Ўзбекистон | 12:32 / 29.03.2024
24455
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилиши битмаган бинонинг бетон бўлакларидан бири қулаб тушди

Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси Қушбеги кўчасида қурилаётган кўп қаватли уй деворлари шамол натижасида қулаб тушгани ҳақида билдирилган мурожаат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Видеодан кадр

Қайд этилишича, ҳолат Тошкент шаҳри Яккасарой тумани КҲАЙ кўчаси 2/1-уй манзилида жойлашган, ертўлага эга саккиз қаватли офис ва умумовқатланиш биноси қурилишида содир бўлган.

Ҳудудий инспекция томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, қурилиш-монтаж ишларининг кўп йиллар давомида молиявий сабабларга кўра тўхтатиб турилгани ва ҳозирда объектда қурилиш ишларини давом эттиришга тайёргарлик кўриш жараёнлари кечаётгани аниқланган.

Ёлланма ишчилар томонидан объект деворларини демонтаж қилиш пайтида эҳтиётсизликка йўл қўйилиши оқибатида бетон бўлакларидан бири қурилиш майдонидан ташқарига тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа ва қурилишда техника хавфсизлиги талаблари асосида олиб борилиши бўйича масъул шахсларга тегишли кўрсатма ва тушунтиришлар бериб ўтилган.

Мавзуга оид