Спорт | 17:40 / 30.06.2020
12393
6 дақиқада ўқилади

«Ёнғоқнинг шақиллаши». Икки суперклуб Fair Play’ни қандай четлаб ўтишгани ҳақида

Куни кеча «Барселона» ва «Ювентус» ярим ҳимоячилар Артур ва Пьянични алмаштирганликлари ҳақида расман эълон қилинди. Бразилиялик футболчи 72 миллион евро эвазига «Ювентус» таркибига қўшилса, Миралем Пьяничнинг трансфер нархи 60 миллионга баҳоланди. Келишув футболчиларни қўшимча тўлов эвазига айрибошлаш тоифасида эмас, алоҳида икки трансфер сифатида қайд этилади. Аслида барча «фишка» ҳам шунда ва бу ҳақида қуйида келтирилади.

Фото: Getty Images

Бир қараганда, ҳар икки жамоа ҳам ақлдан озгандек. Хўп, «Барселона» таркибга киришиб кета олмаётган умидли футболчини яхшигина суммага сотаётгани олқишга сазовор, аммо сал камроқ нархга 30 ёшли Пьяничнинг келиши тушунарсиз. Жамоа таркиби шундоқ ҳам ўттиз ёшдан ўтганлар жамоасига айланиб қолаётган бир пайтда.

«Ювентус» гўёки, 60 миллион евро эвазига даври ўтиб бораётган ярим ҳимоячисидан қутулаётгани, зўр, лекин 72 миллион еврога ҳали Италиядаги фаолияти номаълум, таваккалчилик бўлган Артурни сотиб олиш нимаси?

Бу қарорларни алоҳида таҳлил қилганимизда мана шундай, лекин, бирлаштириб, бироз қўшимча маълумотлар қўшсак, икки клуб аслида «аср фирибгарлиги»ни амалга оширишгани ва қандай қилиб Fair Play қоидаларига зарба берганликларини кўрамиз. Қуйида сизни камроқ футбол, ва жуда кўп рақамлар кутмоқда. 

Гап шундаки, клублар томонидан трансферлар молиявий ҳисоботларда акс эттирилишида харидлар бошқача, сотишлар эса, бошқача кирим қилинади. Сотиб олинган трансфер ушбу футболчининг шартнома муддатига бўлиб юборилади ва йиллик маошлар қўшилиб, йилма йил амортизациялаштирилади. Сотишдан олинган даромад эса, айнан ўша трансфер санасига тўлиғича кирим қилинади.

Содда қилиб тушунтирсак, бир клуб 2019 йилда 50 миллионга футболчи сотди. 50 миллионга эса бошқа бир футболчи сотиб олди. Оддий кўз билан қараганда, клубнинг даромад ва харажатлари тенг кўринсада, аслида ундай эмас. Агар 50 миллионга сотиб олинган футболчи билан беш йилга шартнома имзоланган бўлса, 2019 йилги харажатларга фақат 10 миллион сўмлик трансфер қиймати олиб борилади, холос. Қолган суммалар 2020-23 йилларга тенг тақсимланади. Сотиб юборилган футболчи учун олинган 50 миллион эса тўлиғича ушбу трансфердан олинган даромад сифатида ҳисоботларга киритилади. Яъни, маошлар, яна қўшимча деталларни қўшмасдан, умумий қарасак, бу клуб 2019 йилда 40 миллион евро даромад қилган ҳисобланади.

Энди «Барселона» ва «Ювентус» доирасида Артур ва Пьяничнинг трансферларини кўриб чиқамиз.   

Артур бўйича:

2018 йилнинг ёзида «Барселона» уни 30 миллион еврога сотиб олганди. Икки йил ўтиб Артур 72 миллион евро (+10 миллион бонуслар) эвазига Туринга ўтмоқда. Икки йил давомида бразилиялик футболчи барча мусобақаларда 72 ўйинда қатнашди. Бир ярим йилда асосий таркибда ҳаракат қилган бўлса, Сетьен келгач, асосан захирадан майдонга туша бошлади.

Энди молиявий ҳисоботлардаги Артур: 30 миллионга 6 йиллик шартнома имзоланган бўлса, футболчининг трансфер қийматидан ҳар йили 5 миллион камайиб боради. Икки йил ўтганини эътиборга олсак, трансфер қиймати 10 миллионга камайиб, 20 миллионни ташкил қилган. «Барселона» уни 72 миллионга сотиб, 52 миллион евро фойда қиляпти (Қайтараман, аслида Артурнинг маошлари ҳам умумий қийматига қўшилиб борилади ва умумий қиймат 20 миллиондан ошиқроқ чиқади, лекин биз соф трансфер бўйича кўриб чиқяпмиз).

Пьянич:

2016 йилнинг ёзида «Ювентус» футболчи учун 35 миллион евро сарфлаган. Тўрт йил ўтиб 60 миллионга сотиб юбориляпти. Ҳаммаси бўлиб 171 ўйин, 6 соврин. 

Пьяничнинг ўшанда Турин билан 5 йилга шартнома тузганини эътиборга олсак, ҳар йилига 7 миллиондан харажат қилинган бўлиб чиқади. Лекин икки йил ўтиб, шартнома янгиланди ва энди қолган 21 миллионни 5 йиллик шартнома муддатига қўшсак, 4,2 миллион келиб чиқади. Кейинги икки йилда яна 8,4 миллион пасайган ва демак, Пьяничнинг бугунги баланс қиймати маошларсиз 12,6 миллион еврони ташкил қилмоқда.

Уни 60 миллионга сотган «Ювентус» 48 миллион евро фойда қилди, деб айтиш мумкин.  

Демак, сотишдан «Барселона» ва «Ювентус» мос равишда 52 ва 48 миллион евро даромад қилган, дейиш мумкин. Аммо сотиб олинган футболчига қилинган харажатлар шартнома муддатига қараб, айтайлик 5 йилга бўлиб юборилганда, «Барселона»нинг Пьяничга харажати маошларсиз 2020 йилга фақат 12 миллион, «Ювентус»нинг Артурга қилган харажати эса, 14,4 миллион бўлади, холос. Яъни барибир, ҳар икки клуб камида 30-40 миллиондан фойда билан чиқишяпти.

Шунга ўхшаш схемани ўтган йили «Ювентус» ва «Манчестер Сити» ҳам амалга оширишганди. Данило «Ювентус»га 37 миллионга келиб, Канселу тескари йўналишда 65 миллионга Англияга кетганди. Ўшанда ҳам ҳар икки трансфер алоҳида қайд этилган.

The Athletic май ойида «Барселона» Fair Play талабларидан омон чиқиш учун 30 июнгача 50 миллионга яқин даромад кўриши шартлиги ҳақида ёзганди. Айнан шу куни молиявий йил якунланишини ҳисобга олсак, бу трансферлар айнан шу ойда бўлиши лозим бўлган.

Тўғри, кейинроқ бундай шошилишга ҳожат йўқлиги ҳам маълум бўлди - 18 июнда УЕФА пандемия шароитларида Fair Play қоидалари борасида тезкор қарорлар қабул қилди. Унга кўра, 2020 ва 2021 йиллар молиявий томондан бир давр сифатида қаралади. 2020/2021 йилги назорат даври қисқариб, энди фақат 2018 ва 2019 йил бўйича эътиборга олинади, келаси назорат даври эса, биратўла 2018-2019-2020 ва 2021 йилни ҳам ўз ичига олади.

Трансферлар расман эълон қилинган бўлса-да, футболчилар эски жамоаларида мавсумни тугатиб қўйишади ва ундан сўнг янги таркибга бориб қўшилишади. Футбол майдонида ҳали қайси футболчи ўзини қандай кўрсатиши маълум эмас, Пьянич «Барселона»да иккинчи ёшлигини бошдан кечирадими, Артур Италияда янги Пирлога айланадими, маълум эмас, бу билан мураббийлар, мухлислар бош қотиришсин.

Ана боринг, футбол журналистлари бекорчиликдан бош қотиришсин. (Чунки) Бухгалтерияда ҳаммаси жойида.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид