18:31 / 09.01.2021
9462

Қонунчиликдаги «чандиқлар»га қачон чек қўйилади? Камситилаётган давлат тили ҳақида мулоҳазалар

Нега айрим қонун ҳужжатлари давлат тилида, мамлакат аҳолисининг асосий қисми сўзлашадиган ўзбек тилида қабул қилинмайди? Бу норма ижодкорлиги жараёнидаги эринчоқликми, шошма-шошарликми ёки давлат тилига бўлган “муносабат”ми?

Фото: ЎзА

Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади.

Қизил рангдаги ушбу ёзувни бир муддат олдин Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига кирганингизда кўрган бўлсангиз керак. Ушбу қизил рангли ёзувдан ташқари, агар сиз Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)дан фойдаланган бўлсангиз, шубҳасиз, бинафшаранг ёки яшил рангли ёзувларга ҳам дуч келгансиз. Бу ёзувлар ҳақида кейинроқ тўхталамиз.

Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳаларнинг ўчирилишига оид тартиб 2020 йил 20 апрелдан қатъий амал қила бошлади. Ушбу янгилик норматив-ҳуқуқий ҳужжат (НҲҲ)ларнинг ўзбек тилида қабул қилинишига улкан замин ҳозирлаши турган гап. Чунки, ҳар қандай НҲҲ қабул қилинишидан олдин лойиҳа кўринишида бўлади. Аввал эса идораларда бу каби талаб қўйилмагани учун қонундан ташқари барча даражадаги қонуности ҳужжатларининг фақат рус тилида қабул қилиниши ҳолатлари тез-тез учраб турарди. Норма ижодкорлиги жараёнида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик эса бир чеккада унсиз кўз ёши тўкарди.

Қайси қонунчилик дейсизми?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон қилиниши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентида Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари лойиҳалари Ҳукуматга давлат тилида, зарурат бўлганда — рус тили ва бошқа тилларга таржима қилиниб киритилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги 984-сон қарори билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида низом тасдиқланган. Ушбу Низомда Департаментнинг функцияларидан бири сифатида НҲҲлар лойиҳалари давлат тилида тайёрланиши ва киритилишининг мониторингини олиб бориш, бу соҳада қонун талаблари бузилиши ҳақида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тегишли кўрсатмалар юбориш белгиланган.

Шунингдек, адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида айтилишича, идоравий НҲҲ давлат тилида қабул қилинади.

Юқорида келтирилган мисоллардан ташқари яна бир нечта НҲҲларда ҳам худди шу мазмундаги талабга дуч келишимиз мумкин, аммо мақсад уларни бирма-бир санаш эмас.

Айтиш керакки, 2020 йилда қабул қилинган қонуности ҳужжатларида бундай ёзув кам учраяпти. Бу эса қонунчилик ҳужжатларининг барчаси давлат тилида қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилаётгани маҳсули бўлса ажаб эмас.

Расмий манба бўлмиш lex.uz сайтига асосланган ҳолда тузилган қуйидаги статистик маълумот ҳам фикримизни исботлайди:

  • 2018 йилда 158та;
  • 2019 йилда 27та;
  • 2020 йилда 5та НҲҲ фақат рус тилида қабул қилинган, яъни ушбу ҳужжатларнинг давлат тилидаги матни мавжуд эмас.

2020 йилни норма ижодкорлари кесимида кўрадиган бўлсак, давлат тилида қабул қилинмаган 5та НҲҲдан 3таси Ҳукумат қарори, 2таси идоравий НҲҲ ҳисобланади. Демак, Ҳукумат ва бошқа саноқли давлат ташкилотлари томонидан норма ижодкорлигида давлат тили тўғрисидаги қонунларга риоя қилиш ҳамон оқсамоқда. Идоравий НҲҲларнинг давлат тилида қабул қилинмаганига бир чеккаси – Адлия вазирлиги ҳам эътиборсизлик қилган. Чунки, айнан Адлия вазирлиги ушбу ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласини ҳал қилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, юқоридаги статистика давлат тилида умуман матни йўқ бўлган ҳужжатлар бўйича тузилган. Аммо, яна бир муаммо борки, баъзи ҳужжатларнинг қарор қисми ўзбек тилида қабул қилинади, бироқ ўзгартиришларни ёки бошқача кўринишдаги муҳим маълумотларни назарда тутувчи иловалари ўзбек тилида қабул қилинмай, фақат рус тилидаги матнда мавжуд бўлади. Бу ҳақда ҳам қуйироқда мисоллар билан сўз юритамиз.

Қонунчиликдаги “ранглар жилоси”

Юқорида тилга олинган рангли ёзувларга келадиган бўлсак, уларнинг ҳар иккиси ҳам қонуности ҳужжатларини давлат тилида қабул қилиш амалиётида камчиликлар борлигининг ишораси дейиш мумкин. Хусусан, агар бирор ҳужжат давлат тилида қабул қилинмаган бўлса, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)да ушбу ҳужжатнинг ўзбек тилидаги саҳифасига қуйидаги бинафшаранг ёзув киритилади:

2019 йилда давлат тилида қабул қилинмаган сўнгги ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 октябрдаги 847-сонли қарори ҳисобланади. Ушбу ҳужжат билан ўзгартириш киритилиши назарда тутилган бошқа ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда енгил хизмат автомашиналаридан фойдаланишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2011 йил 26 майдаги 153-сон қарорининг ўзи ҳам ўша пайтда фақат рус тилида қабул қилинган. Табиийки, бу ҳолатда 847-сонли қарорни ҳам давлат тилида қабул қилишдан маъно йўқ. Демак, бундан тўққиз йил олдин бир ҳужжатнинг давлат тилида қабул қилинмагани бугунги кунда унга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи бошқа бир ҳужжатнинг ҳам давлат тилида қабул қилинмаслигига олиб келган.

Бинафшаранг ёзувнинг яна бир тури – бошқа бир ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи НҲҲнинг давлат тилида қабул қилинмаслиги ёки давлат тилида қисман қабул қилиниб, ундаги ўзгартириш киритишни назарда тутувчи иловаларнинг фақат рус тилида қабул қилиниши оқибатида ўзгариш кираётган ҳужжатнинг ўзбек тилидаги матни яроқсизлашиб боради. Фикримиз қуйидаги мисол билан тушунарли бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4135-сонли қарори 2-бандининг бешинчи хатбошиси 2019 йил ноябр ҳолатида қуйидаги кўринишда бўлган:

“Вазирлик, Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази бошқарув ходимларининг чекланган сони 1541 нафар, шу жумладан Вазирликнинг марказий аппарати бошқарув ходимлари – 283 нафар этиб белгилансин”.

2019 йил 28 декабрдаги ПҚ-4553-сонли президент қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг сони 287 нафар этиб белгиланган. Аммо, ушбу ҳужжатнинг ўзбек тилидаги матнига кирсангиз, бундай маълумотга кўзингиз тушмайди. Ушбу банднинг қаеридир ўзгарганини банд остида жойлашган бинафшаранг ёзувдан билиб оласиз, холос:

Бундай ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 11 ва 12-бандларида ва бошқа бир қатор ҳужжатларда ҳам дуч келиш мумкин.

Дарвоқе, ушбу ҳолатларда қонунчиликдаги яна бир “рангбарангликка”, яъни, ҳужжатнинг иловалари фақат рус тилида эканлиги ҳақидаги яшил рангли ёзувга кўзингиз тушади.

Ўзгартирилиши керак бўлган ҳужжат фақат рус тилида қабул қилинган бўлса, тушуниш мумкиндир, аммо ҳужжатнинг ўзбек тилидаги матни бор бўла туриб, унга фақат рус тилида ўзгартириш киритиш ва ўзбек тилидаги матнига “чандиқ” тушириб, уни тобора фойдаланиш учун яроқсизлаштириб боришдан ким манфаатдор? Рус тилини билмайдиган фуқаро нима қилсин? Нега ҳужжатнинг давлат тилидаги матнидан фойдаланмоқчи бўлган одамни бошқа тилдаги матндан фойдаланишга мажбурлаш керак?

Саволлар кўп, аммо тайинли жавоб йўқ.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчимиз. Президентнинг 3666-сонли қарорига асосан, барча НҲҲлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим. Юқоридаги мисоллар амалиётда бу нормага ҳар доим ҳам риоя этилмаётганини кўрсатиб турибди. 2020 йил 29 сентябр куни Адлия вазирлиги расмийлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу қоидани қонун билан мустаҳкамлаш кераклигини билдирган эдик. Бунга жавобан Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилафруз Суфиева «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда ушбу қонун билан келгусида ҳар бир НҲҲ қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинмаса, автоматик равишда қабул қилинмайдиган тартиб ўрнатилишини маълум қилган эди.

Сўзимиз якунида норма ижодкорлиги субъектларидан давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай риоя этишларини сўраб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Top