23:41 / 13.02.2023
28430

Ўзбекистонлик талаба Сардорбек Туркияда қутқарувчиларга ёрдам бермоқда

Ғозиантеп вилояти Ислоҳия шаҳрига ёрдам бериш учун келган кўнгилли қутқарувчилар орасида ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор экан. Биз Измир олийгоҳларидан бирида таҳсил олувчи, қашқадарёлик Сардорбек Ҳасанов билан суҳбатлашдик.

— Бу ерга қандай келиб қолдингиз?

— Зилзила бўлган жойга икки кун олдин келишимиздан аввал бизга, Ўзбекистон аскарлари келишган, рус, инглиз, ўзбекча биладиган таржимон керак дейишди. Шунга алоқага чиқиб, шу орқали икки кун олдин келдим.

— Бу ерда нималарга шоҳид бўлдингиз?

— Ҳозир ҳолат кўриб турганингиздек, жуда ёмон. Орқамиздаги бинолар мисол учун кўринишидан бутун кўринади, бироқ ости кетган. Хавфли. Ҳеч ким яшамайди. Ҳамма ҳозир кўчаларда ўрнатилган чодирда яшаяпти. Уйи йўқлар чодирларга, таниши, қариндоши борлар шаҳарларга кетишди.

— Аҳолига қандай ёрдам беряпсиз?

— Ҳозирги кунда шифокорлар билан биргаликда ёрдам беряпмиз. Ундан ташқари, омборхоналарга ёпинчиқлар келяпти. Омборхоналарга ва шифокорларга ёрдам беряпмиз.

— Ҳозир бу видеони кўргандан сўнг кўпчиликнинг бу ердагиларга ёрдам бергиси келади. Нималар эҳсон қилиш мумкин? Одамлар нималарга муҳтож?

— Бу ёққа ҳозир ҳамма нарса лозим. Асосан одамлар бир марта кийилган кийимлар бериб юборишяпти. Айтмоқчиманки, иложи борича иссиқроқ нарсалар бериб юбориш керак. Ҳаво ҳарорати кечаси –10 даражагача совиб кетяпти. Шунинг учун иссиқроқ нарсаларга эҳтиёж бор.

— Озиқ-овқатларга-чи?

— Озиқ-овқатлар бериляпти. Умуман олганда озиқ-овқатлар етарли. Иссиқ кийим, гигиеник воситаларга кўпроқ эҳтиёж бор. Бу ерда сув чиқмаяпти. Айтишларича, одамлар орасида 10-15 кунлаб ювина олмаган одамлар бор экан.

Сардор Усмоний суҳбатлашди

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Мавзуга оид
Top