пул бирлигини ҳам таклиф қилиб кўрганди. Россия БРИКСни G7ʼга рақобатчи сифатида талқин қилишни хоҳлайди. Иқтисодий ташкилотга сиёсий тус беришга уриняпти.
— Туркия бир вақтнинг ўзида ҳам НАТО, ҳам БРИКС таркибида бўлса, бунинг геосиёсий акс садоси қандай бўлади?
Бектош Бердиев: Ғарбнинг чақириқ, таҳдидлари Туркияни қўрқитмай қўйган. Маълум даражада иқтисодий зарар, Европа ва АҚШ билан замонавий технологиялар бўйича ҳамкорлик соҳалари зарар кўриши мумкин. Лекин бугун Туркия Ғарб топшириқларини бажарадиган, иқтисодий суяниб қолган давлат эмас. Ғарб санкциялари остидаги Россияга замонавий технологияларни етказувчи давлат керак, битта Хитойнинг ўзига боғланиб қилолмайди. Туркия БРИКСга кирса, Россия изоляциядан чиқиб кетиши осонлашади. Бундай имконият Россияни хурсанд қилади, албатта.
Туркиянинг ҳамма маҳсулотлари ҳам ЕИ, АҚШ бозорларидан жой топиши қийин, талаблари баланд уларнинг. Маҳсулотларини 3,5 млрд аҳолиси бор БРИКСга йўналтириши Туркия учун муҳим. Туркия турли соҳаларда экспорт салоҳияти ошяпти, ҳарбий техникалар ҳам сотяпти.
Яна бир нарса. Саудия ҳам БРИКСга қизиқяпти, шу боис маълум маънода минтақавий рақобат бор. Туркия Саудиядан олдин БРИКСга кириб, унинг ташкилотга киришига розилик бериши маъносида Саудияга таъсир ўтказиши мумкин бўлади. Чунки барча аъзо давлатлар розилиги билан янги аъзо қабул қилинади.
— Иқтисодий жиҳатдан Туркия БРИКС ва ЕИ давлатлари ўртасидаги муносабатларни қандай тақсимлайди?
Шуҳрат Расул: Европа бозори Туркия учун таниш бозор, катта экспорт қилади, ЕИдан ҳам импорт қилади катта миқдорда. БРИКС давлатлари билан иқтисодий муносабатларнинг қийин томонлари ҳам бор, масалан, масофалар узоқ. Иқтисодий алоқаларда масофа муҳим. БРИКСдаги баъзи давлатларнинг оралиқ масофаси 10 минг км, шунча ердан олиб келгандан, қўшнисидан сотиб олгани яхши алтернатив маҳсулотни.
Россия бу йил БРИКСга мезбонлик қилади. Туркия ўжар давлат, амбициялари баланд, исталган давлатга рад жавоби бероладиган давлат деб билади Россия. Шундай давлатнинг БРИКСга қўшилиши тактик жиҳатдан Россия учун манфаатли.
Иқтисодиётга келсак. Хусусий бизнесга товарни қаерга сотиш бўйича буйруқ бериб бўлмайди, Туркияда эса эркин бозор иқтисодиёти ишлайди. Шунинг учун савдо ҳажми ўсиб кетади, дейиш ҳам хато бўлади.
— Туркия асосан сиёсий вектор сифатида БРИКСга йўналяптими шунда?
Бектош Бердиев: Яқин Шарқда АҚШ ва Туркия манфаатлари кўп тўқнаша бошлади. Бир томондан НАТОда ҳамкор, лекин АҚШ Суриядаги курдларни Сурия ҳукуматидан ажратиб олди, бу Туркия учун таҳдид. Иккинчиси эса Ғазодаги воқеаларга муносабат. Бошқа давлатлар бу мавзуга эҳтиёткор ёндашса, Туркия очиқ гапиради, Эрдўған Исроил жиноятларига АҚШ ҳам шерик, деб айтяпти.
Бир пайтлар Туркия НАТОнинг қаноти остида бўлиш, ЕИ билан иқтисодини ривожлантиришга эътибор қаратган бўлса, энди аксинча, НАТОга Туркия жуда зарур. Чунки Туркияда НАТОнинг Инжирликдаги базаси бор, бу база Россияга нисбатан устунликни таъминлаб туради. Туркия биладики, НАТО ундан воз кечолмайди. Воз кечса ҳам, Туркия ўзини блокларсиз ҳимоя қила оладиган давлат. Туркия билан Россия дўстлик муносабатида, уруш келиб чиқиши нолга тенг. Бундай ҳолатда Туркия Россия бозоридан, қийин аҳволдаги иқтисодидан фойдаланишни кўзлайди. АҚШ Туркияга F35 қирувчиларини бермаса, биз Россиядан қирувчи сотиб оламиз, дейилганди ҳам очиқча. Туркия бугун Ғарбдан қўрқмаяпти. БРИКС давлатлари бу Туркиядан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни истайди, шу жиҳатдан улар учун қулай.
— Туркиянинг БРИКСга интилишига Ғарб давлатларининг муносабати қандай бўлади?
Бектош Бердиев: Туркияда жиддий ўзгариш бўлса, Ғарб давлатлари ҳокимият тўнтариши амалга ошириб, ўзларига яқин ҳукумат қўйишган. Аммо Эрдўған ҳокимиятга келгач, бу каби уринишлар самара бермай қўйган. НАТО аъзосининг Россия билан бундай яқинлиги хиёнатдек баҳоланади, аслида, лекин реал механизмлар билан Туркияни жазолай олмаяпти Ғарб. Фақат валютасига зарба беряпти. Ғарб Туркияни сиқишга ҳаракат қиляпти, масалан, Германия Туркияга кириб келадиган Европа инвестициясини суғурталаш мажбуриятини олиб ташлаяпти. БРИКСга яқинлашиши сабаб янада муносабатлар ёмонлашиши мумкин, аммо Туркия қўрқмайди бундан ва ўз манфаатлари билан изоҳлай олади.
Шуҳрат Расул: Эрдўған президентликка келгач, Европада, НАТОда иккинчи даражали бўлган давлатни олий лигага олиб чиқди, бутун дунё ҳисоб-китоб қиляпти бугун у билан. АҚШ, Германия, Франция томонидан реакция бўлади Туркиянинг бу ишига нисбатан, Германия ва Франция Туркиянинг ЕИга қўшилиш аризасини кўтариши ҳам мумкин. Глобал қарама-қаршилик даврида Европага Туркиянинг қилаётган иши ёқмаяпти. Балки Туркия ЕИга кириш даъвогарлиги юзасидан шундай қилаётган бўлиши, унинг аризаси қайта кўрилиши айтилса, бу нарса тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Туркия ва ЕИ орасида катта тафовутлар бор. Туркиянинг ички сиёсати ва ички қонунчилиги бўйича ЕИда катта саволлар бор. Европа доим Туркиянинг ўзига ўхшашини хоҳлайди. Европада асрлар давомида Шарқни севиш, шу билан бирга ундан нафратланиш бор, нодемократик дейди ва бошқа нарсалар.
— Туркия БРИКС таркибида бўлган тақдирда, унинг Европа Иттифоқига ҳам қўшилиш режаларига қандай таъсир қилади?
Шуҳрат Расул: Ҳаракат қилиш навбати Европа томонда ҳозир, Европа қандай реакция билдиришига қараб бу ҳаракат давом этади. Туркия чуқур давлатчилик тарихига эга давлат, агар ЕИ реакцияси Туркия кутгандай бўлса, Туркия фикрини ўзгартириши ҳам мумкин.
Бектош Бердиев: Туркия геосиёсий ўйин қоидаларини яхши билади, Эрдўған Европада катта тажрибага эга лидерлардан бири. Айтилганидек, бу ҳаракат ЕИга сигнал бўлиши мумкин. Тўғри, БРИКСга аъзо бўлиш Туркияга имкониятлар беради, лекин аъзо бўлишга унчалик шошилмай туради, яъни ЕИ, АҚШ реакциясини кутади, улар янги имкониятлар бериши, Туркия шартларини қондириши, ЕИ интеграциясига яқинлашиши мумкин. АҚШга Туркия қанчалик керак бўлса, Туркияга ҳам АҚШ керак, лекин савдолашиш, шарт қўйиш учун баҳона бўлиши мумкин БРИКСга интилиши.
Шуҳрат Расул: Туркиянинг 82,5 млн аҳолига эга, ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти 40 минг доллар, бу борада кучли 10 таликка киради. Масалан, Францияда французлар камайиб кетяпти, иқтисодий ўсишда Туркия 50 фоизга олдинда. Германия, Италия, бошқалар ҳам Туркиядан иқтисодий қўрқади, аслида. Туркиядаги демографик потенциал, қудрати ошиб боряпти, ЯИМ 2-3 баробар ошади 15-20 йилдан кейин. Туркия Европани иқтисодий босиб олиб қўяди, деган қўрқувлар бор. ЛГБТ, гендер тенглик каби нарсаларни рўкач қилишида катта иқтисодий муаммолар бор, аслида.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:40
Туркияда қариндоши томонидан фоҳишаликка мажбурланган қиз Ўзбекистонга қайтарилди
17:29 / 18.11.2024
Bloomberg: Эрдўған Россия—Украина урушини музлатиб қўйиш режасини тайёрлади
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
10:05 / 17.11.2024