20:20 / 29.09.2022
16218

Тошкентнинг асосий кўчаларида тезлик пасайтирилиши мумкин

Кичик ҳалқа йўли ичида жойлашган барча кўчаларда тезлик 60 км/соатга туширилиши таклиф этилмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида Кичик ҳалқа автомобил йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километргача чекланади. Шаҳар кенгаши доимий комиссияси шундай хулосага келган. 

Бундан ташқари, Алишер Навоий, Махтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобил йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат каби марказий кўчаларнинг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўлида тезлик 50 км/соат деб белгиланиши мумкин.

Бундан мақсад – ҳаракат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш, ўлим билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олиш ва камайтириш, шунингдек, ҳаракат иштирокчилари учун етарли даражада қулай шароитлар яратиш ҳисобланиши қайд этилган.

Доимий комиссия киритган масала шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилади.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистондаги аҳоли яшаш манзилларида рухсат этилган тезлик 70 км/соат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 16 сентябр кунги йиғилишида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг пойтахтнинг айрим кўчаларида ҳаракатланиш белгиланган тезликни 70 км/соатдан 60 км/соат қилиб белгилаш таклифига розилик билдирилмаган ва айрим депутатлар бунга қатъий эътироз билдиришганди. Шу туфайли кенгаш бу масалани кўриб чиқишни кейинга қолдирганди.

Top