“Биз буни уддаладик” – “Мендирман Жалолиддин” сериалининг илк тақдимоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида суратга олинаётган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг 1-қисми тақдимоти бўлиб ўтди. Сериалнинг биринчи фасли 13 қисмдан иборат бўлиб, премьера 2021 йилнинг январь ойига режалаштирилган.
Tashkent City конгресс-ҳоллида ўтказилган тақдимотда Ўзбекистон, Туркия расмийлари ва киноижодкорлари, лойиҳа муаллифлари иштирок этди.
Президентнинг давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов тақдимотда сўзга чиқиб, Ўзбекистондек бой тарих ҳамма давлатга ҳам насиб қилмаганини таъкидлади.
“Ҳали яна Жалолиддин Мангуберди каби инсонлар униб-ўсади. Ўзбекистонда янги бир босқич бошланди. Бу босқичда болаларимиз тарихни яхши ўрганиши лозим”, - деди президент маслаҳатчиси.
Шунингдек, тақдимотда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, лойиҳа раҳбари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, лойиҳанинг асосий қисми карантин даврига тўғри келганини, шундай бўлишига қарамасдан, сериални суратга олиш ишлари муваффақиятли амалга оширилганини айтди.
“Сериални суратга олиш ишлари яхши кетаётган эди. лекин пандемия балоси бизнинг ишимизга ҳам зарар келтирди. Карантин даврида суратга олиш ишлари режадан чиқиб кетди, қанчадан-қанча актёрлар Туркияда оиласидан узоқда яшашига тўғри келди. Лойиҳани шу йилда тугата олишимизга ҳам шубҳа қилган эдим. Лекин Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши ва фидойи ижодкорлар ҳаракати билан тақдимот кунига етиб келдик.
Бугун нафақат тақдимот маросими, балки ўзбек миллий киночилигида янги саҳифа очиляпти. Умид қиламанки, бунга сериални томоша қилиб амин бўлиш мумкин бўлади. Албатта, бу сериал турли фикрларга, танқидларга сабаб бўлади деб ўйлайман, лекин биз бунга тайёрмиз. Биз фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қиламиз. Ғурур билан айтишимиз мумкинки, биз буни уддаладик”, - деди Саида Мирзиёева.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков мазкур сериал президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихни чуқурроқ ўрганиш ҳақидаги чақириғига жавоб берувчи биринчи лойиҳа бўлиши мумкинлигини қайд этди.
“Агар биз тарихимизга меҳр қўйсак, бугунги уйғониш даврини биз амалга ошира оламиз” – деди вазир.
Маданият вазирлигининг маълумот беришича, “Мендирман Жалолиддин” сериали Туркиянинг “Bozdag film” компанияси томонидан суратга олинмоқда. “Bozdag film” компанияси Туркиянинг “Тирилиш-Эртуғрул” ва “Қурилиш-Усмон” каби сериаллари муаллифи ҳисобланади.
Айни пайтда Туркиядаги 30 гектар майдонда барпо этилган “Bozdag film” платосида Ўзбекистоннинг XIII асрга оид муҳити жонлантирилган. 1200 нафар ишчи-хизматчининг меҳнати билан 3500 квадрат метр майдонда баландлиги 5,5 метр бўлган икки қаватли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарган. Юзлаб метр узунликдаги деворлари, тахт зали, бир-биридан муҳташам хоналари, дарвозалари, ўйма эшиклари, ҳарам ҳовлиси, ички нақшу нигорлари билан бу бино кино декорациясини эмас, XIII асрга оид ҳақиқий саройни эслатади. Гурганч кўчалари, аҳоли яшайдиган уйлар, катта бозор ҳам даврга уйғун тарзда бунёд этилди. Истанбулдан 750 километр масофадаги Оқсарой музофотида эса саҳро жанг саҳналари суратга олинган.
“Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи фасли 13 қисмдан иборат бўлиб, премьера 2021 йилнинг январь ойига режалаштирилган.
Мавзуга оид
12:00 / 29.08.2022
Шавкат Мирзиёев Урганчда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини очиб берди
07:42 / 02.06.2022
Урганчда «Жалолиддин Мангуберди мактаби» қурилиши бошланди
16:39 / 11.10.2020
«Лойиҳамиз емаган сомсасига пул тўлаяпти» — Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» фильми атрофидаги тушунмовчилик ҳақида
11:57 / 04.10.2020