«Уруш — жаҳаннам, уруш — маъносиз». Экранлаштирилган жаҳон адабиёти дурдонаси — «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»
28 октябр куни Netflix киносервиси ёзувчи Эрих Мария Ремаркнинг машҳур «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романи асосида олинган фильм премьерасини ўтказди. Режиссёр Эдвард Бергер ушбу фильм орқали урушнинг ҳақиқий юзини кўрсатди: ифлос, қонли ва маъносиз. Мутахассислар таъкидлашича, Украинадаги уруш фонида фильм янгича кўринишда қабул қилинади – у яна бир бор инсониятни жанг майдонидаги ваҳшийликларни романтикага айлантирмаслик кераклиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» фильми окопдаги жанглардан бошланади. Янги сафарбар қилинган аскар окопдан чиқиб, ҳужум қилиш учун югуради ва ўқ овози эшитилади — у биринчи ўқдаёқ ҳалок бўлади. Бу Россиядаги сафарбар қилинганларнинг Сватово яқинидаги ҳалокатини эслатади.
Фокус ҳалок бўлган аскарга эмас, унинг ҳарбий формасига қаратилади. Аскарлар умумий қабристонга дафн этилади. Формалар эса ечиб олиб, фронт ортига жўнатишади. У ерда эса тозаланиб, янги сафарбар қилинганларга тарқатилади. Бу ерда ўша ҳарбий кийимни мактабни эндигина битирган, бироқ аллақачон пропаганда қурбонига айланган Пауло Боймер олади. У билан жанг қилиш иштиёқида ёнаётган яна уч дўсти ҳам фронтга отланади.
Асар тарихи
«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари ёзувчи Эрих Мария Ремаркнинг бошидан ўтказганлари асосида ёзилган романдир. Ремарк 1916 йилда Германия томондан урушга сафарбар қилинади ва ғарбий фронтга юборилади. У бир йил ўтмасданоқ жангда оғир яраланади ва уруш охиригача ҳарбий ҳоспиталда ётади. Урушдан сўнг унга I даражали Темир хоч ордени берилади.
«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари биринчи марта 1929 йилнинг январида алоҳида китоб сифатида нашр этилишидан олдин, 1928 йилдан Берлиннинг «Vossische Zeitung» газетасида бўлак-бўлак қилиб чоп этилган. Бугунги кунда ҳам фаолият юритувчи «Ullstein» нашриёт уйи эгалари номаълум муаллифнинг уруш ҳақидаги романини ҳеч ким ўқишни хоҳламаслигидан хавфсираб, асарни оммалаштиришда шундай йўл тутишга қарор қилганди.
Асар ажойиб муваффақият қозонади ва дастлабки уч ойда Веймар республикасида (Германия) китобнинг 500 минг нусхаси сотилади. Бугунги кунда эса асар 53 тилга таржима қилинган ва умумий 40 миллион ададда чоп этилган.
1930 йил роман асосида илк кинофильм суратга олинади. Фильм ҳам китоб сингари катта муваффақиятга эришади ва шу йили «Оскар» мукофотининг «Энг яхши фильм» ҳамда «Энг яхши режиссёр» (Люис Майлстоун) номинацияларида ғолиб бўлади.
Бироқ Германиянинг ўзида Ремаркнинг урушга қарши пафоси мамлакатда тобора кучайиб бораётган ўнг қанот консерватив, реваншистик мафкура билан тўқнаш келади.
1930 йил 4 декабрда аллақачон «Оскар» мукофотига сазовор бўлган фильмнинг Германиядаги премьерасида Йозеф Геббельснинг бевосита назорати остидаги нацистларнинг жигарранг кўйлакли гуруҳи ҳақиқий тартибсизлик уюштиришади: улар залга «бадбўй бомбалар», аксиртирувчи кукун ва бир тўда сичқонларни ташлайди.
«Яҳудийлар! Бу яҳудийлар фильми!» дея бақирган нацистлар томошабинларга ҳужум қилади ва охир-оқибат фильм намойишини тўхтатишга мажбур қилади.
«Ўн дақиқадаёқ зал бутунлай тартибсизлик ичида қолди. Полиция ожиз эди. Ғазабланган оломон яҳудийларга нисбатан ўз қаҳрини кўрсатди. Бу бизнинг биринчи катта ютуғимиз эди. Биз ‘Йўқолсин яҳудийлар, яшасин Ҳитлер!ʼ, дея бақирдик. Полиция биз билан маслакдош бўлди. Минглаб одамлар бўлаётган воқеаларни шунчаки томоша қилди. Биз ютдик. Газеталар бизни қўллаб-қувватлади. Миллат биз томонда. Бир сўз билан айтганда — ғалаба», дея ўша кунни хотирлаган Геббельс ўз қайдларида.
1931 йил Эрих Мария Ремарк ҳам адабиёт, ҳам тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлади. Аммо Германия зобитлари иттифоқи бу мукофотга норозилик билдириб, Ремаркни немис армияси ва аскарларини ҳақорат қилганликда айблайди.
Фашистлар босими остида Германияда «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари асосида фильм олиш тақиқланади. Ҳитлер ҳокимият тепасига келгандан сўнг эса асарнинг ўзи ҳам тақиққа дучор бўлади.
1933 йил 10 май куни Ремаркнинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» ва бошқа китоблари оммавий равишда ёқиб юборилади.
Шу йили Ремарк Германияни тарк этади ва АҚШга йўл олади. У ерда бироз яшагач, Европага, Швейцарияга қайтади ва умрининг охиригача шу ерда қолади. Ёзувчи кўплаб қийинчиликлар туфайли асар ёзишдан тўхтайди.
Унинг асарлари Ҳитлер қулатилгандан сўнг яна оммалаша бошлайди, жумладан «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» ҳам.
1970 йилда ажойиб ёзувчи Эрих Мария Ремарк вафот этади.
Уруш — жаҳаннам, уруш — маъносиз
Урушлар инсоният тарихининг абадий ва, афсуски, ажралмас қисмидир. Уруш ҳақида олинган ҳар бир фильм муқаррар равишда ҳозирги урушлар билан параллелликни келтириб чиқаради.
Режиссёр Эдвард Бергер бу фильмни суратга олишни 2022 йил 24 февралдан (Украинадаги уруш бошланган кун) олдин тугатган эди.
«Албатта, мен икки ярим йил олдин фильм бўйича иш бошлаганимда, ҳозирги воқеаларни кўз олдимга келтирмагандим. Лекин мен Европа бўйлаб саёҳат қилиб, Венгрия, Франция, Англия ва ҳатто Германияда ҳам кучаяётган миллатчиликни кўрдим ва бу фильм суратга олинишига сабаб бўлди. Энди демагогия ва пропаганда нимага олиб боришини аниқ биламиз: урушга иккиланмай бораётган Россия ёшларига қаранг, улар бу уруш қонуний ва адолатли эканлигига ишонади. Уруш мавзуси доимо долзарбдир», дейди режиссёр Бергер.
«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» фильми уруш ҳақида шу пайтга қадар олинган фильмлар билан ғоявий жиҳатдан бир хил. Бу фильмлар урушнинг қанчалик даҳшатли экани, унинг маъносиз ва фойдасизлигини кўрсатиб беради.
Миллионлаб аскарлар фронтда жон олиб, жон бериб курашаётган бир пайтда уларни уруштираётган инсонлар иссиқ жойларда, шоҳона таомларни еб, бамайлихотир харитага қараб, кейинги режаларни муҳокама қилади. Аскарлар ейиш учун нон тополмаётган бир пайтда, генераллар ўз итларини овқатлантиради.
Минглаб аскар ҳалок бўлса-да, улар заррача афсусланмаган ҳолда, фалокатга учраши аниқ бўлган аскарларни яна урушга юбораверади. Раҳбарларнинг манманлиги, қайсарлиги ва ўз обрў-эътиборини аскарлар ҳаётидан устун қўйиши минглаб оилалар отасиз, ўғилсиз, эрсиз қолишига олиб келади.
Энг ёмони эса, уруш тугагач ҳам, мағлуб томон раҳбарлари одатда ҳеч нарса бўлмагандек яшашни давом этаверади, минглаб ҳалок бўлган аскарлар эса шунчаки ўлиб кетади.
Аслида Бергер фильмидаги воқеаларнинг бугунги кун учун ҳам актуаллиги жуда ёмон белгидир. Бу дунё орадан юз йил ўтиб ҳам ўзгармагани, урушнинг шунчаки маъносиз даҳшат эканини ҳали ҳам тушунмаганини кўрсатади.
Фильм сўнггидаги ёзувлар картинанинг энг кульминацион нуқтасидир — «Тўрт йил давомида ғарбий фронтдаги фронт чизиғи бир метр ҳам олдинга силжимади, лекин бу вақт давомида уч миллион киши ҳалок бўлди».
«Ғарбий фронтда (дунёда) ўзгариш йўқ»…
Мавзуга оид
19:02 / 29.07.2024
110 йил олдин Биринчи жаҳон уруши бошланганди — ғайриинсоний, қонли ва дунёни бутунлай ўзгартирган уруш
19:10 / 04.07.2024
Захар Прилепин Кремлда мукофотланди
23:38 / 14.02.2024
“Пропагандачиларнинг гаплари Кремлнинг расмий позицияси эмас деб ҳисоблайман” — Шерзодхон Қудратхўжа
20:41 / 07.02.2024