Ўзбекистон | 08:00 / 25.10.2019
33449
5 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахслар учун ягона божхона тўлови жорий этилади

Фото: norma.uz

Ўзбекистонда ягона божхона тўлови жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz’га Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Қўмита жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида олиб ўтилаётган товарларни божхонада декларацияланиши тартибини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси президентининг “Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳада, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб кирувчи жисмоний шахслар учун, қонунчилик билан ўрнатилган тартибда, бир қанча божхона тўловлари ўрнига ягона божхона тўловини ундиришни назарда тутувчи божхона тўловига тортиш ва божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартибини жорий этиш назарда тутилади.

Шу билан бирга, лойиҳада ягона божхона тўлови, хусусан, республикага жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган чегаравий нормадан ошган товар қийматидан келиб чиқиб, товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъий назар, барча тоифа(категория)даги товарлар бўйича ундирилиши кўзда тутилган. 

Ягона божхона тўловини қуйидаги миқдордаги ставкаларда ўрнатиш таклиф этилади:

озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30 %, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари;

ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50 %, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари.

Ставкалар амалда ўрнатилган божхона божлари, акциз солиғи ва қўшилган қиймат солиғи ставкаларининг (ҚҚС) ўртача йиғиндиси асосида ҳисобланади.

Масалан, сут маҳсулотларидан бири бўлган пишлоқ товарига 15 % миқдорида божхона божи, 10 % миқдорида акциз солиғи ва 15 % миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 44 % миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим. 

Жорий қилинаётган тартибга мувофиқ эса пишлоқ маҳсулотига 30 % миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилмоқда.

Шу каби ҳолатни шоколад маҳсулотлари мисолида ҳам кўриш мумкин, хусусан ушбу маҳсулотга 30 % миқдорида божхона божи, 10 % миқдорида акциз солиғи ва 15 % миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 61 % миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим. 

Жорий қилинаётган тартибга мувофиқ шоколад маҳсулотига 30 % миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилмоқда. 

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари  ҳисобланувчи ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасининг 6105-товар позициясида таснифланадиган кийим кечак товарлари учун 20 % миқдорида божхона божи ва 15 % миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 38 % миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим. 

Ҳозирги амалиётда жисмоний шахслар томонидан олиб келинган ушбу товарларнинг келиб чиқиш сертификатлари тақдим қилинмаган тақдирда Божхона кодексининг 300-моддаси талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилган миқдорида ҳисобланади. Бу ҳолатда пишлоқ маҳсулотига 51 %, шоколад маҳсулотига 95 %, кийим кечак товарларига 61 % миқдорида божхона тўловлари белгиланади.

Ягона божхона тўловининг жорий этилиши чегара ўтказиш пунктларида жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлардан ортиқ товарлар учун тўловларни ҳисоблаш тартиботларини кескин соддалаштиради ва тирбандликларни олдини олади. 

Шунингдек, чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган белгиланган меъёрдан ортиқча товарлар учун тўловларни ҳисоблашга сарфланаётган ўртача вақтни 40 дақиқадан 10 дақиқагача қисқартириш имконини беради.

Шу билан бирга, лойиҳада жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали қўл юки билан олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг саноат қадоқлари бўлиши мажбурий шартини киритиш таклиф этилмоқда.

Техник тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товарларни олиб кирилишини олдини олиш учун, жисмоний шахслар томонидан олиб киришда тадбиркорлик фаолияти мақсадини назарда тутмайдиган товарлар тоифа(категория)лари рўйхатини лойиҳа билан тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Мазкур рўйхатга медицина, хирургик, стоматологик ёки ветеринар мебеллари, марказий иситиш ускуна-анжомлари, ва бошқалар киритилган. 

Ушбу товарлар олиб кирилган тақдирда, божхона идоралари томонидан улар шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар тоифасига киритилмай, уларга белгиланган тартибда нотариф бошқарув усуллари (сертификат, рухсатнома ва ҳ.к.) қўлланилади. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид