Ўзбекистон | 16:59 / 01.03.2023
7634
3 дақиқада ўқилади

Пиёдалар учун «сариқ жилет» мажбурий эмаслиги маълум қилинди

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар ҳамда йўлни таъмирлашга масъул ходимлар қоронғида нур қайтаргичли камзулда бўлиши кераклиги белгиланган. Мазкур талаб бошқа шахсларга, шу жумладан пиёдалар учун мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистонда пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши ҳақидаги хабарни рад этди. Маълум қилинишича, бу тавсиявий аҳамиятга эга норма ҳисобланади.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрел кунидаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 172-сон қарорига мувофиқ, фуқароларнинг, айниқса, болаларнинг йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда оқибатларидан ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлни кесиб ўтишда ва йўл ёқаларидан ёки қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишда, пиёдаларнинг устки кийимида нур қайтарувчи элементлар бўлиши инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланган бўлиб, яъни ушбу норма тавсиявий аҳамиятга эга.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 167-бандига кўра, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шартлиги белгиланган.

Жамоатчилик ва ОАВдан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат ахборотни тарқатмасликларини сўраймиз», дейилади хабарда.

1 март куни ЎзА агентлиги Ўзбекистонда энди йўлакларда ҳаракатланувчи пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши тўғрисида хабар берганди. ИИВ раддиясидан кейин эса агентлик хабарига тўлдириш киритиб, Адлия вазирлиги изоҳини келтирган.

«Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар ҳамда йўлни таъмирлашга масъул ходимлар қоронғида нур қайтаргичли камзулда бўлиши кераклиги белгиланган.

Мазкур талаб бошқа шахсларга, шу жумладан пиёдалар учун мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга.

Шунингдек, қонунчиликда Ички ишлар вазирлиги томонидан пиёдаларнинг қоронғида ҳаракатланаётганда нур қайтарувчи устки кийимда бўлишини тарғиб қилиш йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилган», дейилади хабарда.

Мавзуга оид