6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида, Сурия билан чегара яқинида кучли зилзила рўй бериб, кенг кўламли вайронгарчиликларга сабаб бўлди. Кун бўйи ер силкинишлари давом этди. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда табиий офат қурбони бўлганлар сони 5 мингдан, жабрланганлар сони 25 мингдан ошган.

Украиналик Мария зилзила эпимарказларидан бири бўлган Ғозиантепда яшайди ва ишлайди. У BBC News Украина учун берган интервюсида эрталаб соат 4 да, «квартираси титрай бошлагач» уйғониб кетганини айтади.

«Бир сонияга хотираларим уйғониб, Украинадаман ва бизни ўққа тутишмоқда деб ўйладим. Бир сония ўтиб эса бу зилзила эканини англадим», дея ҳикоя қилади Мария.

Унинг иш жойида доимий равишда зилзила вақтида қандай ҳаракатланиш бўйича тренинглар ўтказиб боришади – чунки Туркия дунёдаги энг сейсмик фаол минтақалардан бирида жойлашган, маҳаллий аҳоли ҳар йили зилзилаларга гувоҳ бўлишади.

Бундай ҳолатлар учун асосий маслаҳат - бино ичидан очиқ жойга чиқишдир.

Зилзила бошлангач Мария оёқ кийими ва курткасини қўлтиқлаб югуради ва ўз қўшниларини уйғотади. Атрофдаги бошқа уйлардаги кишилар ҳам кўчага чопиб чиқишганди.

У уй «конфет солинадиган қути каби силкингани» ва одамлар ваҳимага тушиб ҳар томонга чопишганини эслайди: «Кимда машина бўлса, кетди – танишларимдан бири болаларини олиб, далага йўл олди».

Ғозиантеп Туркия ва Сурия чегарасидаги зилзила эпимарказларидан бири бўлди

Мариянинг сўзларига кўра, иккита кучли тўлқин бўлган, учинчиси нисбатан кучсизроқ эди. Силкинишлар орасидаги танаффусда Мария квартирасига кириб, мобил телефони ва ҳужжатларини олиб чиқишга улгуради.

«Барча атрофимиздаги паркда турарди. Уч соат ўтиб биз уйга қайтиб кирдик, чунки совқотгандик ва кийимларимиздан сув ўтиб кетганди. Кейин интернетда ва смс-хабарномалар орқали хавф ҳақида бошқа хабарлар келмади», дея эслайди Мария душанба тонгини.

У яшаган уй бутун қолган, аммо квартира деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Уйда электр йўқ, аммо газ қувури бутун ва сув ҳам бор.

Шаҳарда вайронгарчиликлар бор – Мария ишлайдиган жойга яқин масофада бир уй қулаган. Танишлари ҳам унга ўз уйлари вайрон бўлгани ҳақида айтишган.