“Пропагандачиларнинг гаплари Кремлнинг расмий позицияси эмас деб ҳисоблайман” — Шерзодхон Қудратхўжа
Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа россиялик пропагандачиларнинг Ўзбекистонга қаратилган гаплари Кремлнинг расмий позицияси эмас деб ҳисоблашини таъкидлаб, Россияда бундай чиқишларнинг оқибатларини тушунадиган ақлли доиралар борлигига ишонишини айтди.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа Alter Ego лойиҳасига берган интервюсида давлат тилига муносабат ва Ўзбекистон–Россия муносабатлари ҳақида фикр билдирди.
У қайси давлатга борса, ўша давлатнинг тилида гапиришга ҳаракат қилишини айтиб, буни Ўзбекистондаги ҳолат билан таққослади.
«Ўзбекистонда ўнлаб йиллар яшаётган инсонлар ўзбек тилида гапиришни исташмайди. Балким бу кимгадир ёқмас, лекин мен буни ё аҳмоқлик, ё ўзбекларга нисбатан мустамлакачи ва кибрли муносабат деб ҳисоблайман. Бунда ўзбекларнинг ҳам айби бор. Биз жуда юмшоқмиз, хушмуомаламиз, кимдир келса ўз тилимизни унутамиз. Туркларда, корейсларда бунақаси йўқ», – деди Шерзодхон Қудратхўжа.
«Мен бошоқни поядан ёки Владимир Владимирович [Путин] кўп такрорлаганидек, пашшани котлетдан алоҳида ажратмоқчиман.
Бизнинг Россия билан алоқаларимиз жуда яхши. Икки мамлакат президентлари орасидаги муносабат ҳам. Бизнинг мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ҳақида шартнома бор. Биз жуда кўп масалалар бўйича биргаликда иш олиб борамиз, мамлакатларимиз географик ва ҳудудий жиҳатдан бир-бирига жуда яқин, Россия – Ўзбекистоннинг геосиёсий ҳамкори.
[Россия ТВсида Ўзбекистон шаънига бўлмағур гапларни] гапираётганларнинг гапи Кремлнинг расмий позицияси эмас деб ҳисоблайман. Бу ҳукуматнинг расмий позицияси эмас. Россияни Европага хос давлат деб ҳисоблайман ва шарқ одами сифатида тушунмайман, нега расмий ҳокимият Смолин, Прилепин кабиларга телеэфирга чиқиб ўзбек миллати бўлмаган, Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари бизники, бу нарса бизники, деб гапиришга шароит яратади.
Бугунги вазиятда Россияга бундай баёнотлар билан чиқиш манфаатли эмас. Сиёсатшунос сифатида шуни айтмоқчиманки, агар Россиянинг псевдо-илмий доиралари келгусида ҳам ўзининг ҳамкорларига шундай муносабатда бўлаверса, бу МДҲнинг дарз кетишига олиб келади ва МДҲ мулоқот учун ишончли платформа сифатида формал кўринишга келиб қолади ва катта эҳтимол билан келажакда йўқликка юз тутади.
Лекин мен Россияда ақлли доиралар бор деб ҳисоблайман, вазиятнинг бундай тус олишидан улар манфаатдор эмас, шу сабабли мана шундай инсонлар эфирга чиқиб, дўстона давлатлар манзилига аккилашига йўл қўймаслик керак», – деди у.
Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистон аввалги Ўзбекистон эмаслигини қўшимча қилди.
«Сўнгги йиллар ичида кескинишлар бўлди. Ўзбекистон – жуда кўплаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси. Уларнинг орасида менга энг маъқул келадигани – Туркий давлатлар ташкилоти. Бу жуда улкан платформа, мамлакатларнинг умумий ЯИМи 2 триллионга яқин, 170 млнга яқин аҳоли яшайди. Ўзбекистон ЖСТ аъзоси бўлмоқчи. Вўпвекторли, вазмин ва оқил сиёсат олиб бормоқда», – дея таъкидлади журналист.
Мавзуга оид
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
18:06 / 09.12.2024
«Мен ва Путин» - Туркия президенти дунёда фақат икки етакчи қолганини айтди
16:51 / 09.12.2024