Ўзбекистон | 23:12 / 19.11.2020
3968
3 дақиқада ўқилади

Оролбўйида 150 нафарга яқин бола бепул операция қилинади — Боситхонова

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси мажлисида Қорақалпоғистонда учрайдиган айрим касалликлар ва уларни даволаш чоралари тўғрисида таклифлар билдирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

18 ноябрдаги йиғилишда Боситхонова Оролбўйида яшовчи болаларнинг оғир касалликларга чалинганлари рўйхатини тузишда шахсан ўзи иштирок этгани, уларни даволаш учун керакли маблағ топилиб, бир йил давомида операциялар ўтказилиши кераклигини айтди.

«Мен ўзим Қорақалпоғистондан сайланган сенаторимиз Орал Атаниязова билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасидаги юрак туғма ногиронлиги бўлган ва бошқа касалликларга чалинган болаларни тўлиқ рўйхатдан ўтказиб, амалиёт ва юқори ихтисослашган тиббий ёрдам керак болаларни ажратиб олдик. Улар 150 нафарга яқин. Ана шу болаларимизга керакли маблағни топиб, бир йил ичида уларнинг барчасида амалиёт ўтказиб, юқори ихтисослашган халқаро стандартларга мос ёрдам кўрсатиш таклифини киритдик.

Бу таклиф [қўмита раҳбарияти томонидан] жуда ҳам ижобий қабул қилинди. Бу оролбўйини ривожлантиришдаги реал ва аниқ ҳисса бўлади.

Оролбўйида буйрак ва жигар касалликлари, юракнинг туғма нуқсони билан туғилаётган болаларимиз ҳам алоҳида бир муаммони ташкил қилади. 2017–2018 йилларда президентимиз томонидан ажратиб берилган маблағлар эвазига юрагида нуқсони бор 100 нафар болада операция бажарилган эди. Мана, орадан вақт ўтиб, бундай касаллиги бор болаларнинг сони яна пайдо бўлди. Демак, бу – янги туғилган болаларнинг Оролбўйи муаммосига таалуқли саломатлик масалаларини бартараф этишда экологик муаммоларни биринчи навбатда ҳал қилишимиз, ичимлик суви таъминотини яхшилашимиз кераклигини кўрсатиб бераяпти», – деди Элмира Боситхонова.

Вазир ўринбосари боғчаларда ичимлик сувига фильтр ўрнатиш тўғрисида таклиф билдирди.

«Умуман, таълим муассасаларида ичимлик суви бўлмаса, у ҳатто соғлом боланинг ҳам касал бўлишига сабаб бўлади. Буни тиббиёт соҳасидаги олимларнинг хулосалари ҳам кўрсатиб берди.

Қисқаси, янги қўмита мамлакатимизда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун амалга ошириладиган барча ишларни мувофиқлаштириш, назоратга олиш вазифасини бажаради, деб ўйлайман», – деди у.

Янги ташкил этилган Оролбўйи минтақаси масалалари бўйича қўмитанинг илк йиғилиши Сенатнинг 9-ялпи мажлис олдидан ташкил этилди. Унда қўмита аъзолари 32 нафар халқаро даражадаги ўрмончилик, экология ва тиббиёт соҳаларидаги экспертлар гуруҳи билан таништирилди.

Оролбўйи муаммоларини ҳал қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид