Ўзбекистон | 12:25 / 18.12.2020
31520
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади» – Бош вазир ўринбосари 

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида гапирди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Мусаев “Тошкент ёшлар форуми –2020” тадбирининг очилиш маросимида ёшларни форум билан табриклаб, ўз нутқида Ўзбекистон коронавирусга қарши қандай курашганига тўхталиб ўтган.

“Касаллик аниқланган биринчи кундан бошлаб давлат раҳбари олдимизга аниқ вазифалар қўйди. Биронтамизга тинчлик бермадилар, бир кун ҳам дам бермадилар. Асосий мақсад – халқимиз соғайиб кетсин.

Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизимига шунчалик кўп пул берилдики, қиёсий маънода буни 30 йил давомида тизимга ажратилган маблағдан ҳам кўпроқ бўлди, деб айтиш мумкин. 

Дунёнинг исталган нуқтасидан шу касалликни даволаш учун керак бўлган дорилар етказиб келинди. Хориждан мутахассислар олиб келинди. Натижада, бугун Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади”, - деди Беҳзод Мусаев.

  • Маълумот учун, 17 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 75 675тани ташкил қилмоқда. Шундан 72 961 киши соғайган, 600дан ортиқ киши вафот этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 2102 нафар бемор даволанмоқда, шундан 169 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Мавзуга оид