Жаҳон | 09:22 / 01.07.2023
29869
10 дақиқада ўқилади

«Бу шоу эмас, уруш» – Залужний интервюсида қарши ҳужум нега суст кетаётганини тушунтирди

Фото: Oksana Parafeniuk for The Washington Post

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний мамлакат армияси Россия босқинига қарши олиб бораётган қарши ҳужуми суст кетаётгани ҳақидаги гаплардан безор бўлганини айтди. «Бу шоу эмас», деди Залужний АҚШнинг The Washington Post нашрига берган интервюсида.

WP Украинадаги мухбири Изабелла Хуршедян олган интервюни «Украиналик бош генерал снаряд, самолёт ва тоқат сўрамоқда» деган сарлавҳа билан эълон қилди. Қуйида мақола матни айнан келтирилади.

***

Ҳаводаги устунликсиз қарши ҳужум

Залужнийнинг сўзларига кўра, қарши ҳужум суръатини ошириш учун Украинага барча турдаги қуроллардан янада кўпроқ керак. Генарал бу ҳақда имкон бўлган ҳаммага айтишга тайёр. Хусусан, у америкалик ҳамкасби Марк Милли билан 28 июн куни ўтказган телефон суҳбатида Украинага бундай қуроллар ҳозир кераклигини таъкидлаган.

Залужний қарши ҳужум суст кетаётгани ҳақида гаплар унинг ғашига тегишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, НАТОга аъзо бўлган иттифоқчилар ҳам ҳаводаги устунликсиз ҳужумга ўтмаган бўлишарди. Украина эса ҳамон замонавий қирувчи самолётлар қўлга киритгани йўқ. Залужний Украина босиб олинган ерларини тезда қайтиб олади, деб ўйлашларидан ҳайрон қолишини таъкидлайди. АҚШда ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётлари эса Украинага куздан аввал етказиб берилмайди.

10 баравар кўпроқ снаряд

Залужнийнинг сўзларига кўра, Украина имкониятларини яхшилаши учун камида душман томон ишлатаётган миқдорда артиллерия снарядлари отиши лозим, аммо имкониятлар чеклангани сабаб руслар 10 баравар кўпроқ снаряд ишлатмоқда.

WP нашри интервю матнида Украинанинг қарши ҳужуми суст кетаётгани ҳақида Ғарбдаги расмий шахслар, ҳарбий таҳлилчилар ва Украина президенти Володимир Зеленский ҳам (!) гапирганини келтирган. Аммо бу ерда тушунмовчилик келиб чиқади. WP катта эҳтимол билан Зеленскийнинг BBC'га берган интервюсидаги «Қарши ҳужум кутганимиздан секинроқ ўтмоқда» деган гапига асосланган.

Аммо Украина президенти ўша суҳбатда қарши ҳужум ҳақида айтган гаплари Залужнийнинг фикрини рад этмайди: «Кўпчилик бу Ҳолливуд филми деб ўйлайди ва натижа бугуноқ кўринишини кутади. Аммо довга инсонлар ҳаёти тикилган. Биз ҳақимизда нима дейишларидан қатъи назар, жанг майдонида ўзимиз тўғри деб билган кўринишда ҳаракат қиламиз», деганди ўшанда Украина етакчиси.

«Бу шоу эмас»

Залужний украин қўшинлари фронтда белгиланган режа асосида силжиётганини айтган. Гарчи баъзан кунига 500 метр бўлса ҳам. «Бу бутун дунё томоша қилиб қиморга тиккандек пул қўядиган шоу эмас. Ҳар бир кун, ҳар бир қарич ер қон билан олинмоқда. Етарлича қурол-яроғсиз бу режалар бажариб бўлмас тус олиши мумкин, лекин улар албатта амалга ошади. Балки «шоу томошабинлари» кутган тезликда эмасдир, лекин бу уларнинг муаммоси», дейди Залужний.

16 ой давомида 49 ёшли Залужний катта ишни амалга ошириб, сон жиҳатдан кўп, яхшироқ қуролланган Россия армиясига қарши урушаётган Украина армиясини бошқармоқда. Ўтган йил куздаги муваффақиятли қарши ҳужумга қарамай, Россия ҳамон Залужний ҳимоя қилаётган ватанининг бешдан бир қисмини эгаллаб турибди.

Залужний Украина армиясини замонавий, НАТО тактикаларидан бохабар, совет давридаги каби марказлашган бошқарувдан халос бўлган чайир кучга айлантира олди. Ваҳоланки, у ҳарбий таълим олишни бошлаган вақтида мамлакатда айнан марказлашган бошқарув амалда бўлган.

Ғарбдаги ҳамкорлар қачон Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериши ҳақидаги савол Залужнийни ҳар куни ўйлантиради. У кўзлаган натижасига бу самолётларсиз эришишини кутиш мумкинми?

Залужнийнинг ўзи дўст деб биладиган ва қойил қоладиган америкалик ҳамкасби Марк Миллига ҳафта давомида бир неча марта ўз хавотирларини маълум қилишини айтади. Уларнинг суҳбати баъзан соатлаб давом этади. «У ҳаммасини диққат билан эшитади ва менга бу масалани ечишда ёрдам беради деб ўйлайман», дейди Залужний АҚШ армияси штаб бошлиғи Марк Милли билан суҳбатлари ҳақида. Залужний охирги суҳбатида ҳам Миллига ойига қанча снаряд керак бўлаётганини очиқ айтган.

Валерий Залужний америкалик ҳамкасби билан очиқ гаплашишини таъкидлади: «Суҳбатларимиз очиқ кечади. Биз 24/7 кўринишда алоқада бўлишга келишиб олганмиз. Шу сабаб келаси ҳафтада 100 минг снаряд олмасак, 1000 киши ҳалок бўлади. Ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг, деб айта оламан».

«Аммо бизга самолёт берилишини Милли ҳал қилмайди. Муаммо шундаки, бизга самолёт бериш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ҳар куни жуда кўп одам ўлмоқда. Жуда-жуда кўп. Шунчаки қарор қабул қилинмагани учун, тасаввур қиляпсизми?» дейди Залужний.

Аммо Украина қирувчи самолётлар олади, чунки президент Байден украин учувчиларини F-16'ни бошқаришга тайёрлаш ва самолётларни юбориш режасини қўллади. Ўқ-дори етишмаслиги эса Украина учун бошқа муаммолар келтириб чиқаради. Феврал ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинада ишлатилаётган снарядлар сони «алянс давлатлари ишлаб чиқариш тезлигини ортда қолдираётгани»ни айтганди. Бу эса уруш қанчалик узоқ давом этса, Украинада снаряд муаммоси шунчалик жиддийлашишидан далолат.

«Leopard бу – нишон»

Украина ниҳоят узоқ кутилган Ғарбнинг жанговар танкларини, хусусан, Германияда ишлаб чиқарилган Leopard танкларини қўлга киритди. Бу ойда Ғарб танклари жанг майдонида дебют қилди. Россия улардан бир нечтасини йўқ қилишга ҳам эришди. Суҳбат давомида Залужний ҳам буни тан олди. «Биз Leopard танклари парадда юриши ёки таниқли сиёсатчилар у билан суратга тушиши учун олмаганмиз. Улар бу ерга уруш учун келган. Жанг майдонида эса Leopard танклари бу Leopard эмас, нишондир», дейди Залужний.

Таҳлилчилар Украина қарши ҳужумдаги асосий зарбани ҳали амалга оширгани йўқ деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг фикрича, ҳозир қарши ҳужумга йўналтирилган қўшинлар ҳамон Россия армиясининг нозик жойини аниқлаш билан банд. Украина расмийларига кўра, ҳозиргача 130 квадрат километр ҳудуд озод қилинган.

Залужний шу ўринда НАТО кучлари доктринасини эслаш керак деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Россияникига ўхшаб ёзилган ўша доктринада ердаги катта операциялар ҳаводаги устунлик билан амалга оширилиши кераклиги айтилган.

«Украина қарши ҳужумга ўтаётганда қайси доктринага амал қилиши керак? НАТОникигами? Россияникигами? Ёки бу сизнинг ишингиз эмасми? Сизда ўз доктринангиз бор, танклар бор, маълум миқдорда ўқ-дори бор, яна нималардир бор, сиз буни уддалайсиз, дейиш нимаси?» дейди Залужний.

Украина бош қўмондони кабинетида осмонда бўлган барча самолётларни кўрсатадиган махсус экран бор. Унда Украина Ғарбидаги НАТО самолётлари, Украинанинг ўзига тегишли бўлган самолётлар ва Россия учоқлари кўринади. «Бизнинг ғарбий чегараларимизда патрулда турган самолётлар сони Россия бизнинг нишонларни йўқ қилаётган самолётлардан икки баравар кўп. Нега биз ўша самолётлардан ҳеч бўлмаса учдан бир қисмини олиб, бу ерга жойлаштира олмаймиз?» дея ёзғиради Залужний.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Су-35 самолётлари узоқ масофадаги радиолокацион ва ракета тизимлари билан ишлашда катта устунликка эга. Украинадаги эски самолётлар эса унга рақобат қила олмайди. Оқибатда қуруқликдаги Украина қўшинлари осон нишонга айланади.

«Биз эртагаёқ қайта қуролланиб, 120 та самолёт олишимиз керак демаяпман. Менга 120 та самолёт керак эмас, ахир бутун дунёга таҳдид қилмоқчи эмасман. Жуда чекланган миқдорда бўлса ҳам замонавий самолётлар керак. Чунки душман бошқа авлоддаги қирувчи самолётлар ишлатмоқда. Бу худди камон билан ҳужумга ўтишдек гап. Агар биз камон ва ўқ билан қарши ҳужумга ўтсак, ҳамма эсингиз жойидами деган бўларди, лекин бу ҳолатда ҳеч ким бундай демаяпти», дейди генерал.

Залужнийнинг фикрича, ўтган ҳафта Россияда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин амалга оширган исён фронтга таъсир қилмаган. Чунки «Вагнер» аллақачон жанг майдонини тарк этиб бўлганди. «Уларнинг мудофааси кучсизлангани ёки бошқа турдаги ўзгаришни сезганимиз йўқ», деди у.

Афтидан, энди Залужний Беларус билан чегарадаги янги муаммо ҳақида бош қотиришга мажбур, чунки «Вагнер» жангчиларининг бир қисми хўжайини ортидан айнан шу давлатга йўл олади. «Менда жуда кўп хавотирлар бор, «Вагнер» ҳам улардан бири. Ҳозир бу ҳақда гапирсам, бошим айланиб кетади. Бизнинг вазифамиз энг ёмон ва ҳақиқатга яқин хатарга тайёрланиш. Ҳар қандай ҳолатда унинг хатари камроқ бўлишига ҳаракат қиламиз», дейди Украина армияси бош қўмондони.

Залужний тайёр туриши керак бўлган энг ёмон ҳолатлардан бири эса Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолидир. Ўтган ҳафта Зеленский мамлакат разведкаси Россия Запорижжя областининг босиб олинган қисмида радиация чиқариш билан боғлиқ террорчилик акти тайёрлаётгани ҳақида маълумот олганини айтди. Бу шаҳарда эса Европадаги энг йирик – Запорижжя АЭС жойлашган.

«Бу нарсалар мени тўхтата олмайди. Ташқаридан ядро зарбасидан қўрқинг деган чақириқлар келмоқда. Нима, таслим бўлайликми?» деб сўзини якунлаган Валерий Залужний.

Мавзуга оид