Ўзбекистон | 21:42 / 18.05.2023
8130
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЕТТБ маблағлари асосида 15 та мактаб қурилади 

Лойиҳанинг капитал қиймати 55-75 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 

Фото: Yandex Maps

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ЕТТБ ўртасида уч томонлама техник ёрдам бериш шартномаси имзоланди. 

Ҳамкорлик доирасида республика ҳудудларида босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик асосида янги давлат умумтаълим мактаблари фаолиятини йўлга қўйилиши, уларга хусусий шериклар томонидан хизмат кўрсатилиши ва таъмирланиши ҳамда бугунги кунда фаолият юритаётган давлат умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. 

Жараённинг дастлабки босқичида ЕТТБ мутахассислари томонидан грант олиш ва маслаҳатчиларни ёллаш бўйича ички таҳлиллар ўтказилган ҳамда Наманган ва Фарғона вилоятида 15 та мактаб қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг капитал қиймати 55-75 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 

Қайд қилинишича, президент фармонига кўра, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022-2024 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг соҳалар кесимидаги «йўл харитаси» тасдиқланган. Унинг тегишли бандларига асосан, масъул вазирлик ва идоралар олдига ЕТТБ кўмагида давлат-хусусий шериклик шартларида умумтаълим мактабларини халқаро стандартлар бўйича реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этиш бўйича зарур вазифалар белгилаб берилган. 

Мавзуга оид