Ўзбекистон | 11:02 / 22.04.2021
8725
7 дақиқада ўқилади

Испанияда жойлашган Карлес Раҳола номидаги жамоат кутубхонасига саёҳат (фото)

Европа давлатларидаги кўплаб кутубхоналарда шароит жуда қулай, кириш ва фойдаланиш эса осон бўлади. Хусусан, Дания, Германия, Словения ва Испаниядаги жамоат кутубхоналарига қилган ташрифларим менда шундай таассурот қолдирган.

Бугун сиз билан ҳозирда ўзим яшаб турган шаҳар – Жиронада (Испания) жойлашган Карлес Раҳола номидаги жамоат кутубхонасига сайр қиламиз. 

Жирона шаҳар жамоат кутубхонаси биносининг ташқи кўриниши

Кириш

Ҳозирда кутубхонага кириш учун қабулхонада кутубхона картаси ёки шахсингизни тасдиқловчи бирор ҳужжатни кўрсатишингиз керак. Аслида кутубхонага ҳеч қандай ҳужжатни кўрсатмасдан кириш мумкин, бироқ пандемия сабабли киришда юқорида тилга олинган ҳужжатлардан бирини тақдим қилиш сўралади.

Эшикдан киришингиз билан қўлни дезинфекция қилиш воситасини учратасиз – киришда қўлни дезинфекция қилиш шарт.

Кутубхонага кирганда эшик ёнидаги қўлни дезинфекция қилиш воситаси

 Баҳор фаслида тез-тез ёмғир ёғиб туришини ҳисобга олиб, кириш эшиги ичкарисида соябонга клеёнка кийдирувчи мослама ҳам ўрнатилган. Бу ёмғирдан ҳўл бўлган соябоннинг суви кутубхона биноси ичига оқишининг олдини олади.

Соябонга клеёнка кийгизиш мосламаси

Кутубхона биноси 3 қаватдан иборат. 1-қаватда қабулхона, кафе, жамоавий ишлаш учун хоналар, болаларга мўлжалланган хоналар ва ўқиш хоналари мавжуд. Лекин коронавирус сабабли 1-қаватдаги кўпгина хоналар ва кафе ҳозирда ёпиб қўйилган. 2- ва 3-қаватдаги хоналарнинг аксарияти эса очиқ.

1-қават, кираверишдаги декорациялардан бири
1-қават, кираверишдаги декорациялардан бири
 1-қаватдаги кафе, пандемия сабабли ёпиқ
Юқори қаватларга кўтарилиш учун зина (лифт орқали кўтарилса ҳам бўлади)

Коронавирус билан боғлиқ чекловлар ва ўзгаришлар

Пандемия сабабли кутубхонадан фойдаланишда бир қанча чекловлар ўрнатилган. Жумладан, юқорида айтилганидек, кафе ва айрим хоналар ёпилган. Шунингдек, очиқ хоналарнинг ҳам аксариятидан курсилар олиб чиқиб кетилган; бундай хоналарга кириб, у ердаги китобларни фойдаланиш учун олиш мумкин бўлса-да, хонанинг ўзида ўтириб ўқиш мумкин эмас.

2-қаватдаги хоналардан бири: хонадаги курсилар ва ўтишга мўлжалланган жиҳозлар олиб чиқиб кетилган, лекин хонага кириб, китобларни олиб фойдаланиш мумкин 

Ҳозирда компьютерлардан фойдаланиш ҳам чекланган. Аксарият компьютерлар ўчириб қўйилган, фойдаланиш учун фақат 10 та компьютер қолдирилган.

2-қаватдаги хоналардан бири: хонадаги курсилар ва компьютерларнинг аксарияти чиқариб ташланган, қолдирилган бир нечта компьютер ҳам ўчириб қўйилган

Ўтириб ўқиладиган ёки дарс қилинадиган стол ва курсилар эса катта залларга бир-биридан узоқ қилиб жойлаштирилган. Ҳозирда кутубхонада ўтириб ўқиш/дарс қилиш учун фақат 68 та ўрин мавжуд – бир вақтнинг ўзида фақат 68 киши кутубхонада ўтириб ўқиши мумкин.

 2-қаватдаги залга ўтириб дарс қилиш учун жойлаштирилган стол ва курсилар
2-қаватдаги кичик маърузалар зали: курсилари бир-биридан узоқ қилиб жойлаштирилган, курсиларнинг аксарияти йиғиб олиниб, хона чеккаларига териб қўйилган

Бундан ташқари, заллар, хоналар ва бошқа жойлардаги алоҳида дизайнга эга юмшоқ мебеллар ҳам йиғиб олинган.

1-қаватдаги болалар учун мўлжалланган хона: юмшоқ мебеллар ва курсилар чиқариб ташланган
Заллар ва бошқа хоналардан йиғиб олинган юмшоқ мебеллар, курсилар ва бошқа жиҳозлар жойланган хона

 Шунингдек, ўтириб дарс қилиш учун ташкиллаштирилган 68 та столнинг ҳар бирида махсус белгили варақа мавжуд. Унинг бир тарафида яшил рангли «Фойдаланиш мумкин. Кетишда варақани тескарига ўгиринг» деган ёзув, иккинчи тарафида қизил рангли «Фойдаланишга яроқсиз. Тозаланиши керак» деган ёзув бор.

Китобхон кутубхонада ўтириб дарс қилмоқчи бўлса, варақанинг яшил тарафи тепага қараб турган стол ва унинг ёнидаги курсидан фойдаланиши керак. Фойдаланиб бўлиб, чиқиб кетаётганда варақанинг қизил тарафини ўгириб кетади ва тозаловчи ходимлар стол ва стулни, агар столда компьютер бўлса, уни ҳам артиб, дезинфекция қилади ва варақани яна яшил тарафга буриб қўяди. Унга қадар бундай стол, курси ва компьютердан фойдаланиш мумкин эмас.

Махсус варақа: компьютердан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда
Махсус варақа: Компьютер ва стол тозаланиши кераклиги, унгача фойдаланиш мумкин эмаслигини кўрсатмоқда

 Бундан ташқари, юз ниқобисиз кутубхонага кириш ёки кутубхонада ўтириш мумкин эмас.

Китоблар жойлашган хоналардан бири

Кутубхонадаги ресурслардан фойдаланиш

Кутубхона биноси, ундаги Wi-Fi тармоғи, китоблар ва қоғоз шаклидаги бошқа манбалардан фойдаланиш учун кутубхонага аъзо бўлишингиз шарт эмас. Шунчаки, кутубхонага кириб, керакли китоб ёки материални олиб фойдаланаверасиз.

Бироқ кутубхонадаги компьютерлардан фойдаланиш, китобларни маълум муддатга ўзингиз билан олиб кетиш учун кутубхонага аъзо бўлиб, кутубхона картасини очишингиз керак.

Кутубхонага аъзо бўлиш ва карта очтириш бепул. Агар картани йўқотиб қўйсангиз, қайта карта қилишда маълум сумма ундирилади.

Кўпгина талабалар одатда ўзининг ноутбукини олиб келиб, кутубхонада ўтириб дарс қилади. Кутубхонанинг Wi-Fi тармоғи ва унинг пароли ҳар бир стол устида алоҳида қоғозда ёзиб қўйилган.

 Фойдаланувчи столи устидаги кутубхонанинг Wi-Fi тармоғи номи ва пароли (ҳамда бошқа айрим маълумотлар) ёзилган қоғоз

Кутубхонанинг ҳар-ҳар ерида чиқинди қутилари ҳам мавжуд. Одатда қоғоз, пластик ва улардан бошқа турдаги чиқиндилар учун алоҳида қутилар қўйилган бўлади.

2-қаватда зинанинг ёнидаги чиқинди қутилари

Ҳар бир қаватда мазкур қаватнинг харитаси жойлаштирилган бўлиб, улардан кўзи ожизлар ҳам фойдалана олиши учун харита маълумотлари Брайл ёзувида ҳам ёзилган.

2-қаватдаги қават харитаси; харита остида маълумотлар Брайл ёзувида ёзилган

Кутубхонада фойдаланиш учун ҳожатхоналар ҳам бор. Уларнинг эшигига ҳам Брайл ёзувида ёзилганини кўриш мумкин.

2-қаватдаги ҳожатхоналар; эшикдаги сурат остида Брайл ёзувида «Ҳожатхона» деб ёзилган

Табиий декорациялар

Испанияда биноларнинг ичидан алоҳида шишали хона қилиб, у ерда дарахт, гул ва бошқа манзарали ўсимликлар экиш орқали табиий декорация қилиш анча оммалашган. Бундай декорацияларни Жирона кутубхонасида ҳам кўриш мумкин. Бундай декорация қаршисида ўтириб дарс қилсангиз, ўзингизни табиат қўйнида ўтиргандек ҳис қиласиз.

 Табиий декорациялардан бирининг 2-қават залидан кўриниши
Кутубхонадаги табиий декорациялардан бири, 2-қават
Кутубхонадаги табиий декорациялардан бири; 2-қаватдаги ўқиш хонасидан кўриниши

Таъкидлаш жоизки, кутубхонадаги махсус дизайнга эга юмшоқ мебеллар, кўпгина стол ва курсилари, декорациялар ва бошқаларнинг пандемия сабабли йиғиб олиниши кутубхона дизайнини содда қилиб қўйган. Кутубхонанинг пандемиядан олдинги ички дизайни анчагина жозибадор кўринишга эга бўлган. Кутубхонанинг пандемиядан олдинги ички дизайни билан қуйидаги ҳавола орқали виртуал тарзда танишишингиз мумкин.

P.S. Ҳозирда кутубхона душанба-пайшанба кунлари 10:00 дан 20:00 гача, жума куни 10:00 дан 15:00 гача ишламоқда. Шанба ва якшанба кунлари ишламайди.

 Мақсуд Саломов,
Uzbek.Life учун Испаниядан махсус

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид