Жаҳон | 12:08 / 27.02.2024
11605
2 дақиқада ўқилади

Россия 1 мартдан бензин экспортини 6 ойга тақиқлади – ОАВ

РФ мавсумий талабнинг ошиши фонида бензин экспортига 1 мартдан вақтинчалик тақиқ киритди. Экспорт тақиқи ЕОИИ мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга келишилган етказиб бериш ҳажмларига тааллуқли эмаслиги айтилмоқда. Ўзбекистон 2023 йил декабрда Россиядан бензин импорт қилишни бошлаганди. 26 февралда UNG Petro шохобчаларида АИ-80 нархи 7000 сўмга чиқди, бу импорт бензини нархи ошгани билан изоҳланди.

Фото: РИА Новости/Илья Наймушин

Россия 2024 йил 1 мартдан бошлаб бензин экспортига 6 ойлик тақиқ киритмоқда. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Нашр манбасига кўра, бош вазир Михаил Мишустин 2024 йил 1 мартдан бошлаб олти ой муддатга бензин экспортини тақиқлашни маъқуллаган. Шунингдек, биржада дизел ёнилғисини сотиш стандартини 16 фоизга ошириш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинган.

Вақтинчалик экспорт тақиқи Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга келишилган етказиб бериш ҳажмларига тааллуқли эмас”, — дейилади хабарида.

Таъкидланишича, чеклов ички бозорда ёнилғига талаб ортиб бораётган мавсум – баҳорги дала ишлари, нефтни қайта ишлаш заводларида режалаштирилган таъмирлаш ишлари, шунингдек, ёзги таътиллар бошланиши билан боғлиқ.

Россия ҳукумати 2023 йил сентябр ойида ҳам ёнилғи (бензин ва дизел) экспортига тақиқ қўйганди. Бу чора ноябр ойида бекор қилинди.

Ўзбекистонда 26 февралдан “Ўзбекнефтгаз” АЁҚШларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмдан 7000 сўмга қимматлади. «Ўзбекнефтгаз» нарх ошишини импорт бензини нархи ошиши билан изоҳлади. 2022 йил 13 декабрдан 2023 йил 31 декабргача АИ-80 маркали бензин учун акциз солиғининг нол ставкаси қўлланган, 2024 йил 1 январдан бошлаб бу имтиёзли давр якунланиши билан UNG Petro шохобчаларида бу маркадаги бензин 6800 сўмдан сотила бошлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2023 йил январидан бошлаб Россиядан Аи-80 бензини импортини бошлаган.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид