Ўзбекистон | 14:08 / 18.03.2020
10353
7 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида рақамли технологиялар кенг жорий этилади - Президент қарори

Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари қабул қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Рақамли Тошкент” комплекс дастурини амалга ошириш бўйича таклифига розилик берилди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи “Рақамли Тошкент” комплекс дастури:

2020-2021 йилларда жорий этиладиган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар рўйхати;

“Рақамли Тошкент” комплекс дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

2020 йилда телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати;

2021-  2023 йилларда истиқболли ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди.

Дастурнинг асосий вазифаси этиб шаҳар хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш, йўл транспорт ва коммунал инфратузилманинг интеграциялашган ахборот муҳитини яратиш ва кейинчалик муваффақиятли тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида татбиқ этиш белгиланди.

Дастурга асосан 2020 йилда қуйидагилар амалга оширилади:

1 майга қадар авиа, темир йўл ва бошқа транспорт хизматларига электрон чипталарни онлайн сотиб олиш ягона ахборот тизимини жорий этиш;

1 сентябрга қадар барча умумтаълим мактабларида журнал ва ўқувчиларнинг кундаликларини қоғоз шаклида юритишни бекор қилиш ҳамда уларни электрон тарзда юритишга мўлжалланган ягона ахборот тизимини ишга тушириш;

1 ноябрга қадар коммунал хизматлар (табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқ сув) бўйича тўловларни онлайн тўлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи “Менинг уйим” ягона ахборот тизимини жорий этиш;

1 декабрга кадар “Ягона электрон тиббий карта” ахборот тизимини жорий этиш ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига 62 та оилавий поликлиникани улаш.

Қуйидагилар:

а) Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида масъулияти чекланган жамияти шаклида Рақамли ривожланиш департаменти ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

шаҳарнинг географик ахборот-таҳлил тизимини яратиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини, маълумотлар базаларини ва бошқа ахборот манбаларини ягона дастурий платформа орқали Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

Дастурнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот тизимларида маълумотларнинг ҳимояси ва сақланишини таъминлаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш;

ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни тижоратлаштириш, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг кредитлари ва грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилиш;

б) Департамент тузилмасида тармоқ Лойиҳа офислари ташкил этилди ва уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг концепциялари, лойиҳа ва техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлардаги ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларга хизмат кўрсатиш;

шаҳар хизматларининг рақамли маълумотларини бирхиллаштириш ва уларнинг Дастурга интеграциялашуви, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларида ягона идентификатор ва таснифлагичларни жорий қилиш ҳамда улардан фойдаланиш;

в) Департамент ҳузурида “Рақамли пойтахт” ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

шаҳар хизматларида ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш;

шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришда тизимли муаммоларни аниқлаш, шаҳар хизматлари самарадорлигини ошириш ва умуман, шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидаги йиғимлар ва жарималар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади:

а) тўлиқ миқдорда:

Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) ҳуқуқи учун ойлик йиғим, ташқи реклама объектлари учун реклама жойлари паспортларини беришдан тушадиган маблағлар ҳамда ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи учун электрон аукцион якунлари бўйича тўланган маблағлар (аукцион савдоларини ўтказганлик учун савдо ташкилотчисига тўланадиган маблағ чегириб қолинган ҳолда);

Тошкент шаҳрида ташкил этилган йўл четида пуллик вақтинча автомобил тўхтаб туриш жойларида тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун жарималар;

б) Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг 80 фоизи, қолган 20 фоизи эса - Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ижро аппарати тузилмасига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳоким ўринбосари - Департамент раҳбари лавозими киритилди.

Белгиланишича, вазирликлар ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ўринбосарлари Департамент ва Лойиҳа офислари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун шахсан жавобгардир.

Белгилаб қўйилишича, Дастур доирасида:

Лойиҳаолди ўрганишлар, лойиҳани амалга ошириш бўйича концепция ва техник топшириқларни ишлаб чиқиш Лойиҳа офислари томонидан амалга оширилади;

Лойиҳа-техник ҳужжатларининг экспертизаси фақат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан ўтказилади;

Ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларни ва интеграторларни жалб қилиш, улар билан шартномалар тузиш Департамент томонидан танлов орқали амалга оширилади;

Департамент ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва интеграторлар билан 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда лойиҳалар бўйича Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари ўртасида танлов ўтказиш йўли билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

а) 2020 йил 1 сентябрдан ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдирлар:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона технологик ечимлар, таснифлагичлар ва стандартлардан фойдаланиш:

дастурий маҳсулотларни жорий этишда асосан лнцензиялаш чекловларидан холи ягона очиқ форматдаги электрон ҳужжатлардан фойдаланишни таъминлаш;

тасдиқланган тегишли миллий стандартлар ва техник талабларга мувофиқ аппарат-дастурий тизимларни ўрнатиш;

б) 2020 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборотни шакллантириш, сақлаш ва қайта ишлаш фақат қуйидаги ноёб идентификаторлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

жисмоний шахслар - жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

юридик шахслар - солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

кўчмас мулк - кадастр рақами;

манзиллар - географик код;

транспорт воситалари - транспорт воситасининг идентификация рақами.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2020 йил 1 майга қадар шаҳар инфратузилмасининг ҳолати, давлат хизматларининг сифати ва аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун “Халқ назорати” портали ва мобил иловасини ишга туширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид