Жаҳон | 22:10 / 07.09.2022
44424
7 дақиқада ўқилади

Украина кутилмаганда Харкив яқинида ҳужумга ўтди. Асосий маълумотлар

Украина қуролли кучлари Харкив фронтида қарши ҳужум бошлади. Сешанба куни тонгда улар кутилмаганда Балаклия йўналишида Россиянинг Изюм гуруҳи қанотига кучли зарба берди.

Фото: Getty Images

Украина қўшинлари Харкив яқинида ҳужум қилишда давом этмоқда. Тасдиқланмаган, аммо ишончли маълумотларга кўра, улар Россия кучларининг йирик таянч пункти - Балаклия шаҳрини шимол ва жанубдан ўраб олишга муваффақ бўлган, энди ҳужум қилаётган илғор қисмлар оператив кенгликка чиқишган ва душманнинг Изюм атрофидаги бутун гуруҳи таъминотини кесиб қўйиш билан таҳдид солмоқда. Россия қўмондонлиги шошилинч тарзда хавфли йўналишларга мадад кучлари юбормоқда, аммо ўз ҳисоботларида фақат муваффақиятлар ҳақида гапирмоқда.

Украина қуролли кучлари Балаклия йўналишида ёппасига ҳужумга ўтгани ҳақида сешанба куни маълум бўлганди - Россия-Украина урушида аввал ҳам бўлганидек расмий манбалардан эмас, вазиятдан яхши хабардор бўлган манбалардан. Эътиборли жиҳати, украин нашрлари ҳам, россияпараст блогерлар ва пропагандачилар ҳам Харкивдан жануби-шарқда рўй бераётган воқеалар ҳақида деярли бир хил хабарлар тарқатишди.

Фарқли жиҳати фақат украин қўшинларининг ҳаракатланиш тезлиги ва нақадар чуқур кириб келганини баҳолашда кўринарди.

Дастлабки хулосалар

Харкив фронтидаги вазият ҳақида Украина томони ҳам, Россия бош штаби ҳам сукут сақламоқда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович 6 сентябр куни «шаҳарлардан бирида» Россия қўшинлари учун ўта ёқимсиз вазият юзага келгани ҳақида қоғозга ўраб гапирганди.

Айни вақтда қуйидагича картина юзага келган: Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда - Балаклиядан жанубда, шимолда ва ғарбда россияликлар мудофаасини ёриб ўтган - шаҳар ярим доира ичида қолган, шарққа чекиниш йўли зарба остида ушлаб турилибди.

Афтидан, украин бўлинмалари Балаклияни катта куч билан штурм қилиш учун вақт сарфлашни истамади. Россия қисмлари учун яна бир жиддий хавф - Балаклия шимолида, Волоҳив Ярда. Бу муҳим транспорт тугуни бўлиб, у орқали Россия қўшинлари назоратидаги Купянскдаги темирйўл станциясига трасса ўтади. У ердан эса трасса жанубга, Изюмга олиб боради. Бу ҳудудда, Изюмда Россиянинг йирик гуруҳи жойлашган бўлиб, унинг таъминоти Купянскдан етказиб бериш сақланиб қолишига боғлиқ.

Шунингдек, украин кучлари Шевчонково қишлоғи йўналишида шимоли-ғарбдан, Весёлое қишлоғи йўналишида жануби-ғарбдан зарба бериши мумкин - Украина армияси бу йўналишларда муваффақиятга эришса, анчагина йирик «котёл» ҳосил бўлади.

Россияпараст блогерлар нима дейишмоқда?

«Бугун яхши янгиликлар кутманг», дея ёзади Zаписки Vетерана телеграм-канали муаллифи. Кейин у сўкиниш сўзлари билан Россия ҳарбий қўмондонларига эътирозларини билдиради ва «қоғозда штат 100 фоизга тўлгани кўрсатилиши, амалда эса бўлинма 45-50 фоизга тўлдирилгани» айтилади. «Яна бир бор айтаман - бу МАКСИМУМ. Ҳақиқий штат 20 фоизга тўлдирилган бўлинмалар ҳам бор», дея ёзғиради у.

У Волоҳив Яр остонасида Росгвардиянинг икки бирлашган отряди бир кундан ошиқ вақт давомида тўлиқ қуршовга тушган ҳолатда жанг қилаётганини қўшимча қилган.

«Энди душман режаси контурлари аниқ бўлди. Асосий зарба Купянск йўналишида бўлмоқда. Вазифа Изюмдаги гуруҳни аввал таъминотдан узиб қўйиш, кейин қуршаб олиш», дея давом этади у.

«Купянскка борувчи шимолий йўлни украинлар камида зарбалар билан назоратга олишган. Тунда Волоҳив Яр остонасида жанглар кечди ва душман бизни у ердан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Балаклия оператив қуршовда қолган, Украина қуролли кучлари муваффақиятини давом эттиради ва катта эҳтимол билан Купянскка киришга ва Балаклияни ҳам, Изюмни ҳам таъминотдан узиб қўйишга ҳаракат қилади. Бунинг учун уларда куч етарли», дея ёзади «Старше Эдды» телеграм-канали.

«Война Z Украина» телеграм-канали Харкив областидаги ҳарбий ҳаракатлар акс этган харитани келтирган.

Kotsnews телеграм-канали муаллифи, «Комсомольская правда» мухбири Александр Коц ҳам Украина қуролли кучларининг Харкив областидаги ҳужумлари қандай таҳдид солаётгани ҳақида савол қўйган.

«Жанглар Вербовка, Яковенково, Таранушино, Волохив Яр линияси бўйлаб бошланганига қараганда, вазифа нима қилиб бўлмасин Балаклияни олиш эмас. Уларга аввалига Волохив Ярдан Балаклиягача бўлган йўлни назоратга олиш муҳим (улар аллақачон артиллерия билан йўлни назорат қилмоқда), кейин эса амалда қуршаб олиш. Волохив Ярдан - Изюмга, шунингдек Шевченковога тўғридан тўғри трасса бор, у орқали йўл Купянскка элтади.

Ҳа, ҳозир Купянскдан Изюмга қадар таъминот учун дала йўли ҳам мавжуд, бу йўл шаҳарнинг ўзига боради. Аммо душман Волоҳив Ярдан жанубга силжиса, бу йўл ҳам хавф остида қолади.

Душман Михайловское орқали Купянскка чиққан тақдирда, Изюмдаги гуруҳ амалда асосий ердан узилиб қолади. Оскол (дарё) орқали шарққа кетишга тўғри келади. Бу албатта бир кунда бўладиган иш эмас, аммо умид қилишни истардимки, украинларнинг шу кунлардаги муваффақияти ривожланмайди.

Мен ҳозир бу участкада қаҳрамонларда мудофааланаётган Мудофаа вазирлиги, Росгвардия, ХҲК ва ЛДХРдан келган жангчиларга нима дейишни билмайман. Узоқдан туриб айтилган ҳар қандай сўз жуда ҳам самимий кўринмайди. Бардам бўлинг, йигитлар…

P.S. Раҳбарлар ёмон хабарларни ёқтирмайдиган, қўл остидагилар эса бошлиқларни ранжитишни истамайдиган тизим билан нимадир қилиш керак. Балки, ёмон хабарлар учун мукофот бериш керакдир…».

Россия қўмондонлиги нима демоқда?

Президент Владимир Путин, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия бош штаби раҳбари Валерий Герасимов украинларнинг Харкив яқинидаги қарши ҳужуми бошланган куни Приморье ўлкасида «Восток-2022» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини кузатди.

Чоршанба кун Путин Владивостокдаги Шарқий иқтисодий форумда Россия-Украина можаросига тўхталди. У фронтдаги вазият ҳақида гапирмади, Россиянинг мақсадлари ва Украинадаги ютуқлар ҳақидаги умумий гаплар билан чекланди.

«Мен ўйлайманки, биз ҳеч нарса йўқотмадик ва ҳеч нарса йўқотмаймиз. Қўлга киритганларимиз ҳақида шуни айтишим мумкинки, асосий ютуғимиз - суверенитетимизни мустаҳкамланишидир ва бу ҳозир бўлаётган ишларнинг муқаррар натижаси», дея Путиндан иқтибос келтирган ТАСС.

Россия мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенков 7 сентябр куни ҳам брифингни одатдаги каби «Россия қуролли кучлари бўлинмаларининг муваффақиятли юришлари натижасида...» ибораси билан бошлади ва шу руҳда давом этди.

Генерал Конашенков Балаклиядаги вазият ҳақида лом-мим демади.
 

Мавзуга оид