“IT'ни қизлар ҳам бемалол ўрганса бўлади” — дастурчи Дурдона Баҳронова билан суҳбат
Kun.uz “Оптимист” рукнининг навбатдаги қаҳрамони Дурдона Баҳронова – веб-дастурчи. У АҚШнинг Кремний водийсида малака ошириб қайтган. Биз Дурдона билан Ўзбекистондаги IT соҳаси, қизлар таълими, шахсий ривожланишнинг аҳамияти, ўзбек ва хориж ёшлари ўртасидаги фарқ ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.
Маълумот учун, қаҳрамонимиз Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. Дастурчилик соҳасида 3 йил тажрибага эга.
Дурдона Тошкентдаги Super Dispatch халқаро компаниясида фаолият юритади. IТ'нинг юраги бўлган Кремний водийсида 5 ойлик тажриба орттириш дастурида ғолиб бўлган. “Google Developers of Tashkent” ҳамжамияти аъзоси, “Women techmakers of Tashkent Community” лидери.
“Қизиққан одамга дастурчилик қийин эмас, қизлар ҳам бемалол ўрганса бўлади”
— Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетига ҳужжатларимни топшираётганимда факультет танлаш вақтида дастурчилик асосларини ҳам ўргатадиган факультетни танладим. Чунки сайтлар қандай ясалишига жуда қизиққандим. Ўз қўлингиз билан нимадир ярата олишингиз – жуда қизиқ ҳиссиёт. Ўқиган йўналишимда ҳам бизнес, ҳам аналитикани ўргандик. Қўшимча қилиб, дастурчиликни ҳам ўзлаштирдик.
Дастурчилик бир нечта йўналишларга бўлинади. Қайси йўналишда мен ўзимни яхшироқ намоён қила олишимни аниқлашим учун барчасига кириб ўрганишимга тўғри келди, бунга жуда кўп вақтим кетди. Охирида веб-дастурчиликда тўхтадим.
Дастурчилик маълум технологияни ясайдиган муҳандисларнинг ишидан кўра анча осон, деб ўйлайман. Дастурчиликда энг керак бўладигани – вақт ва қизиқувчанлик. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.
“Саёҳат қилиш инсонда муаммога бошқача назар билан қарашни шакллантиради”
— Саёҳат қилганингизда жуда хилма-хил нарсаларни кўришингиз мумкин. Сиз ҳар доим еб юрадиган ошни кимдир бошқача ейишига гувоҳ бўларсиз, балки. Хилма-хилликни кўргач, бир муаммога ҳар хил томондан ёндашиш мумкинлигини тушуниб етасиз. Топилган ечимлар ҳаммаси тўғри, ҳеч қайсиси хатомас. Яшаш тарзида ҳам шундай: сиз ўйламаган, қолипингизга сиғмаган кўринишда ҳам яшаш мумкинлигини кўрасиз.
Энг катта оладиган хулосаларимдан бири – одамлар ўзлари истаган кўринишда яшашлари мумкинлигидир. Ҳаёт сизнинг ўз танловларингиздан иборатлигини сезишни бошлайсиз. Мамлакатингизда одамлар қандай яшаса, сиз улар каби ҳаёт кечиришингиз шартмас. Барчасини бошқача қилиш мумкин экан, деб ўйлай бошлайсиз.
Демак, ўзингиз хоҳласангиз, куч ва вақтингизни бирлаштирсангиз, истаган мақсадингизга эришишингиз мумкин.
“Анъанавий оилаларда аввал ўғил болага инвестиция киритилади, кейин эса...”
— Энди дастурчиликни бошлаган вақтларимда дастурчи қизлар деярли йўқ эди. Ҳозир сафимиз анча кенгайди. Дастурчи қизлар камлиги, албатта, менталитетга бориб тақалади. Ўзбекистонда барча соҳаларда ўзгаришлар бўляпти, аммо хотин-қизларга нисбатан муносабатимиз ўзгаргани йўқ.
Кўпчилик анъанавий оилаларда, аввало, ўғил боланинг таълимига инвестиция киритилади. Ўртача даромадли оилаларда ўғил ёки қиз фарзанд таълимига пул сарфлаш танлови келадиган бўлса, шубҳасиз, ўғил бола устунликка эга бўлади. Уйда кимгадир компьютер сотиб олиш керак бўлса, бу ўғил бола учун бўлади. Қиз болага камдан кам ҳолларда компьютер совға қилинади.
Хотин-қизлар таълимига эътибор берган давлатларнинг иқтисодиёти гулласа гуллайдики, аммо ҳеч қачон зарар кўрмаган. Бангладешда 1960-йилларда иқтисодий танглик жуда таранг аҳволда бўлган. Бу вазиятдан чиқиб кетиш учун таълим, тиббиётни оёққа турғизишга ҳаракат қилишган. Айнан таълим Бангладеш иқтисодиётини ўнглашга катта хизмат қилган. Ўша пайтларда мамлакатда хотин-қизлар таълимига ҳам катта урғу берилган эди. Ўзимизда ҳам хотин-қизлар таълимини ривожлантиришимиз керак, бундан мамлакат фақат фойда кўради.
“Кремний водийсидаги компаниялар ва экспертлар тузган 5 ойлик менторлик дастурини тугатдим”
— Дастурчиликнинг front-end йўналишида ишлайман. Front-end фойдаланувчига кўриниб турган функцияларни яратади. Унинг акси бўлган back-end эса асосан маълумотлар базаси билан ишлайди.
Мен айни вақтда ишлайдиган компания дастурчилари логистика тизими автоматизацияси билан шуғулланишади. Бир нарсани иккинчи жойга етказиб беришда фойдаланадиган барча жараёнлар автоматизациялаштирилган бўлиб, ушбу тизимда хатоликлар бўлса, уни тузатиш ва қўшимча функциялар қўшиш билан шуғулланамиз.
АҚШдаги Кремний водийси (Silicon Valley)да 5 ойлик менторлик дастурини ютиб олдим. 20 та давлатдан 5 нафардан қизни танлаб олишади бу дастурга. 5 ой давомида дастурчи қизларга етарли билим беришади. Дастур доирасида турли давлатлардан 113 нафар қиз қатнашдик. Қизлар маълум компанияларга бириктирилиб, уларнинг тажрибаларини ўрганишди.
Мен ўзим Autodesk компаниясида тажриба орттирдим. Компания бошқаруви, ходимлар малакасини, шунингдек, автоматизация бўлими фаолиятини ҳам ўргандик.
“Ўзбек ёшлари хориждаги тенгдошларимизга қараганда қадриятларга кўпроқ боғланиб қолганмиз”
— Университетда ўқиб юрган вақтимда илк маротаба АҚШга борганман. У ерда бошқа миллатга мансуб турли ёшларни учратганман, уларнинг менталитети ҳам бошқача эди, табиийки. Хориждаги тенгдошларимиз биздан фарқли ўлароқ ўзаро суҳбатлашиш, фикр алмашишни жуда яхши кўришади. Улар билан кўп масалаларда муҳокама олиб бориш мумкин. Биз эса жуда ёпиқмиз, ўзимиз муаммоларимиз билан қолиб кетамиз, кўпинча.
Бу яхшими ёки ёмонми билмадим, аммо биз қадриятларга жуда боғланиб қолганмиз. Бу нарса бизнинг шахсий ривожланишимизга салбий таъсир қилиши мумкин. Чунки сиз ўтмишга қанчалик ёпишсангиз, келажакдан шунчалик қолиб кетишингиз мумкин.
“Биз учун муваффақият – яхши уй, машина”
— Бизнинг фикрлашимиз чекланиб қолган. Биз учун муваффақият нима? Биз учун муваффақият яхши уй, машина, ҳамманинг олдида ўзимизни кўз-кўз қилишимиздир, афсуски. “Кўз кўрди” учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолганмиз кўпчилигимиз.
Аслида, ҳар бир инсоннинг ўзи яхши кўриб қиладиган иши бўлиши керак.
Бу ишдан бошқаларга фойда тегиши керак. Халқимизга хос яна бир жиҳат бор: одамларга баҳо беришимиз “ўзгача”: кимнингдир пули кам бўлса, сердаромад иши бўлмаса, демак, унинг жамиятда ўрни йўқ, деган нотўғри талқин бор. Шу орқали тезда хулоса чиқариб оламиз.
Ваҳоланки, одамларнинг мақсадлари турлича бўлиши мумкин. Кимлардир бутун ҳаётини ихтирога бағишлаши мумкин, кимлардир китоб ёзиб одамларга фойдаси тегиши мумкин. Жамиятимизда бундай одамларнинг мавқейи юқори турмайди, уларни “loser” (омадсиз) деб баҳолашлари ҳам мумкин.
Ҳар бир инсон ўзи қилаётган иши учун ҳурматга лойиқ бўлиши керак, деб ўйлайман. Одамларнинг қилаётган иши орқали қанча даромад топишига қараб баҳолаш нотўғри.
“IT кадрларни кўпайтиряпмиз. Ўзбекистонда шунга мос бозорни ҳам яратиш керак”
— Дастурчилар яқин йиллар ичида кўпайди, қизлар сони ҳам салмоқли. Кадрлар муаммоси камайяпти. Бир савол туғилади: Ўзбекистонда шу кадрларга талабни юзага келтирадиган бозор борми? Албатта, дастурчиларга талаб бор, лекин кам. Бўлганларига ҳам кам ҳақ тўлашади. Дастурчи нима қилади бу ҳолатда? Хориж компаниясига ишлашни бошлайди. Буни ёмон деб бўлмайди.
Шундай бозор бўлиши керакки, биз, ўзбекистонлик дастурчилар, ўз билимларимизни ишлатиб, одамларнинг ҳаётини енгиллаштирадиган дастурлар яратиб берсак. Ҳозир қандайдир илова яратсангиз, уни сотиб олишга одамларимизнинг иқтисодий имкониятлари етмаслиги мумкин. Кейин нима қиламиз? Уни хорижга сотамиз. Натижада Ўзбекистонда бу соҳа ривожланиши жуда секинлик билан кетади. Бу ҳолат мамлакатимиз иқтисодий имконияти билан чамбарчас боғлиқ.
Бизда сунъий интеллект, роботлар яратиладиган ва бунга мос ҳақ тўланадиган шароит бўлса, Ўзбекистонда IT тез ривожланади. Қачонки жамиятда ўрта қатлам салмоғи юқори бўлса, харид қилиш қобилияти кучайса, ўшанда маҳаллий бозоримиз ҳам жонланади, пул айланишни бошлайди, иқтисодиётга ҳам фойдаси катта бунинг.
Биз маълум дастурни яратаётганда қўшимча дастурий таъминотларни бошқалардан харид қиламиз. Ўзбекистондан ҳам харид қилишимиз мумкин эди, аммо бизда бунақа дастурлар ишлаб чиқилмайди.
“Турмуш ўртоғим ҳам дастурчи”
— Оила иқтисодий жиҳатдан яхши бўлиши, фарзандлар сифатли таълим олиши учун аёл ишлаши керакми ёки йўқ? Буни ҳар бир оила ўзи учун ўзи танлайди. Лекин фикримча, аёл ва эркак ишлаб, оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтирса, бу фақат яхшиликка хизмат қилади.
Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, оилалиман, турмуш ўртоғим ҳам дастурчи. Иккаламиз бир соҳа вакиллари бўлганимиз учун бир-биримизни яхши тушунамиз. Иккаламиз ҳам ишлаймиз, оилавий муаммоларимизни биргаликда ҳал қиламиз. Чунки оила иккаламизники. Мажбуриятларимиз иккига бўлинган, фақат бир кишига оғирлик қилади.
Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Оператор ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
18:20 / 12.11.2024
“Муаммо – эринчоқлигимизда”: одамдаги стресс даражасини аниқлаш устида ишлаётган ўзбекнинг дастурчи қизи
10:50 / 02.10.2024
ABBYY IT-компанияси россияликларни уч мамлакатдаги офисида ишдан бўшатди
21:25 / 13.08.2024
Сунъий интеллект технологиялари маркази ташкил этилади
15:55 / 20.07.2024