Исроил Ғазо секторидаги гуманитар ҳудудга ҳаводан зарбалар берди
Исроил «юқори мартабали террорчилар» йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, фаластинликлар гуманитар ҳудудда жангчилар йўқлигини, 40 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, яна 60 нафари яраланганини билдирди.
Исроил армияси Ғазо секторидаги гуманитар ҳудудга ҳаво ҳужумлари уюштирилгани, фаластинликлар эса, ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Исроил армиясининг 10 сентябр, сешанбага ўтар кечаси хабар беришича, Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати қўмондонлик маркази ўққа тутилиши натижасида «юқори мартабали террорчилар» йўқ қилинди.
Шу билан бирга, Фаластин қутқарув хизматлари вакили AFP агентлигига берган интервюсида Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнусда «Ал-Мавози» гуманитар зонасига берилган зарбада камида 40 киши ҳалок бўлганини, яна 60 киши яраланганини маълум қилди, улар яқин атрофдаги касалхоналарга ётқизилган. Ҳужумда «кўчирилган одамларнинг чодирлари» нишонга олингани қайд этилди. «Гуруҳларимиз ҳали ҳам бедарак йўқолган 15 кишини қутқаришга ҳаракат қилмоқда», деди у.
Фаластин фуқаролик мудофаасининг бошқа маълумотларига кўра, Исроил зарбаси оқибатида улкан чуқурликлар юзага келган. «Жасадлари қум вайроналари остида ва чуқур тешикларда қолиб кетган «Ал-Мавози» қирғинида бутун оилалар қурбон бўлди», деди улар.
Ўзаро айбловлар
Исроил армияси «Ғазо секторидаги террорчилик гуруҳлари»ни «гуманитар инфратузилма объектларидан, жумладан, чегараланган гуманитар зонадан тизимли равишда Исроил давлати ва Исроил армиясига қарши террорчилик фаолияти учун фойдаланишда» айблади.
Ҳамас Исроил ҳаво ҳужумига учраган ҳудудда ҳеч қандай жангчи билдирди ва Исроилнинг бу версиясини «очиқ ёлғон» деб атади.
Яқин Шарқдаги кескинлашув
2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.