Фан-техника | 10:03 / 13.09.2018
29775
5 дақиқада ўқилади

Apple янги авлоддаги iPhone смартфонларини тақдим қилди

12 сентябрда Apple анъанавий равишда янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Тақдимот Стив Жобс номидаги театрда бўлиб ўтди. Кутилганидек, компания iPhone’нинг учта янги модели – iPhone XS, XS Max ва XR’ни тақдим қилди. Қуйида улар билан таништириб ўтамиз.

iPhone XS ва iPhone XS Max

Фото: Apple
Фото: Apple

Тақдим қилинган барча янги моделларда iPhone X дизайни сақланиб қолган. 

iPhone XS 5,8 дйюмли ва 2436х1125 пикселли экран, iPhone XS Max эса 6,5 дюймли ва 2688х1242 пикселли экран олди. Шу тариқа, iPhone XS Max модели iPhone қаторидаги энг катта ўлчамли смартфонга айланган. 

Фото: Apple

iPhone XS ва XS Max 6 ядроли A12 Bionic процессорида ишлайди. Бу процессор 7-нм ли технологик жараёнда бажарилган илк чиплар бўлди. Компанияда таъкидланишича, ушбу процессор дастурларга iPhone X’дагидан 30 фоиз тезроқ ишлашга имкон беради. Шунингдек, янги смартфонлар такомиллашган 4 ядроли график процессорлар билан жиҳозланади. 

Фото: Apple

Смартфонлар 12 Мпли, оптик барқарорлаштиргич, 2 карра оптик ва 10 карра рақамли катталаштиргичга эга асосий қўш камера билан жиҳозланган. Камера бир қатор ўзгартиришлар эвазига турли вазиятларда сифатли фото ва видео олишни таъминлайди. Қурилмаларнинг олд камераси 7Мпли бўлиб, портрет режимида суратга олишни қўллаб-қувватлайди. 

Фото: Apple
Фото: Apple

Қурилмаларни блокдан чиқариш учун юзни таниш тизими Face ID’нинг такомиллашган версиясидан фойдаланилади. Бундан ташқари, иккала смартфон IP 68 стандарти бўйича намлик ва чангдан ҳимоя билан таъминланган, бу эса қурилмага 2 метр сув остида ярим соат остида ҳеч қандай асоратларсиз қолиш имконини беради. 

Ушбу смартфонлар iPhone қаторида иккита SIM-карта слоти оладиган илк қурилмалар бўлди. Бироқ бу смартфонларнинг 2 сим-картали версиясидан фақат Хитойда фойдаланиш мумкин бўлади. Қолган давлатларда смартфоннинг виртуал eSIM’ни қўллаб-қувватловчи версияси таклиф қилинади.   

Фото: Apple

Қурилмалар кумушранг, қорамтир ва тилларангларда 64, 256 ва 512 Гб хотира билан тақдим қилинади. Нархларга келадиган бўлсак, iPhone XS 999 доллардан, iPhone XS Max эса 1099 доллардан бошлаб таклиф қилинади. 

iPhone XR

Тақдимотда намойиш қилинган учинчи моделга келсак, iPhone XR арзонроқ, 6,1 дюймли ва 1792х828 пикселга эга LCD-дисплейли ҳамёнбоп смартфон сифатида тақдим қилинган. Смартфон корпуси алюминийдан ишланган. iPhone XS ва XS Max эса зангламайдиган пўлатдан ишланган рамка ва ойнаванд орқа панелга эга.

Фото: Apple

Смартфон қолган икки модел каби A12 Bionic процессори билан жиҳозланган, бироқ пастроқ даражадаги IP 67 стандарти бўйича чанг ва намдан ҳимояга эга. Қурилманинг ички хотираси 64, 128 ёки 256 Гбни ташкил қилади. 

Қурилма ҳам Face ID ва 7 Мпли олд камера олган. Смартфоннинг асосий камераси 12 Мпли модулдан иборат. Компанияда таъкидланишича, бу камера iPhone қатори тарихидаги энг яхши битталик камерадир. 

Фото: Apple

iPhone XR 6 та рангда таклиф қилинади: оқ, қора, кўк, сариқ, қизил ва коралл. Смартфон бозорга 26 октябрда 749 долларлик нарх билан чиқарилади. 

Бундан ташқари, тақдимотда янги Apple Watch Series 4 “ақлли” соати тақдим қилинган. Қурилма 40 ва 44 ммли экранли версияга эга. Соат янги циферблат ва кучлироқ динамик, кучлироқ процессор s4 билан жиҳозланган. Шунингдек, соатнинг акселерометри яхшиланган. Энди у соат эгасининг йиқилганини аниқлаб, у бир дақиқа давомида ерда ҳаракатсиз ётса, автоматик равишда тез ёрдамга қўнғироқ қилади. Соат фойдаланувчи электрокардиограммасини олувчи функция билан таъминланган. Соат нархи 463 доллардан бошланади.

Фото: Apple

Тақдимотда, шунингдек, симсиз қулоқчинлар AirPods 2, симсиз қувватлаш қурилмаси AirPower ҳам намойиш қилинган.

Мавзуга оид