Андижон вилояти ҳокимлиги барчани ўйнатадиган топшириқ берди
“Андижон полкаси ойлиги” эълон қилиниши муносабати билан, вилоятдаги барча корхона ва ташкилотларнинг раҳбарларига меҳнат жамоасининг Андижон полкасига рақс тушишини таъминлаш ва бу ҳақда ҳокимликка фотоҳисобот бериб бориш топшириғи берилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида Андижон полкаси яратилганининг 100 йиллиги ва “Андижон полкаси” халқ ансамбли тузилганининг 65 йиллигини нишонлаш бўйича топшириқ берилди.
Топшириққа биноан, 25 апрелдан бошлаб вилоятдаги барча ташкилот, муассаса ва идора раҳбарлари, барча даражадаги таълим муассасалари, умуман вилоят ҳудудида жойлашган ва “ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар” бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритишлари лозим.
Ушбу топшириқ ва вилоятда “Андижон полкаси ойлиги” эълон қилингани ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари Азизхон Максумов 25 апрелда имзолаган, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига юборилган хабарномада маълум қилинган.
Хабарномада, шунингдек, Андижон шаҳридаги барча жамоат транспорти, савдо дўконлари, бозорлар, меҳмонхоналар, авто ва темирйўл вокзаллари ҳамда одамлар гавжум бўлган бошқа жойларда Андижон полкасига бағишланган челленжлар ва флэшмоблар ташкил қилиш зарурлиги белгиланган.
Барча ташкилот, муассаса ва идоралар “Андижон полкаси ойлиги” доирасида ўтказилаётган тадбирлар юзасидан ҳар ҳафта жума куни фотоалбом ва ёзма ахборотни вилоят ҳокимлигининг туризм котибиятига тақдим этиши белгиланган.
Андижонда ушбу топшириқни ижро этишга дарҳол киришган ташкилотлар бор. Турли давлат ташкилоти, идоралари ва ўқув даргоҳлари Андижон полкасини жўр бўлиб ижро этишга киришишган. Масалан, Андижон туманида:
Андижон полкаси Шаҳрихон туманидаги 15-боғча тарбияланувчилари ва тарбиячилари талқинида:
Бўстон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари Андижон полкаси садолари остида гимнастика жараёнини ўтказишган:
Қўрғонтепа тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи ходимларининг ижроси:
Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ходимларининг челленжи:
“Мурувват уйи” меҳнат жамоаси томонидан ижро этилган рақс:
Қўрғонтепа тумани Педагогика коллежи талабаларининг чиқиши:
Қўрғонтепа туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида (аввалги Қурилиш коллежи) ижро этилган полка:
Қўрғонтепа туманидаги тиббиёт техникуми талабалари полка садолари остида гимнастрада жараёнини ўтказдилар:
Албатта, вилоят раҳбариятининг Андижон полкаси юбилейини нишонлаш ҳақидаги ташаббуси яхши ғоя. Лекин гап уни қандай қилиб амалга оширишда. Масалан, ҳозир тадбирбозлик, маъмурий буйруқбозлик кўринишида берилган топшириқдан сўнг чиройли тадбир қандай хунук кўриниш олганини кўпчилик фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда қайд этиб туришибди.
Ушбу рақслар танловини чиройли танлов тарзида, ёшлар ва корхоналар кесимида ўтказиш мумкин эди. Зеро, Андижон полкасини Андижоннинг ўзида ҳам ҳамма чиройли ижро этиб бера олмайди. Ёппа андижонликлар эмас, энг моҳир раққос ва раққосларнинг ижросида янада жозибали кўринар эди.
Шуҳрат Шокиржонов,
журналист