Ўзбекистонда радарлар қайд этган қоидабузарликлар бўйича ҳам ҳайдовчиларга жарима баллари ҳисоблаш бошланади.
Ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
- махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади;
- жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби – узоқ кечикишлардан кейин – 2025 йил 1 июндан бошланди. Шундан буён фақат ЙҲХ ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисоблаб келинмоқда.
Бу тизимда қоидабузарликларнинг йигирмага яқин тури учун 0,2 баллдан 2 баллгача жарима баллари белгиланган. Хусусан, тезликни рухсат этилганидан соатига 20 километргача ошириб юборганлик учун 0,5 балл ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.
Июн, июл, август ойларида 64 мингга яқин ҳайдовчига жарима балли ёзилган бўлиб, улардан 4 нафари уч ой ичида 5 балл тўплашга улгурган.
Ҳукумат қарори билан, 2025 йил охиригача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни қайта имтиҳон қилишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилиши белгиланган.











