Ўзбекистон | 20:04 / 01.01.2026
11649
3 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон университетининг кампуси 200 млн долларга баҳоланмоқда

2021 йилда ташкил этилган университетнинг Янги Тошкентда қурилаётган кампуси 10 минг талабага мўлжалланган бўлиб, 50 гектар майдонни қамраб олади. Пудратчи – Туркиянинг Özgüven компанияси. Мажмуа 2027 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Янги Ўзбекистон университети ёнида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси ҳам қуриляпти.

Фото: "Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр

Янги Ўзбекистон университетининг Янги Тошкентда қурилаётган бинолари 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режа қилинган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, университет кампусининг дастлабки қиймати 200 млн доллар бўлиб, 50 гектар майдонни қамраб олади.

Лойиҳа Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси буюртмаси асосида, туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини “Özgüven” компанияси амалга оширяпти.

Мажмуа таркибида 10 минг талабага мўлжалланган 5 та факултет, ректорат, минг ўриндан ортиқ жойга эга кутубхона, музей, кўргазмалар зали, мултимедиа хоналари барпо этилади.

Шунингдек, талабалар учун минг ўринли спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган 2 минг ўринли ётоқхоналар ҳамда ошхоналар қурилади.

“Ушбу университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим дастурлари бошқа олий ўқув юртлари учун андоза бўлиши керак”, – деди 30 декабр куни қурилиш ишлари билан танишган президент Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бошқа олий ўқув юртларини ҳам шу тарзда таъмирлаш, жиҳозлаш, таълимга илғор технологияларни жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берган.

Эслатиб ўтамиз, Янги Ўзбекистон университети 2021 йил 23 июндаги президент қарорига асосан ташкил этилган. Қарорга биноан, биноси қурилгунга қадар олийгоҳ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети инфратузилмасидан фойдаланиб турибди.

Миллий кутубхона

Давлат раҳбари Янги Тошкентдаги 4 гектар майдонда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси қурилишини ҳам кўздан кечирди.

4 қаватли биноларнинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имконини беради.

Кутубхона фондларини сақлаш, ҳисобга олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стерилизация қилиш учун махсус юқори технологияли хоналар ташкил этилади. Мажмуа кўп функцияли бўлиб, халқаро ва миллий йирик кутубхоналарнинг электрон базаларига онлайн уланиш имкони яратилади. Кўзи ожиз фуқаролар учун махсус ўқиш ва тадқиқот муҳити йўлга қўйилади.

Шунингдек, ташриф буюрувчилар учун 300 ўринли кафе, галерея, енгил спорт ўйинлари майдончалари ва дам олиш ҳудудлари барпо қилинади.

Шавкат Мирзиёевга кўра, бу кутубхона Янги Тошкентда барпо этилаётган таълим ва маърифат масканларининг тизимида муҳим ўрин тутади. Замонавий кутубхона имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш учун ходимлар ахборот технологиялари ва халқаро стандартларни чуқур ўзлаштириши зарурлиги қайд этилди.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид