Жамият | 18:42 / 03.03.2026
4995
2 дақиқада ўқилади

Марҳум Ҳосилбек Эшназаров «Жасорат» медали билан мукофотланди

25 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган Дониёр Турғунов автомашинада йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган, кейинчалик у оғир жароҳатлар оқибатида вафот этган эди. Мукофотлаш тўғрисидаги президент фармонида инспекторнинг «қасамёдига содиқ қолган ҳолда ўз бурчини сидқидилдан ва юксак шараф билан адо этиб, мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатгани» қайд этилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Президент фармонига кўра, марҳум кичик сержант Эшназаров Ҳосилбек Бекназар ўғли «Жасорат» медали билан мукофотланди.

«Ички ишлар органларидаги фидокорона меҳнати, юртимизда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини сақлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, муқаддас қасамёдига содиқ қолган ҳолда ўз бурчини сидқидилдан ва юксак шараф билан адо этиб, мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патрул хизмати инспектори, марҳум кичик сержант Эшназаров Ҳосилбек Бекназар ўғли «Жасорат» медали билан мукофотлансин», дейилади фармонда.

2026 йил 25 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган Дониёр Турғунов автомашинада йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган эди. Кейинчалик инспектор оғир жароҳатлар оқибатида вафот этди. Бош прокуратура хабарига кўра, жиноят иши доирасида Дониёр Турғунов қамоққа олинган. У Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади) ва 104-моддаси 3-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади) “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид