Жаҳон | 00:20 / 11.05.2021
55941
6 дақиқада ўқилади

Қуддусдаги Масжидул Ақсо атрофида уч кундан буён тартибсизликлар тинмаяпти, Эрдўған ва Қодиров Исроилни зўравонликда айблади

Фото: Reuters

Исроил ва Фаластин ўртасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Масжидул Ақсо атрофида уч кундан буён тартибсизликлар тинмаяпти. Қуддусдаги ислом олами учун муқаддас масжидга ибодат қилиш учун бораётган фаластинликлар Исроил полициясининг қаршилигига учради. Оқибатда юзлаб фаластинликлар, 20 нафар исроиллик полициячилар жароҳатланган. Қуддус Исроилнинг сиёсий назоратига ўтганининг 54 йиллиги муносабати билан тўқнашувлар бўлиши кутилганди, чунки бу ҳар йили ўша уруш бошланган май-июн ойларида тўқнашувлар хуруж қилиб туради.

Олти кунлик урушда нималар бўлганди?

1967 йил 5-10 июн кунлари бўлиб ўтган жангда Исроил араб коалициясига (Миср, Сурия, Иордания, Ироқдан иборат) қарши жанг қилиб, охир-оқибат ўз ҳудудидан 3,5 баравар катта ерларни эгаллаб олади. 1967 йил тонгида Исроил қирувчи самолётлари араб коалициясини яксон қилиб, бугун расман ўзиники қилиб олган ҳудудларни 6 кун ичида эгаллайди. Бу урушда Сурия Жўлон тепалигини, Миср Синай яримороли ва Ғазо секторини, Иордания эса Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини бой беради. Айнан шу урушдан сўнг Исроил Қуддуснинг эгаси эканини айта бошлаб, чегараларини шаҳар ҳудудидан белгилайди. 1980 йилда эса Исроил Қуддусни ўзининг ажралмас бўлаги деб эълон қилади.

Шанба куни фаластинликлар уларга масжидга боришга рухсат бермаган исроиллик полициячиларга тошлар билан ҳужум қилишди. Уларга қарши эса кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатилган. 215 нафар жароҳатланган фаластинликлардан 153 нафари касалхонага ётқизилган. Улардан 4 нафари оғир ҳолатда. Исроил полицияси Эски шаҳар ва Сиғиниш тоғидаги ҳудудда хавфсизлик кучайтирилганини маълум қилган. Душанба куни Қуддус Исроил тасарруфига ўтган куни экани муносабати билан тартибсизликлар кучайиши кутилганди. Бу кун Исроилда Иерусалим куни (Қуддусни шундай аташади) сифатида нишонланади. Бу кунда исроилликлар мусулмонлар яшайдиган ҳудудлардан ва Йиғи девори олдидан юриб ўтиб, одатда уруш бошланиб кетади. Бу сафар ўзига хос марш рамазон ойига тўғри келди. Шу сабаб Исроил полицияси марш иштирокчиларига Ақсо масжиди атрофидан юришни тақиқлаганди.

Норозилик чиқишларига яна бир сабаб шуки, кўплаб фаластинлик оилалар Қуддусдан чиқариб юборилиши мумкин. Душанба куни мана шу масалада 70 кишининг даъво аризаси эшитилиши керак эди. Бу эшитув тартибсизликлар сабаб бекор қилинди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу полициянинг намойишчиларга қарши куч қўллашини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳукумат тинчликни бузаётганларга тоқат қилмайди.

Фото: AP
Фото: AP
Фото: AP
Фото: AP
Фото: AP
Фото: AP

Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва БМТ одамларга нисбатан зўравонлик ишлатилишини қоралаб чиқди. БМТ бу масалани хавфсизлик кенгашида кўриб чиқишини маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Эрдўған ҳолат юзасидан кескин фикрлар билдирди: «Қуддусни ва мусулмонларни ҳимоя қилмайдиган дунё ҳалокатга юз тутиб бўлган. Уч динга макон бўлган Қуддусни оёқости қилганларга қарши курашиш ҳар бир дунё фуқаросининг бурчи. Исроил ўз эътиқоди ва минг йиллар давомида ўзлариники бўлган муқаддас жойларини ҳимоя қилаётган мўминларга куч ишлатаётган золим давлат».

Эрдўғаннинг айтишича, у Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ва ХАМАС етакчиси Исмоил Хениййе билан телефонда гаплашган: «Исроил Қуддусда террорга хос ҳаракат қилаётганини айтиш орқали фаластинликларга қилинаётган бу зўравонликни қанчалик қоралашимни кўрсатдим. Бу нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё аҳлига қилинган ҳужум. Бутун дунё, айниқса, ислом олами Исроилнинг террористик ҳаракатларини тўхтатиш учун бирлашиши керак. Туркия доим Фаластиндаги биродарлар ва Қуддус шарафини ҳимоя қилишга тайёр», деб ёзди Эрдўған Telegram-каналида.

Яна бир сиёсатчи, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида Исроил ҳарбийларининг ишларини зўравонлик деб атади: Юзлаб мусулмонлар Рамазон вақтида Ақсо масжиди олдида тўпланишди. Тиш-тирноғигача қуролланган Исроил махсус кучлари эса тинч аҳолига нисбатан қурол ишлатишди. Қани сизнинг либералларингиз ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларингиз? Биз мусулмонлар Ақсони ҳимоя қилиш учун керак бўлса, жон берамиз. Исроил айбини тан олиб, ўзини йиғиштириб олиши учун ҳали кеч эмас, акс ҳолда муаммо катталашиб кетиши мумкин», деб ёзди Қодиров ўз саҳифасида.

Уч кундан буён тинмаётган воқеалар фонида «Ал Қудс» бригадаси Тел-Авив томон ракета зарбалари берилганини маълум қилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса айни дамда пойтахтдаги Исроил армияси штаб квартирасида бўлиб турибди.

Мусулмон олами учун Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди алоҳида аҳамият касб этади. Ислом таълимотига кўра, охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърожга (яъни арши аълога) Жаброил алайҳиссалом билан бирга айнан Ақсо масжидидан кўтарилганлари учун масжид алоҳида қадрланади. Ақсо Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидул Набавийдан кейин ислом оламида энг муқаддас даргоҳ сифатида эътироф этилади. Ислом умматининг биринчи қибласи (Исломнинг илк даврида мусулмонлар Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсо тарафга қараб намоз ўқишарди) деб аталадиган Ақсо масжиди учта динга макон бўлган муқаддас Қуддус шаҳрининг айни дамда Исроил назоратига ўтиб қолган ҳудудида жойлашган.

Мавзуга оид