Ўзбекистон | 13:45 / 30.03.2021
25690
2 дақиқада ўқилади

1917 йилгача бўлган тарихий архив ҳужжатлари махфийликдан чиқарилди – «Ўзархив»

1917 йилгача бўлган тарихий ҳужжатлар, хусусан, Туркистон генерал губернатори концеляриясига тегишли ҳужжатлар махфийликдан чиқарилгани маълум қилинди.

«Ўзархив» агентлигининг Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида агентлик директори Улуғбек Юсупов жорий йил ўтган даври мобайнида агентлик томонидан бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди. Улуғбек Юсуповнинг таъкидлашича, тарихчиларни қийнаб келган муаммолардан бири Туркистон генерал губернаторининг 1917 йилгача бўлган архив материаллари махфий ҳужжатлар қаторидан чиқарилган.

«Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда 1917 йилгача бўлган тарихий архив ҳужжатларини махфийликдан чиқардик. Жами тўртта фонддаги бу ҳужжатлар узоқ йиллар тарихчиларни ўйлантириб келган эди. Масалан, Туркистон генерал губернатори концеляриясига тегишли бўлган йиғма жилдлар махфийликдан чиқарилди.

Эндиликда тарихчилар архив ўқув залларига келиб мана шу ҳужжатлар билан танишишлари ва тадқиқотларида фойдаланишлари мумкин», деди «Ўзархив» директори.

Ўзбекистон Миллий архиви республикадаги ягона ва Марказий Осиёдаги энг йирик архивлардан бири бўлиб, Ўзбекистон Миллий архиви бугунги кунда 3 мингдан ортиқ фондларда 1млн. 800 мингдан ортиқ сақлов бирлигида ҳужжатлар сақланмоқда.

Мавзуга оид