18:12 / 30.10.2020
11342

ДТМ кириш тестларида максимал балл йиғган абитуриентлар кўп бўлганига изоҳ берди

30 октябрь куни АОКА биносида Давлат тест маркази раҳбарияти иштирокида «2020/2021 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун ўтказилган тест синови якунлари, таҳлил ва хулосалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда марказ директори ўринбосари Сардор Ражабов жорий йилги тест синовлари натижаларига кўра максимал балл тўплаган абитуриентлар сони кўпайиб кетгани юзасидан ҳам изоҳ берди.

«Ҳа, бу йил максимал ва тенг балл тўплаганлар сони кескин ошган. Ҳисоб-китобларга кўра, максимал балл йиғганлар сони 930га яқинни ташкил қилди. 

Юридик университетда максимал балл тўплаганлар сони кўплигига келсак, (бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда юридик университетга ҳужжат топширган 400 нафар абитуриент бирданига 189 балл тўплагани ҳақида хабарлар ва тест саволларининг суратлари тарқалди – Таҳр) бу бўйича ижтимоий тармоқларда шундай абитуриентлар сони 400га яқин деган гаплар чиқди, лекин бу университетда 400та эмас 50га яқин шундай ҳолат кузатилди. 

Сардор Ражабов

Абитуриентлар орасида максимал балл тўплаганлар сони ошиб кетишига бир қатор сабаблар бор. Бу ерда биринчи сабаб тест саволлари даражасининг осонлаштирилгани. Бу айнан ота-оналардан бўлган эътирозлардан кейин қилинган иш.

Иккинчидан, биласиз, бу йил тест саволларини ечиш учун бериладиган вақт кўпайтирилди. Яъни, ўтган йили битта фан саволларини ечиш учун 1 соат вақт берилган бўлса, бу йил 1.5 соат вақт берилди. 

Учинчидан, бу йил Давлат тест маркази томонидан e-Sinov тизими ишга туширилди. Бунда умумий саволларнинг 20 фоизи шу тизимда чиққан саволлар эди», – дея марказ директори ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top