Ўзбекистон | 09:42 / 03.03.2023
23023
9 дақиқада ўқилади

Аввал айтилди, кейин қайтилди. Пиёдалар учун сариқ нимча шов-шуви қаердан келиб чиқди?

2023 йил баҳорининг илк куни Ўзбекистон медиа маконида “сариқ нимча воқеаси” билан тарихда қоладиган бўлди. Пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши ҳақида Ҳукуматнинг расмий манбаси тарқатган хабар кейинроқ фейк деб топилгани ушбу масалани чуқурроқ ўрганишга ундади.

Фото: Kun.uz

Ҳангоманинг бошланиши

1 март куни Ҳукуматнинг расмий нашри ҳисобланадиган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Ўзбекистонда бундан буён йўлакларда ҳаракатланувчи пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши ҳақида хабар берди.

ЎзА томонидан тарқатилган хабарнинг илк кўриниши

ЎзА бу хабарида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султоновага таянган.

Хабарда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган дастурлар доирасида куннинг қоронғи қисмида мактаб ўқувчилари, велойўлакда ҳаракатланувчи шахслар ва пиёдалар учун нур қайтаргичли жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилаётгани таъкидланади.

ИИВ мулозими мактаб ўқувчилари ҳомийлик кўмаклари асосида нур қайтаргичли жилетлар билан таъминланишини маълум қилган.

 “Халқ тажриба қуёними?”

Ушбу хабар жамоатчилик орасида резонансга сабаб бўлди.

“Пиёда юриш ҳам пулли бўладиганга ўхшайди. Келгусида кечқурун йўлларда пиёда юрмоқчи бўлсак устимизда нур қайтаргичли жилетлар бўлиши керак экан. Бу йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ҳоказолар учун зарур дейишмоқда.

Бу янгиликни ўқиб мияга келган биринчи фикр шу бўлди: демак кимдир нур қайтаргичли жилетлар ишлаб чиқармоқчи ва уни ўтказиш керак. Бундай ўйлаётганим учун узр. Афсуски бизда кўп ташаббуслар айланиб-ўргилиб монополияга бориб тақалаверади, у ёғига салоҳият етмайди.

Ишқилиб бу ташаббус амалга ошиб қолмасин деймиз. Акс ҳолда сариқ жилетсиз юрганлик учун ҳам катта эҳтимол билан жарима тўлаш йўлга қўйилади. Бу эса алалоқибат кўчада пиёда юриш ҳам пулли бўлади, дегани”, деб ёзади собиқ депутат Расул Кушербоев.

“Пиёдалар йўлакларига масъул одамлар бириктириб, орқамиздан тепишни жорий этиш керак. Биз чидаймиз. Биз ҳаммасини кўтарамиз”, дейди журналист ва блогер Санжар Саид.

“Энди паспортнинг ёнбошига ялтироқ нимчаям олиб юради бечора пиёдалар. Каллага битта фонаригам тақтириш керак, олди оқ, орқаси қизил ёнсин, поворотниклариям бўлсин. Зўр бўларди-да, бутун шаҳар чароғон бўлиб кетарди”, деган Акмалжон Арзикулов.

“Тепадагилардан кимдир Хитойдан катта партия жилет олиб келган бўлса керак. Кетмаётган бўлса буни энди қонунга киритиб сотмоқчи бўлса”, дея тахмин қилган Суҳроб Матчонов.

“Йўлларни ёритиб қўйиш ўрнига халқни бўйнига қўйиш осон. Яна бир бор қойил!” дея фикр билдирган Музаффар Тўйчиев.

“Энди кўчада юрган инсон борки жаримага тушар экан-да”, дейди Адҳамжон Абдуллаев.

“Масъуллар халқни тажриба қуёнлари деб ўйлашяпти-ёв. Тасаввур қилинг сап-сариқ жўжалардек одамлар тун қоронғисида кетяпти. Одамлар Марсга уй қуриб кўчиб ўтиб яшаш ҳаракатини қилаётган бир даврда. Биз ҳам нималардир тажрибалар ўтказяпмиз”, деб ёзган Фазлиддин Андижоний исмли Facebook фойдаланувчиси.

Раддиялар

Пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш мажбурий бўлиши ҳақидаги хабар нафақат жамоатчилик, балки давлат органларининг ҳам эътирозига учради. Жумладан, Адлия вазирлиги мазкур талаб пиёдалар учун мажбурий эмаслигини эслатди.

“Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар ҳамда йўлни таъмирлашга масъул ходимлар қоронғида нур қайтаргичли камзулда бўлиши кераклиги белгиланган. Мазкур талаб бошқа шахсларга, шу жумладан пиёдалар учун мажбурий эмас.

Шунингдек, қонунчиликда Ички ишлар вазирлиги томонидан пиёдалар қоронғида ҳаракатланаётганда нур қайтарувчи устки кийимда бўлишини тарғиб қилиш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилган”, дейилади вазирлик эслатмасида.

Маълум бўлишича, чиндан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, фуқароларнинг, айниқса, болаларнинг йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда оқибатларидан ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлни кесиб ўтишда ва йўл ёқаларидан ёки қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишда, пиёдаларнинг устки кийимида нур қайтарувчи элементлар бўлиши инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Аммо ушбу норма мажбурий эмас, балки тавсиявий аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидаларининг 167-бандига кўра, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шарт.

“Бу хабарлар – фейк”

Муҳокамалар ортидан ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий саҳифасида Ўзбекистонда пиёдаларнинг куннинг қоронғи қисмида сариқ жилетлардан фойдаланиши жорий этилаётгани ҳақидаги хабарни рад этиб чиқди. ЙҲХХ бу ахборотни фейк деб атаган.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ҳам Ўзбекистон ахборот агентлиги томонидан тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилган.

Кўп ўтмай ЎзАнинг телеграм-каналида эълон қилинган хабар матни ҳам таҳрирлаб қўйилди.

 ЎзА томонидан тарқатилган хабарнинг таҳрирланган кўриниши

Фейк тарқатган ким: ИИВми ёки ЎзА?

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова Kun.uz мухбири билан телефон орқали суҳбатда пиёдалар ёки мактаб ўқувчилари учун бу жилетларни кийиш келгусида мажбурий қилиб қўйилмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, Султонова аҳоли орасида сариқ жилетларни кийиш 2021 йилдан бери тарғиб қилиб келинаётгани, “Enter Engineering” компанияси ҳомийлик асосида икки йилдан бери фуқаролар, айниқса, ўқувчиларга текин тарқатиб келаётганини қўшимча қилган.

Шу йил 5 март куни республика миқёсида ўтказилиши режалаштирилган “Хавфсиз ҳаёт учун” вело ва пиёда юриш марафони иштирокчиларга ҳам нур қайтаргичли жилетлар тарқатилиши кўзда тутилган. Яъни сариқ нимчалар ҳақидаги гап аслида йўқ жойдан ўйлаб топилмаган ва ИИВ мулозими бу бўйича тарғибот ишлари олиб борилаётганини тан олган.

Музифа Султонова Kun.uz мухбири билан суҳбатда куннинг қоронғи қисмида пиёдаларнинг сариқ жилет кийиб юриши бўйича талаб тавсиявий эканини айтган бўлса-да, унинг номидан ЎзАда эълон қилинган маълумотда бундай жумла кўзга ташланмайди.

Ушбу хабарни тайёрлаган ЎзА мухбирининг Kun.uz’га маълум қилишича, ИИВ ЖХД матбуот котиби телефон орқали берган маълумот қандай бўлса, шундайлигича эълон қилинган. Журналист Kun.uz мухбири билан суҳбатда Музифа Султонова телефон орқали берган ахборотни сайтга чиқаришдан олдин матнни тасдиқлатиб олганини таъкидлайди.

“Авваламбор, ушбу хабарни тарқатиш ташаббуси Музифа Султоновадан чиққанини таъкидлашим керак. Бу менинг ташаббусим бўлмаган. У менга қўнғироқ қилиб-йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида келгусида мактаб ўқувчилари, велойўлакда ҳаракатланувчи шахслар ва пиёдалар учун нур қайтаргичли жилетлардан фойдаланиш амалиётини кенг жорий этишнинг аҳамиятини тушунтирди. Бу борада ОАВ ва журналистларнинг ёрдамига муҳтож эканини таъкидлади.

Султонова аллақачон бир қатор мактабларда ҳомийлар кўмаги остида ўқувчилар учун нур қайтаргичли жилетлар тарқатилганини ва келгусида яна ҳомийларнинг ёрдами билан бу амалиёт давом эттирилишини маълум қилди.

Мен мутахассиснинг маълумотларига таянган ҳолда хабар тайёрладим ва бош муҳарриримизга узатдим. Унинг сўзлари янглиш талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида тайёр материални Султоновага юбориб, тасдиқлаб беришини сўрадим. У қўнғироқ орқали материални оғзаки тасдиқлади.

Маълумот ўрнида айтишим лозимки, мен материалда “нур қайтаргичли жилетлардан фойдаланиш тартиби мажбурий жорий этилади”, деган жумлани ишлатмаганман. Бу хабарни “фейк” хабар деб маълумот тарқатган ИИВ масъуллари, аслида “фейк” хабар қанақа, қандай экани ҳақида етарлича билимга, ҳатто тасаввурга ҳам эга эмас экан. Мен ёзган хабар ИИВ мулозими томонидан берилган маълумотларга таянилган”, дейди ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Музифа Султонова Вазирлар Маҳкамасининг “Янги Ўзбекистон” нашрига берган интервьюсида резонансга сабаб бўлган хабарларга муносабат билдираркан, 5 март куни республика миқёсида ўтказилиши режалаштирилган “Хавфсиз ҳаёт учун” вело ва пиёда юриш марафони иштирокчиларга ҳам нур қайтаргичли жилетлар тарқатилишини эслатиб, ушбу хабар турлича талқинларга сабаб бўлгани, ҳамма уни ҳар хил тушунганини билдирган.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz

Мавзуга оид