Жамият | 11:57 / 04.10.2020
54120
5 дақиқада ўқилади

«Мендирман Жалолиддин»нинг илк қисми қандай кутиб олинди? – ташкилотчилар ва томошабинлар таассуротлари

Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида суратга олинаётган «Мендирман Жалолиддин» сериалининг 1-қисми тақдимоти бўлиб ўтди. Сериалнинг биринчи фасли 13 қисмдан иборат бўлиб, премьера 2021 йилнинг январь ойига режалаштирилган, илк қисмига эса илк томошабинлар ўз баҳосини бермоқда.

Сериалнинг тасвирга олиш ишлари деярли тугаган

«Айни пайтда сериалнинг тасвирга олиш ишлари деярли тугади. Лекин ҳали монтаж, бўёқлар, овозлаштириш ишлари ҳам олдинда турибди. Биринчи қисмнинг овозлаштириш ишлари шошилинч тарзда қилингани учун унчалик кўнглимиз тўлмади. Бу камчилик устида ҳам ишланади. Сериал учун 10дан ортиқ сценарийлар устида ишланди. Бошидаги режалар ўрнига бошқа унинг ўрнини тўлдирувчи ишлар қилинди.

Сериалнинг премьераси 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига режалаштирилмоқда», дея маълумот берди Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Вазирнинг қайд этишича, актёрлар бир-бирини яхши тушуниши учун ўзбек актёрлари турк тилини ҳам ўрганишган.

«Биз фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қиламиз»

Тақдимотда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, сериал лойиҳаси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, суратга олиш ишлари қандай боргани ва сериалдан нималар кутилаётгани ҳақида гапирди.

«Сериални суратга олиш ишлари яхши кетаётган эди. Лекин пандемия балоси бизнинг ишимизга ҳам зарар келтирди. Карантин даврида суратга олиш ишлари режадан чиқиб кетди, қанчадан қанча актёрлар Туркияда оиласидан узоқда яшашига тўғри келди. Лойиҳани шу йилда тугата олишимизга ҳам шубҳа қилган эдим. Лекин Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши ва фидойи ижодкорлар ҳаракати билан тақдимот кунига етиб келдик.

Бугун нафақат тақдимот маросими, балки ўзбек миллий киночилигида янги саҳифа очиляпти. Умид қиламанки, бунга сериални томоша қилиб амин бўлиш мумкин бўлади. Албатта, бу сериал турли фикрларга, танқидларга сабаб бўлади деб ўйлайман, лекин биз бунга тайёрмиз. Биз фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қиламиз. Ғурур билан айтишимиз мумкинки, биз буни уддаладик», деди Саида Мирзиёева.

«Чингизхон ролида қийналмадим» – Жавоҳир Зокиров ўз роли ҳақида

Сериалда Чингизхон ролини гавдалантирган Жавоҳир Зокировнинг айтишича, турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда ишлар профессионал олиб борилмоқда.

«Режиссёрлар, операторлар, ким бўлса ҳам, сериалда ишлаётган бирор киши иш жараёнида озгина бўлса ҳам чалғимайди, ҳамманинг бутун диққати сериалда бўлади. Ўз ишимни яхши кўрганим учун Чингизхон ролини ижро этишда унчалик катта қийинчилик сезмадим», дейди актёр.

«Сериал тўлиқ намойиш қилингач, уни ёдлаб олсак керак» – томошабинлар премьера ҳақида

Тақдимотда қатнашган тадбиркор Мурод Назаров сериал ҳақида ўз таассуротларини билдирди.

«Мен ўзи тарихий киноларни жуда яхши кўраман. Айниқса, аждодимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида сериал ишлангани менга жуда ёқди. Сериал фақат тарих, урушдан эмас, ватанпарварлик, мардлик, олижаноблик каби хислатларни қамраб олади. Халқимиз учун фойдали бўлади, деб ишонаман. Бизнесмен сифатида сериал ўзига сарфланган пулни тўла оқламаслиги мумкин, деб айтишим мумкин. Лекин бу ватан учун катта иш. Менимча, сериал чиққандан кейин ёдлаб олсак керак», дейди Мурод Назаров.

Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам сериал ўзида яхши таассурот қолдирганини айтди.

«Очиғини айтаман, сериал ёқди. Ич-ичимдан сериал қанақа чиқаркан, деб ўйлагандим. Лекин профессионалларнинг «қўли» сезилди. Бизнинг ижодкорларимизда ҳам истеъдод бор, фақат уларни ҳам профессионаллар билан бирга қўйиш керак. Чунки биз ўз қобиғимизда ривожлана олмаймиз. Тарихий фильмларнинг ҳаммаси яхши чиқмаса ҳам, лекин энг муҳими уларнинг ишлашга бўлган иштиёқ сўнмасин», дейди у.

Ёшлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сериал ёшларни қизиқтира оладиган йўналишда олингани, ҳаракатларга бой қилиб ишлангани ҳақида гапириб ўтди.

«Бир вақтнинг ўзида тарихни ҳам ўргата олиши сериалнинг қадрини янада оширади. Ёшлар премьерани бемалол кутишлари мумкин», деди Алишер Саъдуллаев.

Сериал учун 30 гектар майдонда декорация қилинган

«Мендирман Жалолиддин» сериали Туркиянинг «Тирилиш-Эртуғрул» ва «Қурилиш-Усмон» каби сериаллари билан машҳур бўлган «Bozdag film» компанияси томонидан суратга олинмоқда.

Туркиядаги 30 гектар майдонда барпо этилган «Bozdag film» платосида Ўзбекистоннинг XIII асрга оид муҳити жонлантирилган. 1200 нафар ишчи-хизматчининг меҳнати билан 3500 квадрат майдонда баландлиги 5,5 метр бўлган икки қаватли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарган. Гурганж кўчалари, аҳоли яшайдиган уйлар, катта бозор ҳам даврга уйғун тарзда бунёд этилган. Истанбулдан 750 километр масофадаги Оқсарой музофотида саҳро жанг саҳналари суратга олинган. Либослар устида эса 200дан ортиқ киши меҳнат қилган. 

Мавзуга оид