Жаҳон | 09:49
1543
3 дақиқада ўқилади

Испания Эрондаги урушда иштирок этаётган самолётлар учун осмонини ёпди

Мадрид нафақат Вашингтонга Испания жанубидаги базалардан Эронга қарши операция доирасида фойдаланишни тақиқлади, балки бошқа давлатларда жойлаштирилган АҚШ самолётлари учун ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпди.

Фото: LEONHARD FOEGER / REUTERS

Испания Эронга қарши зарбаларда иштирок этаётган Америка самолётлари учун ўз ҳаво маконини ёпди. Бу ҳақда Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес маълум қилди ва El Pais газетаси манбаларга таяниб аввалроқ эълон қилган маълумотни тасдиқлади.

“Биз на ҳарбий базалардан фойдаланишга, на Эрондаги уруш билан боғлиқ ҳаракатлар учун ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берамиз”, — деди Роблес 30 март, душанба куни Мадридда журналистларга.

Испания иқтисодиёт вазири Карлос Куэрпонинг сўзларига кўра, бу чора Испания ҳукуматининг аввалроқ қабул қилинган қароридан келиб чиққан бўлиб, унга мувофиқ мамлакат “бир томонлама тарзда ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда бошланган уруш”да иштирок этмайди ва унга кўмак ҳам бермайди.

El Pais суҳбатдошлари айтишича, Мадрид нафақат Эронга қарши АҚШ ва Исроил ҳарбий операциясида иштирок этаётган қирувчи самолётлар ва ҳавода ёнилғи қуйиш самолётларига Испания жанубидаги Рота ва Морон-де-ла-Фронтера базаларидан фойдаланишни тақиқламоқда, балки Буюк Британия ва Франция каби учинчи давлатларда жойлаштирилган Америка ҳаво кемалари учун ҳам киришни ёпмоқда. Самолётнинг учиб ўтиши ёки қўнишига фақат фавқулодда ҳолатларда рухсат берилиши мумкин.

Шу билан бирга, нашр қайд этишича, Испания ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама келишувда назарда тутилган бошқа вазифалар бажарилишда давом этмоқда. Хусусан, Мадрид Европада жойлаштирилган тахминан 80 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчининг моддий-техник таъминотида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Севилядаги ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази Миссури штатидан учиб чиқиб, Эронга зарба бериб, сўнг базага қайтадиган АҚШ бомбардимончи самолётларига аэронавигация ёрдамини кўрсатмоқда. El Pais ёзишича, бундай парвозлар вақтида ушбу бомбардимончилар Испания ҳаво ҳудудига кирмайди.

Испания бош вазири Педро Санчес АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбаларига энг кескин қарши чиққан сиёсатчилардан бири бўлди. У бу зарбаларни ноқонуний деб атаган. Санчеснинг тушунтиришича, у Эрон режимига қарши бўлса-да, ўз фикрича халқаро ҳуқуқ доирасидан чиқиб кетган ҳарбий операцияни қўллаб-қувватламайди.

Санчеснинг айтишича, Яқин Шарқдаги можаро Испанияга ҳар ой тахминан 100 миллиард евро зарар келтирмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп эса ўз навбатида Испания билан савдо муносабатларини тўлиқ узиш билан таҳдид қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид