Спорт | 12:30 / 15.09.2025
10155
15 дақиқада ўқилади

Ҳоланд «МЮ»га имкон қолдирмади, «Барселона» Ямалсиз ҳам «қутурди». Кун ўйинлари

«Ливерпул» сўнгги дақиқада пеналтидан гол уриб, пешқадамликка қайтди, Манчестер дербисида Ҳусанов энг яхшилардан бири бўлди, Гвардиола уни яна мақтади, Модрич Италиядаги илк голини урди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Англия: «Сити» қўшниларни тор-мор этди

«Манчестер Сити» – «Манчестер Юнайтед» 3:0
Голлар: Ф
оден (18), Ҳоланд (53, 68)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Ҳусанов, Рейндерс, Родри (Гонсалес, 76), Фоден, Доку (Савио, 77), Бернарду Силва (Аке, 88), Ҳоланд (Бобб, 87)
«Манчестер Юнайтед»: Байиндир, де Лиҳт, Шоу, Йоро (Магуайр, 62), Бруну Фернандеш, Угарте (Каземиру, 80), Доргу, Мазравий (Майну, 62), Диалло, Мбемо, Шешко (Зиркзе, 80)

Доннарумманинг «Манчестер Сити»даги дебюти «Юнайтед» билан дерби ўйинига тўғри келди. Шу куни нариги жамоа сафида илк бор бошланғич таркибда тушган Шешко учун эса бу ёмон хабар эди. Италиялик дарвозабон шу куни унинг икки хавфли зарбасини қайтарди.

Пеп Гвардиола шу куни бошқа позицияларда ҳам рокировка қилганди. «Брайтон» билан ўйинда бошланғич таркибда Ҳусанов, Стоунз, Айт-Нури ва Нунес тушганди. Бу сафар эса бу тўртликдан фақат ўзбекистонлик ҳимоячи қолдирилди ва у одатдаги каби марказда эмас, Нунес ўрнига ўнг қанотда пайдо бўлди. Ҳимоя тўртлигини жароҳатидан тузалиб қайтган Гвардиол, шунингдек Диаш ва О'Райли тўлдиришди. Жароҳат туфайли Мармуш ва Шерки ўйнай олишмади, уларнинг ўрнига Доку ва Фоден бошланғич таркибга қайтди.

Айнан Жереми ва Фил биринчи голни уюштиришди. 18-дақиқада белгиялик вингер ташаббусни ўз қўлига олиб, ўнг қанотдан жарима майдонига кирди ва Угарте ҳамда Шоуни ортда қолдириб, иккинчи уринишда тўпни марказга узатди, бу ерда турган инглиз футболчиси эса бош билан дарвозани ишғол этди. Бу Фоден учун АПЛда 25 январдан буён илк бор гол уриши бўлди.

Бу вазиятда «Манчестер Юнайтед» ҳимоячилари томошабинга айланишди. Улар бор эътиборини Докуга қаратишди ва Фоден ҳамда Ҳоландни очиқ қолдиришди.

Норвегиялик тўпурарда ҳам тезкор гол уриш имконияти бўлганди, аммо у яқин бурчакни аниқ нишонга ололмади. Доку ҳужумда фаол ўйнашда давом этиб, яна бир ҳужумда Йорони ортда қолдирди ва чап қанотдан марказга узатма берди — аммо Рейндерснинг зарбаси оддий чиқди ва дарвозабонга қийинчилик туғдирмади.

«Юнайтед» ҳам ҳужумлар ташкиллаштирди ва бир неча бор мезбонлар жарима майдонига кириб борди. Шундай вазиятлардан бирида Шешко Мбемонинг ҳимоячилар ортига ташлаган узатмасидан кейин тўпни ўзига бўйсундириб, зарба берди, аммо Доннарумма ўз вақтида олдинга чиқиб, бурчакни қисқартирганди ва хавфни бартараф этди.

Меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳужумда фаолликни оширишди, Фоден, Доку ва Ҳоланд эса ҳимояланишга мажбур бўлишди, хусусан, норвегиялик ҳужумчи тўрт марта тўпни жарима майдонидан узоқлаштирди. Лекин турли қанотлардан уюштирилган бир неча ҳужум самарасиз якунлангач, «МЮ» ортга қайтиб, ўйинни қайтадан қуришга ҳаракат қилди. Шу паллада Пеп шогирдлари қарши ҳужумга ўтишди ва 53-дақиқада Докунинг чизиқлар орасидан ўтказилган узатмаси Ҳоландни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди ва орадаги фарқ иккитага ошди.

Уч дақиқа ўтиб Ҳоланд дублни расмийлаштиришга яқин эди. Де Лигтнинг қўпол хатоси норвегиялик яна бир бор дарвозабон қаршисида пайдо бўлишига олиб келди. Эрлинг уни алдаб ўтди ва тўпни бўш дарвоза томон юмалатиб юборди, аммо тўп устунга борди, уни дарвоза тўрига киритиб юборадиган футболчи топилмади.

Рубен Аморим вазиятни ўнглаш учун Магуайр ва Майнуни майдонга ташлади, аммо бу ёрдам бермади. Аксинча, Ҳарри йўқ жойдан хато қилди ва ҳисоб йириклашишига сабаб бўлди. «Юнайтед» футболчилари ҳимоя чизиғини анча юқорига суришди ва деярли бутун таркиб билан майдоннинг иккинчи қисмида жойлашиб олишди. Ҳимоядан тўпни олиб чиқишда Ҳоланд босими остида Магуайр ва Шоу бир-бирини тушунмади, тўпга эга чиққан Силва эса Эрлингни бир узатма билан олдинга бошлади, ҳужумчи эса навбатдаги дуэлда ҳам устун келди. Кўп ўтмай шунга ўхшаш вазият Рейндерсда юзага келганди, аммо унинг зарбаси хато кетди.

«Сити»га учта гол ҳам етарли эди. Шундан кейин мезбонлар тинчланишди ва ҳисобга қараб ўйнай бошлашди. Қолган дақиқаларда Мбемо, Доргу ва Каземирода яхши вазиятлар юзага келди, аммо улар Доннаруммани доғда қолдира олишмади. «Сити» бу ғалабадан кейин турнир жадвалида юқорилади, «Юнайтед» 14-ўринда.

Ўйиндан кейин эса «шаҳарликлар» устози Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида яна мақтовли фикрларини билдирди:

«Келгуси 11 ойда биз ҳар уч кунда ўйнаймиз. Агар Ҳусанов барча ўйинларни (ўнг ҳимоячи сифатида) ўйнайди, деб ўйласангиз, бундай қилишга ҳеч қандай инсон қодир эмас. Бизга бошқа вариантлар ҳам керак. Аммо унинг жисмоний тайёргарлиги менга маълум: у жуда ёш, ўрганиши керак, жуда тезкор.

Бугун Ҳуса ўз худудини ишончли қўриқлади. Тоза ўйнаб, деярли тўп йўқотмади. Баъзида энергияси жўш уриб нотўғри қарорлар чиқаришга ундайди. Бироқ биз у билан келгандан бери бу ҳақда гаплашамиз, вақт ўтиб изига тушиб кетади. Унда ажойиб тезлик, концентрация бор. Бугун жуда яхши ўйнади».

21 ёшли футболчи юқори балл олганлардан бири бўлди. У SofaScore томонидан 7,4 ва FlashScore талқини бўйича 7,5 баллга лойиқ кўрилди. Бу — ҳар икки жамоа аъзолари ўртасида тўртинчи кўрсаткич.

Ҳусановдан юқори балл дублга эришган Эрлинг Ҳоланд (9,4/8,6), 2 та голли узатмани амалга оширган Жереми Доку (8,3/8,5) ва ҳисобни очган Фил Фоденга (7,6/7,5) берилди.

«Бёрнли» – «Ливерпул» 0:1
Гол:
Салоҳ, 90+5, пен
«Бёрнли»: Дубравка, Эстев, Экдал, Лоран, Ҳартман, Уокер, Угочукву, Каллен (Флорентину, 62), Энтони (Бройя, 89), Чауна (Межбри, 62), Фостер (Уорралл, 86)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате (Фримпонг, 87), Керкез (Робертсон, 38), Собослаи, Макаллистер (Брэдли, 46), Гравенберҳ, Вирц (Нгумоха, 87), Гакпо, Салоҳ, Экитике (Киеза, 72)
Огоҳлантиришлар: Угочукву, 16 – Керкез, 22. Брэдли, 76
Четлатиш: Угочукву, 84 (иккинчи сариқ)

«Бёрнли» майдонида Англия чемпионлари жуда академик ўйин кўрсатишди. Меҳмонлар ҳудудларга эгалик қилишди, ҳужумлар уюштиришди, аммо бу ҳужумларни якунлашда аниқлик етишмади. Арне Слот шу куни ишончсиз ҳаракат қилган Керкезни биринчи бўлимнинг ўзида алмаштириб юборди. У танаффусда бошқа футболчиларни ҳам жиддий койигани аниқ, иккинчи бўлимда футболчилар ва тўп ҳам тезроқ ҳаракатлана бошлади, аммо меҳмонларнинг сон-саноқсиз ҳужумлари мезбонлар ҳимоя деворидан ўтолмади. Дарвозабон Дубравка ҳам энг кучли ўйинларидан бирини ўтказди. Аммо барибир сўнгги дақиқаларда «Бёрнли» футболчиларининг асаблари дош бермади. Аввалига кераксиз вазиятда фол ишлатган Угочукву иккинчи сариқ карточкани олиб, жамоасини озчиликда қолдириб кетди, қўшиб берилган бешинчи дақиқада эса Межбри жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнаб, пеналтига сабабчи бўлди. 11 метрлик нуқтадан бенуқсон зарба йўллаган Салоҳ голлари сонини 188 тага етказиб, АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида Энди Коулни ортда қолдирган ҳолда тўртинчи ўринга кўтарилди. Ундан юқорида фақат Алан Ширер (260), Ҳарри Кейн (213) ва Уэйн Руни (208) бор. «Ливерпул» эса тўрт ўйинда тўрт ғалаба билан турнир жадвали пешқадамлигига қайтди.

Испания: митти аренадаги шоу

«Барселона» – «Валенсия» 6:0
Голлар:
Фермин Лопес (29, 56), Рафиня (53, 66), Левандовски (76, 86)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Э. Гарсия, Мартин (Торрентс, 74), Кунде, Педри (Бернал, 81), Касадо, Фермин Лопес, Рэшфорд (Олмо, 68), Барджи (Рафиня, 46), Торрес (Левандовски, 68)
«Валенсия»: Агирресабала, Копете, Диакаби (Коррейа, 65), Таррега, Хосе Гайя, Фулке, Герра (Угринич, 57), Сантамария, Диего Лопес (Риоха, 57), Груневелд (Рамазани, 57), Дуро (Белтран, 77)
Огоҳлантириш: Диакаби, 41

Ҳанс-Дитер Флик бошқарувидаги «Барселона» «Валенсия» билан қандай ўйнашни билади: олдинги икки ўйиндаги жами ҳисоб — 12:1 бўлганди. Аммо бу сафарги ўйин арафасида каталонияликлар таркиб борасида муаммоларга учради: Балде, Гави, де Йонг ва Ямал жароҳатда, Рафиня эса машғулотга кечиккани учун жазоланиб, захира ўриндиғида қолдирилди. Қолаверса, Левандовски ҳам ҳали формасини тиклаб олмагани учун стартда тушмади. Аммо шундай ҳолатда ҳам яна бир бор йирик ғалабага эришилди.

Одатда уч марказий ҳимоячи билан ўйнамайдиган Карлос Корберан «Барса»га қарши айнан 5-3-2 кўринишида суперҳимоявий схема танлади. Бундай тиғиз ҳимояга қарши Рэшфорд — Ферран — Руни учлиги тушганди. Учинчи футболчи шу ёзда Ямалга ўринбосар сифатида «Копенҳаген»дан олиб келинган 19 ёшли Руни Барджи.

Бу тажриба ўзини оқлади. 22-дақиқагача каталонияликлар саккиз зарба беришга улгурганди. Рақибда эса бирорта ҳам йўқ. Кунде бурчакдан тўп оширилишидан кейин хавфли зарба берди, Торрес қулай позициядан туриб тўпни дарвозабон Ахирресабаланинг устидан ошириб ташлади, Фермин жарима майдони ичида тўпни олиб қўйиб, ўткир бурчакдан зарба йўллади — бу вазиятларда ёки дарвозабон қутқарди, ёки аниқлик етишмади. «Валенсия» қарши ҳужумларга чиқиш ҳақида ўйламади.

Вақт ўтган сари валенсияликлар рақибнинг юқори темпига мослашди ва хавфли вазиятларни камайтирди. Аммо 29-дақиқада барибир меҳмонлар мудофааси ёриб ўтилди. Кубарси анча орқадан чизиқлар орасидан ўтказиб пас берди, Ферран тўпга керакли паллада оёқ қўйди ва Фермин чап қанотда яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва бу сафар аниқ зарба берди.

Бу гол амалда валенсияликларни синдирди. Ўйиннинг биринчи бўлими статистикаси: зарбалар бўйича 11:0, тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 74 фоизга 26 фоиз.

Танаффусда мураббий Рафиняни кечирди, бразилиялик вингер Барджининг ўрнига тушди ва 54-дақиқадаёқ Рэшфорднинг олис устун олдига етказган узатмасини голга айлантирди. Уч дақиқа ўтиб Фермин дублни расмийлаштирди. 58-дақиқага келиб ҳисоб 3:0 кўринишини олди — «Валенсия» уч марказий ҳимоячи билан тушиши ёрдам бермади.

66-дақиқада Рафиня ҳам Ферминнинг узатмасидан кейин дублни расмийлаштирди. Унинг атрофида турган бир неча ҳимоячи ҳеч нарса қила олмади.

Шундан кейин «Валенсия»ни узил-кесил таслим қилиш учун Олмо ва Левандовски майдонга ташланди. Бу жуфтлик ҳам ишончни оқлади: биринчиси пас берди, иккинчиси дарвозани ишғол этди. Поляк ҳужумчиси кейинроқ яккама-якка вазиятдан ҳам фойдаланди ва ҳисобни теннисча кўринишга келтирди — 6:0! Унинг иккинчи голига узатмани оғир жароҳат туфайли ўтган мавсумни ўтказиб юборган ва 13 ой ичида илк бор майдонга тушган 18 ёшли Бернал берди. Уч футболчида дубл! 2025 йилдаги уч ўйиннинг умумий натижаси — 18:1!

Ламин Ямалнинг йўқлигини сезмаган «Барса»ни олдинда «Нюкасл» ва «Хетафе»га қарши ўйинлар кутмоқда.

Италия: Гасперинида илк мағлубият

«Рома» – «Торино» 0:1
Гол:
Симеоне, 59
«Рома»: Свилар, Манчини, Н`Дика, Эрмосо (Зеки Челик, 79), Кристанте (Пизилли, 65), Эл-Айнауи (Балданци, 46), Коне, Анхелиньо (ал-Шаарави, 79), Уэсли Винисиус, Соуле, Дибала (Фергюсон, 46)
«Торино»: Исраэл, Марипан, Коко, Исмайли, Казадеи (Илич, 65), Аслани (Тамез, 80), Бираги, Лазаро, Влашич (Анджорин, 84), Нгонге (Абухляль, 65), Симеоне (Адамс, 65)
Огоҳлантиришлар: Уэсли Винисиус, 53. Анхелинио, 77 - Аслани, 32. Исмайли, 35. Абуҳилол, 81

«Рома» Жан Пиеро Гасперини бошчилигидаги дастлабки икки ўйинда майдонни голсиз тарк этмаган ва 100 фоизлик натижа кўрсатганди. «Торино» эса аксинча, Римга ташриф буюришидан олдинги икки ўйинни голсиз ўтказган ва фақат бир очко билан кифояланганди. Шунга қарамай, меҳмонлар «бўрилар»га кўплаб муаммолар туғдирди. Классик марказий ҳужумчисиз дастлабки схема ҳам, олдинги чизиққа Фергюсон қўйилган кучлироқ вариант ҳам иш бермади. Туринликлар эса стандарт вазиятда Жованни Симеоненинг голи билан ҳисобни очишди. Кейин меҳмонлар ҳимояланди ва «Рома»ни қарши ҳужумларда жазолашга ҳаракат қилди ва бир неча бор ҳисобдаги фарқни оширишга яқин келишди. Римликлар эса ўйиннинг сўнгги дақиқаларини штурмда ўтказишди, аммо дарвозабон Исраэл «Торино»нинг биринчи ғалабасини сақлаб қолди.

«Милан» – «Болоня» 1:0
Гол:
Модрич, 61
«Милан»: Менян (Терраччано, 55), Габбиа, Павлович (де Винтер, 46), Томори, Рабио, Модрич, Фофана (Риччи, 65), Эступинян, Салемакерс, Лофтус-Чик (Пулишич, 65), Хименес (Нкунку, 85)
«Болоня»: Скорупски, Хеггем, Лукуми, Ликояннис (Миранда, 62), Зортеа, Фройлер, Фергюсон, Фаббиан (Бернардески, 63), Камбияги (Роу, 74), Орсолини (Одгор, 74), Кастро (Даллинга, 83)
Огоҳлантиришлар: Эступинян, 10. Томори, 18. Салемакерс, 45 - Миранда, 73. Скорупски, 86

Таркибни ўзгартириб, Массимилиано Аллегри талабларига мослашаётган «Милан» ҳозирча барқарор эмас. Кубокдаги ғалабадан сўнг дастлабки турда «Кремонезе»дан сенсацион мағлубият қайд этилди. Леччедаги муваффақиятдан сўнг, халқаро танаффус олдидан «Болоня»га қарши ўйин ҳам осон кечмади. Шу билан бирга, иш бевосита ўйин қийинчиликлари билан чекланиб қолмади ва иккинчи бўлим бошида жароҳат олган дарвозабон Менянни алмаштиришга тўғри келди.

Бундай вазиятда ким биринчи ўринга чиқиши керак? Табиийки, энг тажрибали ва ақлли ўйинчи. Яъни Модрич. Лука ҳужумни бошлаб берди ва Салемакерснинг жарима майдони ичига оширган узатмасига етиб борди ва жамоаси ғалабасини таъминлади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид