Ўзбекистон | 20:30 / 22.12.2017
42721
24 дақиқада ўқилади

Президентнинг Парламентга мурожаатномаси. Асосий жиҳатлар

Бугун, 22 декабрь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис ва ҳукумат аъзолари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистоннинг 33 мамлакатдаги дипломатлари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилди.

«Давлат раҳбари таъкидлаганидек, кўплаб тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.

Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент матбуот хизмати мурожаатномадаги асосий жиҳатларни келтирган.

2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу келаси йил қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Миллий валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошлади. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.

12 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. 11 йиллик таълим қайта тикланди.

Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди.

Ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида «Дўстлар клублари» ташкил этилди.

2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Якунига етиб бораётган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквандо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилди. Жорий йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди.

Йиғилишда давлат раҳбари 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном беришни таклиф этди. Қатнашчилар бу таклифларни олқишлар билан қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга батафсил тўхталиб ўтди.

Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни, замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир. Фаол тадбиркор, деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар тушунилади.

Давлат раҳбари қайд этганидек, бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.

Шу маънода, янги ташкил қилинган Инновацион ривожланиш вазирлиги нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажариши керак.

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борар экан, Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.

Ислоҳотлар самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторлар алоҳида ўрин тутиши керак. Лекин амалда уларда фаоллик ва ташаббускорлик етишмаяпти. Йил давомида билдирилган 136та қонунчилик ташаббусидан бор-йўғи 27 таси депутатларга тегишли бўлиб, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президентнинг фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалардир. Парламент фаолияти эса кўп ҳолларда шунчаки расмий йиғилишлардан иборат бўлиб қолмоқда. Хусусан, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида талай камчиликлар мавжуд. Қонунчилик палатаси тизимдаги муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал этишга қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Давлатимиз раҳбари айтганидек, керак бўлса, Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этиб, унинг аъзолари асосан ҳудудларда фаолият кўрсатса, нур устига нур бўларди.

Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус «майдон»лар яратиши зарур. Шу муносабат билан ҳар бир фуқаро давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрини билдириши учун Интернет тармоғида «Менинг фикрим» деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Президент Шавкат Мирзиёев демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш ҳам зарурлигини таъкидлади.

Давлат органлари фаолиятини режалаштириш, самарадорлигини ошириш ҳамон долзарб масала бўлиб турибди. Бугун бирорта идоранинг ўтган даврдаги фаолиятини холисона баҳолаш имконини берадиган аниқ мезон йўқ. Шунинг учун вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар прогноз кўрсаткичларни белгилашда ўз фаолиятида кутилаётган натижаларнинг аниқ миқдор ва сифат кўрсаткичларини белгилаб олиши лозим. Давлат бошқарув органлари ва Вазирлар Маҳкамаси ўртасида ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича принцип ва механизмларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Энг оғир муаммолардан бири – давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетганидир. Масалан, ҳозирги вақтда 64та лицензия тури мавжуд бўлса, шундан 21таси Вазирлар Маҳкамаси ва 40таси марказий идоралар томонидан берилади. Бу лицензияларнинг учтаси вилоят ҳокимликлари ва фақатгина биттаси туман ҳокимликлари ваколатига тегишлидир. Шундан келиб чиқиш, Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш керак.

Эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. Аммо аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади. Шу муносабат билан Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш тўғрисида сўз юритиб, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу комиссия одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириши, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиши, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим.

Шунингдек, юксак профессионал даражада фаолият юритадиган малакали судьяларни тайёрлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш кераклиги қайд қилинди.

Шу мақсадда ўтган бир йил мобайнида суд, прокуратура, ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Лекин бу борада қабул қилинган қатор ҳужжатлар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмаяпти. Ички ишлар идоралари ҳали чинакам «Халқпарвар ички ишлар идоралари»га айлангани йўқ. Прокуратура органларининг эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти етарли эмас. Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ. Шу сабабли бу соҳадаги ислоҳотлар келгусида ҳам қатъий ва изчил давом этади.

Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган Низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ҳужжат чорак аср давомида ўзгартирилмагани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг фикрича, Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди. Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борар экан, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-ўринда туриши таъкидланди. Ваҳоланки, юртимиз бой табиий ресурсларга, катта иқтисодий салоҳиятга эга. Ҳамма гап ана шу захирани халқ манфаати йўлида оқилона ва самарали ишлата олишдадир.

Иқтисодиётда бошқарув тизими эскиргани, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмлар ўз вақтида жорий қилинмагани жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шунингдек, технологик қолоқлик, ресурс ва энергияни тежайдиган технологиялар, муқобил энергия манбаларини татбиқ этишнинг сустлиги иқтисодий тараққиёт йўлида тўсиқ бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан давлатнинг инновацион янгиланиш дастурини шакллантириш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича кучли миллий ғоя, миллий дастур керак.

2018 йил фаол тадбиркорликни ривожлантириш эътибор марказида бўлади. Бу соҳани қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Айрим корхоналарга имтиёзлар берилгани эркин рақобат муҳити бўғилишига олиб келди. Энди бундай амалиётдан воз кечилади. Бозор иқтисодиёти шароитида тенг ва ҳалол рақобат муҳитини яратиш мақсадида «Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада самарали таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, экспорт-импорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон 190 давлат орасида 175-ўринда туради. Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун Бельгияда 1 соат кифоя қилса, Ўзбекистонда 1 ой муддат сарфланади. Шу муносабат билан келаси йилдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни, тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказиш жорий этилади.

Айни вақтда ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Текшириш ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтилиб, унинг назорати Бош прокуратурага юкланади. Барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилади.

Биз бўш турган давлат мулки объектларини ўзаро шериклик асосида хусусий секторга ўтказиш бўйича ишлар давом эттирилади. Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини, жумладан, тадбиркорлар учун ажратишнинг ягона тартиби ўрнатилиб, 2018 йилдан электрон савдо майдонлари орқали давлат активларини сотиш бўйича электрон тизим ташкил этилади.

Иқтисодиётни ривожлантиришда пухта ва барқарор банк-молия тизими улкан аҳамиятга эга. 2018 йилда банк тизими фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида валютани либераллаштириш жараёни бошланди. Валюта сиёсати бизнес ва иқтисодиётни ривожлантириш манфаатларига тўлиқ хизмат қилиши, инвестиция фаолиятига ижобий туртки бериши лозим.

2018 йилда солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилади. Чунки ислоҳотлар даврида давлат тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши учун бюджет барқарор бўлиши керак.

Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида бўлган инвесторлар учун мамлакатимизни жозибали қилиш мақсадида солиқ тизими такомиллаштирилади. Барча бизнес тоифалари учун солиқ юкини камайтириш ва қулайлаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарур. Солиқ имтиёзлари беришда индивидуал ёндашувлардан воз кечиб, уларни фақат иқтисодиётнинг маълум тармоқлари учун қўллаш амалиётига ўтилади.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, бюджет тизимини қайта кўриб чиқиш, бюджет даромадлари ва харажатлари очиқ ва ошкора бўлиши таъминлаш лозим.

Ташқи иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта имконият ва захиралар мавжуд. Бу борада Марказий Осиё мамлакатлари ва йирик шериклар – Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш давом эттирилади. Келаси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошланади. Асосий мақсад – ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни «ўзбек бренди» номи билан олиб чиқишдан иборат.

Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбари иқтисодиётдаги етакчи тармоқ – қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга етмайди. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш лозим.

Ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, имконият ва жавобгарлигини кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бунинг учун Давлат-хусусий шериклик муносабатларини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш керак.

Қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш – долзарб масалалардан бири. Шу мақсадда қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишларга тўхталиб, илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш лозимлигини қайд этди.

Айни вақтда аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, стипендия, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилади.

Саломатликни муҳофаза қилиш борасида ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишлар изчил давом этади. Хусусий тиббиётни жадал ривожлантириш учун хорижий инвесторларни жалб этиш ва чет эллик мутахассислар мамлакатимизда доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни янада кучайтирилади. Яқин вақт ичида аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона қуриб, ишга туширилади. 2018 йилда 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади.

Ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Шу асосда янгича ёндашувлар ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Энди Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциацияси тузилади. Ёшлар хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлиши уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этиши учун катта имконият яратади. Шунинг учун келаси йил Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Бундан буён ҳам инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни чуқур ўқитиш масаласига устувор аҳамият берилади.

2018 йилда намунавий ва арзон уй-жойлар қуриш кўлами жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайтирилади.

Маълум қилинганидек, келаси йил янги йўллар барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар режалаштирилган.

Маданий мерос объектларини ишончли қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Археологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва археологик топилмаларни сақлаш дастури ҳам қабул қилинади.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган юртдошларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Дунёдаги таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашни ҳар томонлама кучайтириш шарт. Бу – замон талаби. Аввало, шу йўналишда шаклланган тизим самарадорлигини янада ошириш, айниқса, диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш зарур. Хусусан, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар, диний-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари биргаликда иш олиб бориши лозим.

Ахборот ресурслари орқали тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибида алоҳида бўлинмалар ташкил этилади.

Жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг долзарб вазифалардан бўлиб қолади.

Ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни бошланди. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш мақсадида Мудофаа доктринаси янгидан қабул қилинади. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади.

Айни пайтда мудофаа соҳасида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар бор. Аввало, Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Мудофаа доктринасининг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўп иш қилиш керак. Хусусан, Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш учун Мудофаа-саноат комплексини шакллантириш ва ривожлантириш давлат дастурини қабул қилиш зарур.

Мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттиради. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда тузилган шартнома ва келишувлар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Бу мақсадларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асос ва механизмларни яратиш зарур. Шу муносабат билан Бош вазир, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан биргаликда Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни сўзсиз амалга оширишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминлаш вазифаси топширилди.

«Оғир йил кутиб турибди. Қилсак бўлади, лекин халқимиз таъбири билан айтганда сув келса симириб, тош келса кемириб, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда ҳаётда ҳеч нарса ўз ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди. Бугун гап халқимиз, ватанимиз, болаларимиз келажаги ҳақида бормоқда. Барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, барча тажрибамизни ватанимизга сафарбар этишимиз керак. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмаслигимиз керак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол ишласак, ўз олдимизга қўйган мақсадларга албатта етамиз», дея сўзини якунлади президент.

Мавзуга оид