Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таълим инспекцияси бошлиғи: Мақсадимиз – Ўзбекистонда берилган дипломларнинг халқаро миқёсда тан олинишига эришиш
Таълим инспекцияси бошлиғи Ўзбекистон дипломларининг хорижда тан олинишидаги асосий муаммо ҳақида гапирди.
Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикасининг «Осиё ва Тинч океани минтақасида олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисида»ги ЮНEСКО конвенциясига аъзо бўлишига бағишланган юқори даражадаги онлайн маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, ЮНEСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, ЮНEСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси Таълим бўйича бюроси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш жараёни йилдан йилга соддалаштириб борилаётганини таъкидлади.
«Таълим инспекциясининг асосий мақсадларидан яна бири хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишни соддалаштириш ҳамда халқаро мезонлар даражасига олиб чиқишдан иборат», – деди Улуғбек Тошкенбоев.
Инспекция раҳбари ушбу мақсад доирасида қатор ишлар амалга оширилганини қайд этиб ўтган.
Хусусан, фуқароларнинг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш учун аризалар бериш ва гувоҳномаларни олиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилгани, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилгани таъкидлаб ўтилган.
Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан тўғри, яъни махсус синовларсиз тан олиниши бўйича белгиланган кўрсаткичлар сони оширилган. Хусусан, халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500талик 1000таликка кенгайтирилган.
Халқаролашув ва талабалар мобиллиги талабларига мос равишда Россия Федерацияси, Беларус Республикаси билан таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисида ҳукуматлараро Битим имзоланган.

Улуғбек Тошкенбоевга кўра, таълим ҳужжатларини тан олиш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги муаммолардан бири Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими тўғрисида очиқ маълумотларнинг етарли эмаслигидир.
«Очиқ ахборот тизимини яратиш Ўзбекистон ёшларининг ва профессор-ўқитувчиларининг мобиллигини оширади, хорижий давлатларда таълим олиш бўйича муаммоларнинг ва бюрократик тўсиқларнинг барҳам топишига олиб келади.
Миллий таълим тизимининг халқаро ҳамжамиятга интеграциясини ҳамда таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш мақсадида ЮНEСКО билан ҳамкорликда Миллий ахборот маркази ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.
Токио конвенцияси матни ўзбек тилига таржима қилинди, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва манфаатдор вазирлик ва идоралар ходимлари Концепция мазмун-моҳиятини синчковлик билан ўрганди, яъни бу борада бошланғич қадамлар қўйилган.
Жумладан, аккредитацияланган олий таълим муассасаларининг электрон платформаси яратилди. Бу орқали ҳар бир таълим муассасаси ва улардаги таълим дастурларининг аккредитациялангани ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда олиш мумкин.
Ҳозирда Таълим инспекциясида ЮНEСКО ва хорижий экспертлар билан биргаликда Глобал конвенция, Лиссабон конвенцияси, Токио конвенцияси каби ҳужжатларнинг талаблари ўрганиб чиқилмоқда ва халқаро кўп томонлама шартномаларга қўшилиш бўйича тажрибалар ўрганилмоқда.
2020 йилда Таълим инспекцияси Европа олий таълим сифатини таъминлаш ассоциациясига (ENQA) кузатувчи сифатида қабул қилинди.
Келажакда бизнинг мақсадимиз ENQA’га тўлақонли аъзо бўлиш, EQAR регистрига кириш, халқаро конвенцияларга қўшилиш орқали Ўзбекистон университетлари томонидан берилган дипломларнинг халқаро миқёсда тан олинишига эришишдир», – деди инспекция бошлиғи.
Мавзуга оид
18:20 / 22.01.2022
Масофавий таълим сифати инспекция томонидан мониторинг қилинади – Улуғбек Тошкенбоев
15:18 / 11.05.2021
Таълим инспекцияси бошлиғи чет тилини ўқитишдаги 3та асосий муаммони айтди
10:11 / 11.03.2021
«Финляндия ўқув дастурлари ўрганилмоқда» — Улуғбек Тошкенбоев
20:04 / 09.03.2021