Жамият | 22:52 / 23.11.2021
21862
16 дақиқада ўқилади

Тузатилаётган лотинча имло: ҳадиклар нечоғлик ўринли?

Шу кунларда Президентнинг тегишли фармонида белгиланган вазифа — лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш масаласи бўйича сўнгги босқичга қадам қўйилди.

Тилчилар ва бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ўз ишини якунлаб, алифбонинг тузатилган вариантини тақдим этди.

Айнан тузатилган вариантини! Чунки жорий лотинча алифбо қатор хато ва ноқулайликларга эга. Лекин алифбони тузатишга тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар «Алифбо ўзгармоқда», «Яна янги алифбо қабул қилинмоқда», дея сўз ўйини қилиб, одамларни чалғитишга, сувни лойқалатишга уринмоқда.

Аслида алифбо янги эмас, у шунчаки ислоҳ қилинди. Ундаги хатолар тузатилди. Алифбодаги 30 та ҳарфдан 3 таси (Sh, Ch, ng) жузъий ўзгартирилмоқда. 2 таси (O‘ ва G‘) ёзма кўринишига мослаштирилмоқда. Қолган 25 та ҳарф ўзгармайди.

Келинг, бугун нима учун алифбодаги хатоларни тузатишга эҳтиёж пайдо бўлгани, хатоларни тузатиш қандай натижаларга олиб келишини гаплашиш билан бирга, хавотирларга сабаб бўлган саволларга ҳам жавоб излаймиз.

O‘ ва G‘ муаммоси

Аввало жорий алифбодаги O‘ ва G‘ ҳарфларининг босма ва ёзма кўринишлари фарқланади. Ёзмасида ёнига тескари биртирноқ эмас, устига тўлқинли чизиқ — «тилда» қўйилади.

O‘ ва G‘ ҳарфларини ёзишда биртирноқни тўғри ишлатишни ҳамма ҳам билмайди. Клавиатурада машаққат билан, яъни «Alt+0145» комбинациялашган ҳаракатлар билан чиқариладиган «‘» ўрнига жуда кўп ўринда тутуқ белгиси учун ишлатиладиган «’» символдан фойдаланилади. Мактаб ва бошқа давлат ташкилотларидаги, кўчалардаги стендлар, кўргазмали қуроллар, дўконлар пешлавҳаларини фирмалардаги дизайнерлар тайёрлаб беришади. Уларнинг саводи ҳаминқадар, боз устига, улар ҳам кўпчилик қатори O‘ ва G‘ ҳарфларининг тўғри варианти қандай ёзилишини билишмайди. Шу сабабли стендлардаги ёзувларнинг 99 фоизи хато.

Ҳаттоки мактабда болаларга дарс берадиган ўқитувчилар ҳам бугунги кунда бу символларнинг фарқига боришмайди.

Энг ғалати ва ачинарли томони — ана шундай қусурли ҳарфларнинг бири ватанимиз номида иштирок этмоқда — O‘ZBEKISTON. Ватанимиз номини ёзишда ҳам кўп ҳолларда хатога йўл қўйилмоқда. Мана, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ локомотивларига эътибор беринг.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Оддийгина to‘g‘ri, to‘g‘on деган сўзларда g‘ гўёки икки томондан қўштирноққа олинганга ўхшайди. Энг ёмони, бундай символли ҳарф бирикмаси бутун дунёдаги барча ҳарфларни, ҳатто хитойча иероглифларни ҳам бекам-у кўст қамраб олган UNICODE тизимида йўқ. Тиниш белгиси билан ҳосил қилинадиган бу ҳарфлар ўзбек тили учунгина хос, уникал ҳолат ҳисобланади. Ва бу ҳарфлар доимо иккита символ териш билан амалга оширилади.

O‘ ва G‘ ҳарфларида ишлатиладиган тескари биртирноқни клавиатурада чиқариш осон иш эмас. Alt+0145 тугмалари ёрдамида ёки «o» ёки «g» ҳарфни ёзгач, пробел ташлаб, «’» тугмаси босилса — бизга керакли тескари биртирноқ — «‘» қўйилади ва уни қўйиб олгач, бўшлиқни ўчириб, матн теришда давом этиш керак.

Бундай қилишга эринганлар O‘ ва G‘ ҳарфларини аксарият ҳолларда «O’» ва «G’», «O`» ва «G`» ёки мобил қурилмаларда «O'» ва «G'» кўринишида ёзишади ва хатога йўл қўйишади.

O‘ ва G‘ ҳарфларининг биртирноқ билан ёзилиши ҳэштеглар ишлатишда, замонавий қидирув тизимлари, ахборот ресурсларидан фойдаланишда, луғатлар тузишда катта қийинчилик келтириб чиқармоқда. Чунки компьютер бу ҳарфларнинг нотўғри шаклларини ҳам O‘ ва G‘ сифатида қабул қилиши учун уларнинг барча хато вариантларини луғатга ёки дастурга киритиб чиқиш керак.

Тушуняпсизми? Бир иш 9 карра кўпроқ бажарилади, дегани бу. Ҳозирги ислоҳот туфайли ҳарфлар муайян бир кўринишга келтирилиб, катта бир ноқулайлик йўқ қилинади.

Хуллас, O‘ ва G‘ ҳарфларининг босма шакли ёзма кўриниши билан бирхиллаштирилаётгани лотин имлосида саводи чиққан ёшларимизни мутлақо чалғитмайди, аксинча қулайлик яратади. Чунки аксарият ёшларимиз ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларда аллақачон бу символлардан фойдаланишмоқда.

Sh ва Ch муаммосини бартараф этиш

Айни пайтда ёшларимиз ўртасида Ҳ (h) ва Х (x) ни ўрганишда чалкашлик бор. Шуни важ қилиб, бу икки ҳарфни бирлаштириб юборишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Гарчи, рус графикасига асосланган имлодан фарқли ўлароқ, лотинчада бу товушларга бир-биридан кескин фарқ қиладиган символлар танланган бўлса-да, айрим ёшлар Ҳ (h) дан Sh ва Ch’ни ёзишда фойдаланиб, қолган ўринларда ёппасига «X»ни ишлатишмоқда. Яъни h’нинг вазифаси фақат C ва S ҳарфларига «шерик» бўлиш деб тушунмоқда кўпчилик.

Яна бир ёшлар гуруҳи ижтимоий тармоқларда «Sh»ни ёзишда «W»дан, «O‘»ни ёзишда «6»дан, «Ch»ни ёзишда «4»дан фойдаланмоқда. Чунки қўшҳарф (диграф)лардан фойдаланиш ортиқча вақтни олади. Ёшларимиз бу ҳарфларни ёзишда битта символдан фойдаланишни исташади ва ўзлари аллақачон бу борада «ихтиро» қилиб бўлишган. Уларга мантиқан тўғри ва яхшироқ вариантни тақдим этишимиз лозим.

Тилимизда бошқа туркий тилларга нисбатан «Ш» ва «Ч» товушлари ўта фаол. Бу товушларнинг «Ş» ва «Ç» кўринишида тасвирланиши матннинг, демакким, вақт ва харажатнинг ҳам анчагина қисқаришига олиб келади. Бундай тежамкорлик ўртача бир китобда анчагина саҳифани ташкил қилади.

Келинг, исбот тариқасида юқоридаги хатбошини янги имлода ёзиб кўрамиз:

Tilimizda boşqa turkiy tillarga nisbatan «Ş» va «Ç» tovuşlari õta faol. Bu tovuşlarniñ «Ş» va «Ç» kõrinişida tasvirlanişi matnniñ, demakkim, vaqt va xarajatniñ ham ançagina qisqarişiga ham olib keladi. Bunday tejamkorlik õrtaça bir kitobda ançagina sahifani taşkil qiladi.

Ñ ҳарфини ўзгартиришга зарурат бормиди?

Албатта, бор. «Ng» товуши тилимизда мавжуд, 1-синфда алифбо дарсидаям ўргатилади. Лекин болалар катта бўлган сайин унинг ишлатилиш ўрнини унутиб боришади. Чунки бу товуш яхлит ҳарфда ифодаланмагани учун Ng ҳарф бирикмасини n+g ҳарфлари кетма-кет ишлатилган ўринлардан фарқлай олишмайди.

NG товуши тилимизда анча фаол, кўп ишлатилади. Келинг, давлат мадҳиямиздаги «ñ» ва «n+g» келадиган фарқли ўринларга эътибор қаратамиз:

Кўп лаҳжаларимизда иккинчи шахс кўпликда мурожаат қилишда «нг» товуши сўзлашувда «Й» товушига айланиб кетади.

  • SochiNGiz — sochiyz
  • ishiNGiz — ishiyz
  • qilig‘iNGiz — qilig‘iyz
  • SiNGlim — siynim

Ñ ҳарфининг жорий этилиши ўша сўзлар ёзилишини визуал жиҳатдан ҳам сўзлашувга қарийб яқинлаштиради:

  • Soçiñiz — soçiyz
  • işiñiz — işiyz
  • qiliğiñiz — qiliğiyz
  • Siñlim — siynim

Бир қараганда ҳозир, «Ş», «Ç» ва «Ñ» ҳарфларини ўзгартирмасдан, шунчаки «Õ» ва «Ğ»нинг ўзини ўзгартирса ҳам бўладигандек. Лекин бу ҳолда қачонлардир барибир «Sh», «Ch» ва «ng» ҳарфлари ҳам албатта ўзгартириларди. Яна оворагарчилик, сарф-харажат, энг ёмони вақтдан ютқазиш бўлади. Шунинг учун олимларимиз ҳозирнинг ўзида барча муаммоли ҳарфларни ўзгартириш лозим, деб топишди. Чунки ҳадеб имло ўзгартиравериш ҳам ярамайди. Биратўла яхшироғи ва қулайроғини жорий қилиш керак.

Рус графикасига асосланган имлонинг жорий лотинча имломиз олдидаги бирдан бир ютуғи ҳам «бир товуш — бир ҳарф» принципида ишлашидир. Лекин лотинча имло матнда кириллчага нисбатан 15 фоиз камроқ жой олиши бу кўз юмиб бўлмас факт. Лотинча имломиздаги нуқсонлар бартараф этилса, бу фарқ яна 5 фоизга ошиши турган гап.

Алифбони ислоҳ қилаётган фақат биз эмасмиз

Имлога тузатиш киритиш ўта шармандали ҳолат эмас. Масалан, русларнинг алифбоси ҳам 1917 йилги октябр — давлат тўнтаришидан сўнг ўзгартирилган. «i», «ятъ» каби ҳарфлардан воз кечилган.

Мустақиллик йилларида биз қатори лотинча имлони жорий этган Озарбойжон ҳам, Туркманистон ҳам айрим ҳарфларни ўзгартириб, алифбосига тузатиш киритиб олишган.

Лотинча имлога ўтишга ҳозирлик кўраётган қўшнимиз Қозоғистон эса сўнгги беш йил ичида тўрт марта расмий алифбо қабул қилди. Биздек апостроф қўйиб кўрди, диграфлар жорий қилишди. Ҳеч бири ўзини оқламагач, «Ä», «Ğ», «Ö», «Ş», «Ü», «Ū» ва «Ñ» ҳарфлари бўлган, «бир товушга — бир ҳарф» вариантида тўхталишди.

Ҳозир биз рус графикасига асосланган ўзбек алифбосидан воз кечиб, лотин алифбосига тўлиқ ўтишимиз керакми, демак, уни мукаммал кўринишга келтириб олишимиз шарт. Токи уни барча жабҳаларда ишлатишда қийинчилик вужудга келмасин. Ахир, катта сафарга чиқишдан олдин машинамизнинг ҳам носозликларини тузатамиз-ку!

Жорий алифбомиз айнан ҳарф теришда ва ўқишда ноқулайлиги, сўзни бехато ёзиб бўлмаслиги туфайли депсиниб, «юриб кетолмай» турибди.

Одамларнинг ҳадиги нимада?

Баъзилар, алифбо алмашса, давлат зиммасига миллиардлаб харажатлар тушиши ҳақида гапирмоқда. Эринмаганлар барча диплом, паспорт, туғилганлик ва ўлганлик ҳақидаги гувоҳномалар алмашади ва бунга фалон пул кетади, деб жар солишмоқда.

Бу энди бекор гап. Ҳеч ким тузатилган алифбо қабул қилинган заҳоти барча ҳужжатлар ўзгартирилсин, деган талабни қўяётгани йўқ. Эски ҳужжатлар муддати ва вақт-соатига қараб ўзгартирилаверади. Янги қабул қилинаётган ҳужжатлар эса тузатилган алифбода чоп этилаверади. Тегишли режа, йўл харитасига мувофиқ, ишонаверинг, ҳаммаси силлиқ ва оғриқларсиз бўлади.

Қолаверса, ҳозир ҳам ўзимиз СССР вақтида берилган, рус ёзувида тўлдирилган диплом-у гувоҳномалардан фойдаланиб юрибмиз-ку? Ҳеч ким бизни алмаштиришга мажбурлагани йўқ-ку?

Айримлар дарсликларни гапирмоқда. Шундоқ ҳам дарсликлар ҳар уч йилда янгиланади, ҳар йили қайта чоп этилади. Секин-асталик билан, 7–8 йилда барча дарсликлар тузатилган алифбода бўлади.

Китобларни эса ўқийман деган китобхон аввалги имлода бўлса ҳам ўқийверади. Алифбодаги 25 та ҳарф ўзгармаяпти. Ҳозир ёшларимиз мутлақо бошқа имло — кириллчадаги эски китобларни ҳам бемалол ўқишмоқда-ку. Наҳотки, улар 85 фоизи бир хил бўлган лотинчани ўқишда чалкашишса?

Яна кимдир ёзувдаги янгиланган ҳарфлар хорижлик сайёҳларга чалкашлик келтиради, деган «емаган» ва кулгили важларни келтирмоқда. Биринчидан, алифбо — юртимизга уч кунга келиб кетадиган хорижликлар учун эмас, шу заминда абадий яшовчи ўзбеклар учун. Ҳозирги алифбода ёзилган SEX ва GO‘SHT хорижликларни кўпроқ кулдирмоқда.

Қолаверса, барча зиёратгоҳларда WTO талабига кўра инглиз ва рус тилларида кўрсаткичлар қўйилган, зиёратгоҳларга кираверишда ёзувлар такрорланган. Бутун дунёдан сайёҳлар ёпирилиб борадиган Туркияда чалкашмаган хорижлик сайёҳлар келиб-келиб бизда чалкашадими?

Дарвоқе, бу алифбони Туркиядан кўчирма, деяётганлар ҳам бор. Биринчидан, бу каби алифбодан 1940 йилгача ўзбек халқи фойдаланган. Араб имлосидан кейин айнан шунга яқин алифбони Абдулла Қодирий, Чўлпон боболаримиз ишлатишган. Ҳозир мозийга қараб иш кўриляпти. Бу эса хайрли амал.

Аввало, Ватан тараққиёти, жумладан, миллат саводхонлиги, имломиз мукаммаллиги учун жон куйдириб, алалоқибат «халқ душмани» дея қатл этилган Абдурауф Фитрат, Элбек, Боту сингари маърифатпарвар боболаримизнинг қутлуғ хотираси учун миллий алифбомизни тузатиб, тезроқ жорий қилишимиз керак.

Фото: Wikimedia Commons

Алифбодаги тузатишларга қаршилар 1940 йилда сиёсий босим билан жорий этилган рус графикасига асосланган ўзбек алифбоси тарафдорларидек тутишмоқда ўзларини. Гўё лотин алифбоси ҳеч қачон тўкис ҳолга келмасин-у, биз бемалол рус графикаси базасидаги алифбодан фойдаланиб юраверайлик, деяётгандек.

Фото: Wikimedia Commons

«Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин»

Алифбо — тор доирадаги мутахассислар кўриб чиқадиган илмий масала. Худди иқтисод, медицина фанига тааллуқли масалалар каби. Кенг жамоатчиликнинг жўяли фикри ҳам ҳисобга олиниши керак, албатта. Ёзувда муттасил муаммо туғдираётган хатолардан воз кечиш фурсати аллақачон пишиб етилгани рад этиб бўлмас ҳақиқат. Уларнинг оғриғи ва давосини бошқалардан кўра мутахассислар яхшироқ билишади.

Инкор этмаслик керак, алифбодаги хатоларга тузатиш киритилса, маълум муддат давомида қўшимча харажатлар талаб қилиши мумкин. Лекин бу хатолар зудлик билан тузатилмаса ва алифбо шу ҳолича қолса — доимий ва муттасил харажатларга сабаб бўлаверади. Хатолар авж олаверади ва бланк, стенд, пешлавҳа ва бошқа битиклардаги хатоларни тўғрилаш учун қўшимча харажатлар талаб қилинаверади.

Буни тўғри англаган ҳолда, жорий лотинча имломиздаги хатоларни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни олқишлашимиз керак. Мен журналист ва блогерлардан бу хайрли ишнинг моҳиятини тарғиб қилишни илтимос қилиб қоламан. Депутатларимиздан эса қонун лойиҳасини тасдиқлашни сўраб қоламан.

Зеро, давлатимиз раҳбари бундан икки йил олдин – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали тадбирда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масаласини бежиз алоҳида таъкидламаган эди.

«...Дарсликлар, қиёсий ва турли соҳаларга оид луғатлар, иш юритиш ва сўзлашув қўлланмалари нашр этиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, бу тизимга тўлиқ ўтиш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак»,деган эди президент.

Ўтган давр мобайнида бу борада салмоқли иш амалга оширилди. Бугун ҳукумат барча жабҳаларда лотин имлосига асосланган алифбога тўлиқ ўтишни мўлжалламоқда. Тўлиқ лотинчага ўтиш учун эса, аввал уни тузатиб, нуқсонлардан холи қилишимиз шарт.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид