Жамият | 10:47
1799
1 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида янги тажриба: тўлов — кафтдаги “томир изи” билан

Тошкент метрополитенида йўл ҳақини транспорт картаси ёки смартфонсиз тўлаш имконияти жорий этилди. Энди тўлов кафтдаги томир чизиқлари асосида биометрик идентификация орқали амалга оширилади.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент метрополитенида йўл ҳақини кафт орқали тўлаш тизими ишга туширилди. Янги тизимга кўра, метрога кириш учун энди транспорт картаси ёки смартфон талаб этилмайди — йўловчи кафтдаги томир чизиқлари бўйича биометрик идентификациядан ўтиб, тўловни амалга оширади.

Маълум қилинишича, айни пайтда инновацион тизим 49 та бекатда ўрнатилган. Ундан ҳар куни ўртача 20–25 минг нафар йўловчи фойдаланмоқда. Қайд этилишича, тизимдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш жараёни 5 дақиқа атрофида вақт олади.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу технология бекатлардаги навбатларни сезиларли қисқартириш ва йўловчиларнинг вақтини тежашга хизмат қилади. 

Шу билан бирга, бундай ечимлар шаҳар инфратузилмасига бўлган ишончни ошириши, Тошкентда финтех ташаббусларини ривожлантириш учун барқарор ва хавфсиз муҳит босқичма-босқич шакллантирилаётганини кўрсатиши таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид